АҲОЛИГА ҚЎЛАЙ ВА МАНЗИЛЛИ ХИЗМАТ КЎРСАТИШ ДАВОМ ЭТМОҚДА

АҲОЛИГА ҚЎЛАЙ ВА МАНЗИЛЛИ ХИЗМАТ КЎРСАТИШ ДАВОМ ЭТМОҚДА

Мамлакатимизда COVID-19га қарши курашиш мақсадида жорий этилган карантин муддатида аҳолига имкон қадар уйида бўлишлиги, зарур бўлмаган тақдирда кўчага чиқмаслик бўйича тавсиялар бериб борилмоқда. Албатта, аҳолининг асосий қатлами уйида бўлиши билан улар учун зарур бўлган озиқ-овқат ва бошқа керакли маҳсулот турларини жойларга етказиш масаласи асосий ўрин эгаллайди.

Бу борада куни кеча Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Шаҳрисабз туман бўлими ташаббуси билан тумандаги “Хазара”, “Полмон”, ва “Мевазор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларида кўчма дорихоналар ташкил этилиб, у ерда яшовчи аҳоли қатламига арзонлаштирилган шаклда барча дори-дармонлар, тиббий ниқоб ва дизинфекция воситалари сотуви йўлга қўйилди.

Шунингдек, шу куннинг ўзида тумандаги “Хужахуросон”, “Мевазор”, “Тудамайдон”, “Духчи”, “Шаматон”, “Лолистон” маҳалла фуқаролар йиғинига жами ҳисобда 38 тоннадан ортиқ ҳар бир қопи (50 килограмм) 145 минг сўмдан бўлган ун маҳсулоти сотуви йўлга қўйилди.

Бундан ташқари туманимизнинг “Чоршанбе”, “Мевазор”, “Хожимайдон” ва “Нурафшон” маҳалла фуқаролар йиғинида кўчма савдо дўконлари ташкил этилиб, аҳолининг истеъмоли учун зурур бўлган барча маҳсулот турлари давлат томонидан белгиланган қийматда солиши ташкил этилди.

Албатта, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Шаҳрисабз туман бўлими ушбу ташаббусни тумандаги бошқа маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳам амалга оширишни ўз дастурида белгилаб олган. Аҳолига сифатли ва манзилли хизмат кўрсатиш жараёнлари эса карантин муддати тугагунга қадар давом этиши белгиланган.

Уйда қолинг!

Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ахборот хизмати