“ИНСОФГА БАРАКА”

“ИНСОФГА БАРАКА”

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишда маълум меъёрларга амал қилиш доимо долзарб масала саналиб келинган. Айниқса, бу борада айрим фуқароларимизнинг керагидан ортиқ дабдабаларга берилиши жамиятимизнинг энг оғриқли муаммоларидан бири саналади.

Куни кеча Шаҳрисабз туман ҳокимлигининг мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Сенати ва Қонунчилик палатаси Кенгашларининг “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Қўшма қарорининг ижросини таъминлашга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда 4 та сектор раҳбарлари яъни Шаҳрисабз тумани ҳокими Исроил Аманов, Шаҳрисабз туман прокурори Хамза Бабаджанов, туман ички ишлар бўлими бошлиғи Олим Тожиев, туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Шавкат Қурбонов, туман ҳокимининг мутасадди ўринбосарлари, бўлим бошлиқлари, жамоат ташкилотлари, Ўзбекистон мусулмонлар идораси Шаҳрисабз туман вакиллиги масъул ходимлари, маҳалла фуқаролар йиғинилари фаоллари, отинойлар, ҳожи ота ва ҳожи оналар иштирок этишди.

Йиғилишда юқоридаги қарорнинг ижросини таъминлаш борасида амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар хусусида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Исломиддин Аброров маъруза қилди.

— Қайд этиш жоизки, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар билан боғлиқ муаммолар юртимизда бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ, — дейди Исломиддин Аброров. — Бундан бир аср аввал маърифатпарвар алломаларимиз халқимиз тараққиётига ғов бўлаётган бу иллатлар ҳақида сўз юритишган. Шу ўринда, Беҳбудий таъбири билан айтганда, “Тўй ва аза исмидаги бу икки қаттол душман ҳаётимизга эгов, оёғимизга тушов бўлиб келаётгани бор гап”. Бу аллома 1915 йилда “Ойна” журналида нашр этган мақоласида “Тўй ва таъзияга сарф қилинатурғон оқчаларимизни биз, илм ва дин йўлиға сарф этсак, оврупойилардек тараққий этармиз ва ўзимиз-да, динимиз-да обрўй ва ривож топамиз. Йўқ, ҳозирги ҳолимизға давом этсак, дин дунёға зиллат ва мискинатдан бошқа насибамиз бўлмайдур” деганлар.
Кўриниб турибдики, тўй-ҳашам, ортиқча дабдаба, исрофгарчилик каби ҳолатлар асрлар давомида бизни тараққиётдан ортга тортиб келяпти.


Тўй ва маъракалар билан боғлиқ салбий ҳолатларнинг тобора авж олиши минг-минглаб оилаларнинг нафақат ижтимоий аҳволига, балки бутун ҳаётига, қолаверса, жамиятимизда қарор топган маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Ортиқча сарф ҳаражатлар, дабдабабозлик жамиятда ижтимоий тенгсизликни, табақалашишни бўрттириб кўрсатаяпти ва бу ўз-ўзидан аҳоли орасида норозилик кайфияти кучайишига сабаб бўлади.
Мазкур ҳолатларга чек қўйиш, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, жамиятда ижтимоий адолатни таъминлаш, аҳоли, айниқса, ёшларда тежамкорлик маданиятини шакллантириш мақсадида оилавий тадбирларни қатъий тартибга солишни даврнинг ўзи тақозо этди.

Шу боис, кенг жамоатчилик таклиф ва талаби асосида Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси Кенгашларининг юқоридаги қарори қабул қилинди.
Ушбу қарорга кўра, “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги Низом тасдиқланди ва у 2020 йилнинг 1 январидан кучга киради.
Низомга кўра, оилавий тадбирлар фақат бир кун соат 06:00 ва 23:00 оралиғида ўтказилади. Дафн этиш маросими бундан мустасно.
Ҳудудларнинг шароитларидан келиб чиқиб, халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари томонидан ош бериш маросимининг вақти алоҳида белгиланиши мумкин.
Соат 23:00 дан кейин оилавий тадбирларни давом эттиришга йўл қўйилмайди.
Оилавий тадбирларда 200 нафаргача, мазкур тадбирлар муносабати билан ош бериш маросимида 250 нафаргача киши қатнашади.
Қўшалоқ тўй-ҳашамларда 250 нафаргача, у билан боғлиқ ош бериш маросимида 300 нафаргача киши қатнашиши мумкин.
Тўй-ҳашамларни ўтказувчи шахслар тадбирларни ўтказишдан камида бир хафта олдин яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини хабардор қилиши шарт.

Шунингдек, никоҳни давлат рўйхатидан ўтказиш, келин-куёвнинг тўйхонага келиши ва кетиши билан боғлиқ оилавий тадбирларда 3 тадан кўп бўлмаган енгил автомашинадан ёки жамоат хавфсизлига таҳдид солувчи бошқа траспорт воситаларидан фойдаланишга рухсат этилмайди.
Оилавий тадбирларда (дафн этиш маросимидан ташқари) пулли автотранспорт хизмати лицензияга эга бўлмаган ташувчилар томонидан кўрсатилишига йўл қўйилмайди, тўй эгаларининг шахсий автомашиналаридан ҳамда ҳомийлар ёрдамида жалб этилган автотранспорт воситаларидан фойдаланилган ҳоллар бундан мустасно.
Маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигига путур етказмаслик, жамиятда шаклланган одоб аҳлоқ қоидаларига қатъий амал қилиш зарурлиги белгилаб қўйилди.
Оилавий тадбирларда диний мавзуда маъруза қўзда тутилган бўлса, ушбу маъруза дин идорасининг ваколатли вакили томонидан ўқилади.
Миллий анъаналарга ёт, одоб-аҳлоқ, қоидаларига зид бўлган турли шоуларни, ортиқча вақт ва харажат талаб қиладиган оилавий тадбирлардан олдинги, тадбир давомидаги ва ундан кейинги қўшимча расм-русумларни (“келин навкари”, “чорлар”, “ота кўрди”, “сеп ёйди”, “қуда чақирди”, “куёв чақирди”, “келин чақирди”, “тоғора юбориш” ва ҳоказоларни) ўтказишга йўл қўйилмайди.
Дафн этиш ва мотам маросимлари билан боғлиқ ортиқча тадбирларни (“етти”, “пайшанбалик”, “якшанбалик”, “йиғирма”, “қирқ”, “ҳайит”, “йил оши”, “пул тарқатиш”, “мато улашиш” ва ҳоказоларни) ўтказишга рухсат берилмайди.
Тўйхона, кафе ва ресторанларда 50 нафар ва ундан ортиқ шахслар иштирокида оилавий тадбирлар ўтказиш учун тадбир ўтказувчи шахс ҳамда тўйхона, кафе ва ресторан раҳбари ўртасида шартнома тузилади.
Оилавий тадбирларда санъаткорлар (хонанда, созанда, раққоса, бошловчи, сўз устаси, фотограф ва бошқалар) қонун ҳужжатларига мувофиқ шартнома асосида хизмат кўрсатади.
Оилавий тадбирларда икки нафардан ортиқ хонанданинг (гуруҳнинг) хизмат кўрсатишига йўл қўйилмайди.
Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнниг хотирасига бағишланган тадбирларни мувофиқлаштирувчи Республика комиссияси ва ҳудудий комиссиялар, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Республика “Нуроний” жамғармаси, Маънавият ва маърифат маркази, Хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ҳудудий бўлинмалари ўз ваколатлари доирасида оилавий тадбирлар ўтказилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича масъул ҳисобланади.
Маҳаллий ҳокимликлар, прокуратура, ички ишлар, солиқ ва ФҲДЁ органлари оилавий тадбирларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтказилиши устидан таъсирчан назоратни амалга оширади.


Ички ишлар органлари оилавий тадбирларни ўтказишга оид қонун ҳужжатлари талабига туйхона, кафе ва ресторанларда риоя этилишини назорат қилади ҳамда ушбу талаблар бузилганлиги аниқланган ҳолатда тегишли шахсларни жавобгарликка тортиш чораларини кўради.
Тўйхона, кафе ва ресторанлар маъмурияти режалаштирилаётган оилавий тадбирлар ҳақида ушбу тадбирлар ўтказилишдан камида икки кун олдин тегишли ҳудуддаги ички ишлар органига ёзма равишда хабар бериши лозим.
Республика комиссияси ва ҳудудий комиссиялар, бошқа жамоат ташкилотлари, маҳаллий Кенгашлар ўз ваколатлари доирасида ушбу Низомга амал қилинмаган ҳолатлар юзасидан тегишли жазо чораларини кўриш учун ваколатли органларга таклифлар киритади.
Низомда белгиланган талаблар ижроси тўлиқ таъминланиши назоратга олинса, шубҳасизки, тўй ва бошқа маросимларимиз мақсадга мувофиқ ихчам ўтади.
Ўзи аслида туйдан мақсад янги оила қурилгани ҳақида яқинларга маълум қилишдан иборат. Тўй бу соғлом ҳаётга қўйилган қадам, кичик ватан қурилгани ҳақида маълумот. Яқинлар дийдорига тўйиш, деган маънода ҳам қўлланилади, албатта. Лекин бугунги исрофгарчиликлар, кўр-кўрона дабдабалар жондан тўйдириш даражасига етяпти.
Мана шундай салбий ҳолатларга барҳам бериш учун ҳам Қарор ва у билан тасдиқланган Низом ижросини таъминлашга ҳам биримиз ҳисса қўшишимиз зурур.

Ушбу масала юзасидан сўзга чиққан Шаҳрисабз тумани ҳокими Исроил Аманов юқоридаги Қарор ва Низом талабларини фуқаролар йиғинилари раислари аҳоли ўртасида кенг ишлаб чиқиши, унинг мақсад ва моҳиятини ҳар бир ота-оналар, ёшлар онгига чуқур сингдиришлари кераклигини таъкидлаб ўтди. Айниқса, энг аввало, кўпни кўрган нуроний отахон ва онахонларимиз, ҳожиларимиз бу борада ёшларимизга ибрат бўлишиб, тўғри маслаҳатлар беришса мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлади.
Халқимизда “Инсофга барака” деган ажойиб нақл бор. Ҳар бир тўй, оилавий тадбир, маърака ва маросимлар бўладими, инсоф доирасида қилинса, Яратганга ҳам ҳуш келади. Бу билан биз ёнимиздаги инсонларнинг ҳурмат эътиборини қозонган бўламиз.

Сарварбек Примов
Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари