ОИЛАДА МАЪНАВИЙ МУҲИТ БАРҚАРОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШГА ҚАРАТИЛДИ

ОИЛАДА МАЪНАВИЙ МУҲИТ БАРҚАРОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШГА ҚАРАТИЛДИ

Жорий йилнинг 21 январь куни Шаҳрисабз тумани ҳокимлигининг катта мажлислар залида туман ҳокими Исроил Аманов бошчилигида барча сектор раҳбарлари туман хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман Кенгаши, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши, туман ИИБ профилактика инспекторлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларининг туманда хотин-қизларнинг ўрни, бу борада амалга оширилган ишлар, ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятчиликни олдини олишга қаратилган ишлар натижадорлиги, ажрим ёқасида турган оилалар билан ишлашда яраштириш комиссияларининг фаолияти, одам савдосига қарши курашда амалга оширилаётган ишлар кўлами юзасидан хисоботлари эшитилди.

Дастлаб, туман ҳокимининг ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Шахноза Джалилова сўзга чиқиб, хотин-қизлар ўртасидаги салбий ҳолатлар жиноятчилик ва ажрим масалалари бўйича ўз хисоботини ўқиб эшиттирди.

— Туманимизда хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликка эътиборимизни қаратадиган бўлсак, ўтган 2018-2019 йилларда жиноятчилик сони камайганини айтиб ўтишим жоиз, — дейди Шахноза Джалилова. – Бунда 2018 йилда аёллар ўртасида 17 та жиноят содир этилган бўлса, 2019 йилга келиб эса бу кўрсаткич 15 тани ташкил этади. Бундан ташқари оилаларнинг бузилиши билан боғлиқ муаммолар таҳлил қилинганида оилавий ажримга асосан, ёш йигит-қизларнинг ҳаётга тайёр эмаслиги, уларнинг ҳаётига учинчи шахснинг аралашуви, фарзандсизлик, оилавий келишмовчилик, ичкилик ва оиладаги нотинчлик, миграция ҳамда моддий етишмовчиликлар сабаб бўлмоқда.

Шундан сўнг, тумандаги барча маҳалла фуқаролар йиғинининг жиноятчилик, одам савдоси бўйича олиб борган ишлари, оилавий ажримларни олдини олишда бу борада яраштириш комиссияларининг фаолияти атрофлича ўрганилди.

Йиғилиш сўнггида туман ҳокими Исроил Аманов, туман прокурори Хамза Бабаджанов, туман ички ишлар бўлими бошлиғи Олим Тожиев, туман Солиқ инспекцияси бошлиғи Шавкат Қурбоновлар кун тартибидаги масалалар юзасидан ўз муносабатларини билдириб ўтишиб, жорий йил давомида ушбу салбий ҳолатларни тўла қонли бартараф этиш юзасидан туманда ҳар бир сектор кесимида чора-тадбирлар дастури белгиланишини маълум қилишди.

Сарварбек Примов

Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари