Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилади

Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилади

ШАҲРИСАБЗ ТУМАНИ ШАКАРТЕРИ МФЙ ШОВКАН ҚИШЛОҒИДА ЯШОВЧИ ФУҚАРО СУХРОБ ЖЎРАЕВНИНГ 2020 ЙИЛ 7 МАЙДА YOUTUBE.COM ИЖТИМОИЙ ТАРМОҒИ ОРҚАЛИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИГА ЙЎЛЛАГАН МУРОЖААТИ ТЎҒРИСИДА

Фуқаро Сухроб Жўраевнинг ушбу видеомурожаати туман ҳокимлиги ҳамда туман қишлоқ хўжалиги бўлими масъул ҳодимлари иштирокида 2020 йил 13 май куни жойида бориб ўрганиб чиқилди.

Фуқаро С.Жўраев ўз мурожаатида 2019 йилнинг январ ойидан буён уй шароитида паррандачилик билан шуғулланиб келганлигини, шу давр оралиғида 2 нафар фуқарони доимий, 4 нафар фуқарони эса мавсумий равишда бандлигини таъминлаганлигини, уйда парранда боқиш қўшниларга зарар келтиргач, ўз фаолиятини тўхтатганлигини, шунингдек, туман ҳокимлигига парранда боқиш учун ер сўраб ариза билан чиққанлигини айтиб ўтган.

Лекин, мурожаатни ўрганиш чоғида фуқаро 1 йил давомида паррандачилик билан шуғулланган бўлса-да, якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтмаганлиги, қолаверса, у 2 нафар фуқарони доимий ва 4 нафар фуқарони мавсумий ишга қабул қилиш бўйича ҳуқуқий асослантирилган ҳужжатлар йўқлиги аён бўлди. Ўзининг айтишича, у бир йил давомида бу фуқароларга ўз ёнидан иш ҳаққи тўлаб келганлигини таъкидлади ҳолос. Бу билан фуқаро С.Жўраев Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси талабларига амал қилмай, фуқаролар кучидан норасмий фойдаланиб келган. Шунингдек, у «Фаолиятим давомида ҳар 40 кунда халқимиз дастурхонига 2 тоннадан, 7 тоннагача товуқ гўшти маҳсулотини етказиб берганман», деган важини ҳам асослантирувчи ҳужжатларини тақдим эта олмади. Чунки, унинг қўлида етиштирган маҳсулотининг ҳажми, ишлаб чиқаришдан олган даромад ва тўланган солиқлар ҳақида ҳам ҳеч қандай расмий ҳужжат йўқ.

Тўғри, фуқаро С.Жўраев жорий йилнинг 11 май куни туман ҳокимлигига паррандачилик фирмасини ташкил этиш учун онлайн ариза билан мурожаат этган. Ушбу ариза Ўзекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни талабларига асосан тегишли ташкилотга ўрганиб чиқиш учун юборилган.

Фуқаро С.Жўраев, аввало, амалдаги қонунларимизга асосан паррандачилик фаолияти билан шуғулланиши учун якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтиб, ўз бизнес лойиҳасини экспертизадан ўтказиб асослантира олса, унга паррандачилик фаолиятини йўлга қўйиш учун лалми майдонидан ер ажратиш масаласи қонунда белгиланган тартибда ҳал этилади.

Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ахборот хизмати