“Ёшлар ойлиги”да долзарб масалаларга эътибор қаратилмоқда

“Ёшлар ойлиги”да долзарб масалаларга эътибор қаратилмоқда

Ёшлар жамиятимизнинг мустаҳкам таянчи саналади. Мамлакатимизда қабул қилинган “Ёшлар Келажагимиз” Давлат дастури ва 30 июнь – “Ёшлар куни” муносабати билан “Ёшлар ойлиги” доирасида онлайн тарзида турли хил тадбирлар, учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этилаяпти.

Шуни айтиш керакки, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг онгу-шуурида демократик тамойиллар, миллий ва умуминсоний қадриятларни қарор топдириш, иқтидорли ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир.

Карантин шароитида тумандаги сектор раҳбарларининг ёшлар билан учрашувлари “ZООM” дастури орқали ташкил этилди. “Биргина “Ҳоким ва ёшлар учрашуви” жараёнида 12 нафар ёшларнинг турли масалаларидаги муаммолари ўрганилиб, уларга ечим топилди.

Масалан, 5 нафар ёшларга ўз тадбиркорликларини йўлга қўйишлари учун тижорат банкларидан имтиёзли кредитлар бериш, 2 нафар ёшга ер бериш, 1 нафар ёшни имтиёзли асосда даволанишига кўмаклашиш, 4 нафар ёшларни эса иш билан таъминлаш масалалари ҳал этилди.

Агар таҳлилларга назар ташлайдиган бўлсак, дунё аҳолиси қатламида ёшлар ниҳоятда паст кўрсаткични ташкил этади. Ваҳоланки, Ўзбекистонда бу кўрсаткич 60 фоиздан ошади. Демак, шу ҳисобдан Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти ниҳоятда бойдир.

Айнан далатимиз раҳбари мамлакатимизнинг мана шу ижтимоий-иқтисодий имкониятидан самарали фойдаланишга, ёшларимизни ҳар жиҳатдан билимли, салоҳиятли, ташаббускор қилиб тарбиялашга катта эътибор қаратаяптилар, чунки бугун балоғатга етган ёшлар ҳар жиҳатдан мукаммал тарбия топиб борса, эртага улар Ўзбекистоннинг келажаги учун хизмат қилишади.

Юртбошимизнинг ташаббуси билан республикамизда ўтган қисқа давр ичида айнан шу масалаларнинг ҳуқуқий базасини яратишга доир 25 та қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинди ҳамда 30 дан ортиқ халқаро ташкилотларнинг ҳуқуқий ҳужжатлари ратификация этилди. Мазкур ойлик доирасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Шаҳрисабз туман Кенгаши томонидан бир қанча йўналишлар бўйича иқтидорли ёшлар аниқланиб, улар моддий ва маънавий жиҳатдан рағбатлантирилди.

“Ёшлар ойлиги” давомида “Иттифоқдан туҳфа” номли тадбирлар ҳам кенг қулоч ёймоқда. 9 июнь куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Шаҳрисабз туман Кенгаши ташаббусига кўра халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши депутати Исломиддин Аброров иштирокида туманимизнинг тоғли Сайёд, Сувтушар, Бошқоп қишлоқларида бўлишиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган 8 нафар ёшларга манзилли ёрдам кўрсатилди.

— Бугунги ташрифдан бошим кўкка етди, — дейди Сайёд МФЙда яшовчи фуқаро Шукрулло Авлаев. – Ўзим 35 йил туманимиздаги 63-умумий ўрта таълим мактабида ўқитувчилик қилиб, пенсияга чиққанман. Ўғлим Акбаржон эса анча йиллардан бери тўшакка михланиб қолган. Албатта, турли хил байрам арафасида эътиборингизни аямасдан келишларингиз бизни, ҳаммамизни бирдек қувонтиради. Аввало, Президентимизга минг раҳмат. Мана шундай мураккаб карантин даврида кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни манзилли қўллаб-қувватлашга жуда катта эътибор қаратаяптилар.

Сарварбек Примов

Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари