Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташкил этилди

Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташкил этилди

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги негизида Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташкил этилади. Бу Президентнинг «Ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида кўзда тутилган.

Ҳужжатга мувофиқ:

Қорақалпоғистон матбуот ва ахборот агентлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар матбуот ва ахборот бошқармалари негизида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармалари;

Юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси;

Матбуот ва ахборот агентлигининг Оммавий коммуникациялар соҳасида мониторинг маркази негизида Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича маркази ташкил этилади.

Тошкент матбаа-ноширлик касб-ҳунар коллежи, унинг номини Ноширлик-матбаа фаолияти соҳасида мутахассисларни тайёрлаш касб-ҳунар коллежига ўзгартирган ҳамда амалдаги молиялаштириш тизимини сақлаб қолган ҳолда агентлик тасарруфига ўтказилади.

Агентликнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

Фуқароларнинг сўз ва ахборот эркинлигига доир конституциявий ҳуқуқларининг рўёбга чиқишини таъминлаш, мамлакатни ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ривожлантиришда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш, медиа-бозорда улар учун тенг шароитлар яратиш, шунингдек, журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;

Оммавий ахборот воситалари, матбуот, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолиятининг ривожланишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни таъминлаш, шунингдек, инвестициялар жалб этиш ва давлат-хусусий шериклик шартлари асосида лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай шарт-шароитларни шакллантириш;

Ахборот соҳасидаги қонун ҳужжатларини қўллаш амалиётини умумлаштириш, оммавий ахборот воситалари, матбуот, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолиятининг ривожланишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини илгари суриш ва ишлаб чиқиш;

Давлат органлари ва бошқа ташкилотларга улар фаолиятининг очиқлигини таъминлашда, давлат хизматчиларига оммавий ахборот воситалари билан очиқ, оммавий ўзаро ҳамкорлик қилиш маданиятини сингдиришда, шу жумладан, уларнинг матбуот хизматлари (жамоатчилик билан ишлаш бўйича бўлинмалари) фаолиятини мувофиқлаштириш ва услубий жиҳатдан таъминлаш орқали кўмаклашиш;

Китоб нашр этиш, электрон ва аудио китоблар яратиш, китоб мутолааси маданиятини ошириш, хорижда ўзбек адабиётини оммалаштириш соҳасида дастурий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва уларнинг амалга оширилишини таъминлаш;

Журналистлар ҳамда оммавий ахборот воситалари, матбуот, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона корхоналари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, тармоқнинг муҳандислик-техник мутахассисларини тайёрлашда кўмаклашиш, уларнинг ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш;

Республика ахборот хавфсизлигини таъминлашда иштирок этиш ҳамда ахборот соҳасидаги хатар ва таҳдидларга қарши ўз вақтида ва муносиб равишда курашиш чораларини кўриш. (манба:daryo.uz)

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

You may use these <abbr title="HyperText Markup Language">HTML</abbr> tags and attributes: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>