Зоминда янги «Оқмарал» меҳмонхонаси ишга туширилди

Зоминда янги «Оқмарал» меҳмонхонаси ишга туширилди

Жиззах вилояти Зомин туманида сайёҳлар учун яна бир қулайлик яратилди. Ҳудуддаги Ўриклисой қишлоғида «Соф марварид уммони» масъулияти чекланган жамияти томонидан 40 ўринли «Оқмарал» меҳмонхонаси қуриб фойдаланишга топширилди, бу ҳақда ЎзА хабар қилади.

Ушбу меҳмонхонани қуришда тадбиркорнинг 4 миллиард сўм ўз ва 3 миллиард сўм тижорат банки кредит маблағи сарфланди. Замонавий лойиҳа асосида қурилган меҳмонхонада 2—3 кишилик ва оилавий яшашга мўлжалланган хоналар бор.

Янги меҳмонхона очилиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда туман ҳокимлиги, туристик ташкилотлар, жамоатчилик вакиллари, меҳмонлар иштирок этди.

«Меҳмонхона хушманзара табиат қўйнида жойлашгани менга манзур бўлди. Бу ердаги табиатнинг гўзал манзараси, мусаффо тоғ ҳавоси кишига ҳузур бағишлайди. Меҳмонхонада дам олиб ҳордиқ чиқариш учун барча қулайликлар яратилибди», — дейди Қирғизистон Республикаси Бишкек шаҳридан келган меҳмон Жаннат Шайназарова.

Меҳмонхона ишга тушиши билан 31 киши иш билан таъминланди.

Туманда сайёҳларни қизиқтирадиган тарихий-археологик, экотуристик манзиллар кўп. «Зомин» халқ боғи, «Зомин» қўриқхонаси экотуризм ишқибозлари учун қизиқарли манзиллар ҳисобланади.

Тумандаги тоғ ўрмонларда ноёб ўсимликлар, ҳайвон ва қуш турлари мавжуд. Ҳудуд этнографияси ва аҳолининг ўзига хос урф-одат ва анъаналари ҳам ҳудуд сайёҳлик жозибадорлигини оширади. (манба:daryo.uz)

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

You may use these <abbr title="HyperText Markup Language">HTML</abbr> tags and attributes: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>