ТАРТИБ-ИНТИЗОМГА БАРЧА РИОЯ ЭТИШИ ШАРТ

Яқинда телеграм ижтимоий тармоғидаги каналларда Шаҳрисабз тумани «Янги Чоршанбе қўрғони» деҳқон бозори ҳудудида ун маҳсулотига бўлган навбат бетартиб ҳолда бўлаётганлиги ҳолатлари кузатилган ахборот эълон қилинди.

Шуни айтиб ўтиш жоизки, Коронавирус пандемияси юзасидан 16 март кунидан бугун мамлакатимизда расман карантин ҳолати жорий этилди. Унда фуқароларимиз учун маълум бир чекловлар қўлланилди. Яъни, аҳоли карантин даврида уйда қолиши, кўчага мақсадсиз чиқмаслиги, доимий равишда гигиена талабларига риоя этиши лозимлиги каби бир қатор талаблар белгиланди. Буларнинг бари аҳоли ўртасида Коронавирус юқиш хавфини камайтириш мақсадида ташкил этилган вазифаларнинг бир қисмидир. Лекин, шунга қарамай, кўча-куйда карантин талабларига риоя этмаслик ҳолатлари учрамоқда.

Юқоридаги ахборотга ойдинлик киритиш мақсадида жорий йилнинг 14 апрель куни Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Шаҳрисабз туман бўлими, туман ички ишлар бўлими, туман солиқ инспекцияси бўлими ходимлари Шаҳрисабз тумани «Янги Чоршанбе қўрғони» деҳқон бозорида бўлишди.

Ўрганиш ишлари давомида бозор ҳудудида ташкил этилган ярмаркада Қозоғистон республикасида тайёрланган 1-навли ун маҳсулотига бўлган тартибсиз навбат вужудга келганлиги аён бўлди. Ушбу ярмаркада хизмат кўрсатаётган Пўлатов Лазизнинг маълум қилишича, хизмат кўрсатишда ишчилар сони 1 кишини ташкил этганлиги, бу эса ўз ўрнида ҳарид жараёнида ҳаридорлар тўпланишига сабаб бўлганлигини маълум қилди.

Албатта, мамлакатимизга асосий истеъмол маҳсулотимиз ун ва ун маҳсулотидан тайёрланган озиқ-овқат турлари ҳисобланади. Бу борада туман ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти туман бўлими ходимлари тумандаги «Дон халқ ризқи» АЖнинг фаолиятини кўздан кечиришди. Шунингдек, ушбу корхонада кунига 70 тоннагача бўлган ун маҳсулоти тайёрланаётганлиги аниқланди. Ушбу ун маҳсулотлари туманимизнинг барча озиқ-овқат бозори ва савдо дўконларига белгиланган тартибда тақсимлаб етказилиб келинаётлиги маълум бўлди.

Шу ўринда фуқароларга ўзлари билмай, карантин даврида ваҳима уйғотишга сабаб бўлаётган турли хил миш-мишларга ишонмасликларини сўраймиз. Бунинг оқибатида эса бозорларда озиқ-овқат маҳсулотлари қиймати сунъий равишда ўсиши ҳолатлари юзага келиши мумкин.

Шунингдек, фуқароларимизга яна бир бор карантин муддатида белгиланган барча талаб-қоидаларга бирдек амал қилишини, ваҳима уйғотишга қаратилган ҳар қандай ахборотга қонунчилигимизда жазо тайинланганлигини яна бир бор эслатиб ўтамиз.

Уйда қолинг!

Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ахборот хизмати