Ёшларнинг муаммоларига ечим топилмоқда

Ёшларнинг муаммоларига ечим топилмоқда

Президентимизнинг ташаббуси билан 30 июнь санасини мамлакатимизда ҳар йили Ёшлар куни сифатида кенг байрам қилиб келинмоқда. Мана шу сана муносабати билан “Ёшлар ойлиги” доирасида туманимизда ёшлар ўртасида онлайн тарзида турли хил оммавий-сиёсий тадбирлар, видеоконференциялар, матбуот анжуманлари ташкил этилиб, уларда мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида фаол иштирок этиб келаётган, ўзларининг илм-фан, таълим, маданият, санъат, спорт соҳаларида иқтидор ва қобилиятларини тўла намоён эта олаётган ёшларимиз моддий ва маънавий жиҳатдан рағбатлантирилмоқдалар.

— Ёшларимизнинг бугун мамлакатимиз ҳаётидаги фаоллигининг ўсиб боришига коронавирус пандемияси ҳам тўсиқ бўлолмаяпти, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Шаҳрисабз туман Кенгаши раиси Абдишукур Янгиев. – Ойлик доирасида туманимизнинг юзлаб иқтидорли ёшлари ўз ижод намуналари билан танловларда онлайн тарзида иштирок этишиб, юқори натижаларни қўлга киритишди. Уларга Шаҳрисабз туман ҳокимлигининг “Фахрий ёрлиқ”лари, “Ташаккурнома”лар ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари тантанали равишда топшириб келинмоқда.

“Yoshlar kelajagimiz” Давлат дастури талаблари асосида ёшларни муносиб иш ўринлари билан таъминлаш, уларни кичик бизнес, оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик, деҳқон ва фермер хўжаликлари фаолиятига кенг жалб этиш мсалаларига ҳам катта эътибор берилаяпти. Масалан, тумандаги тўртта сектор раҳбарлари билан “ZOOM” иловаси орқали ўтказилган очиқ мулоқотларда 80 дан зиёд ёшларимизнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун банкдан кредит олиш, “Ҳар бир ёшга бир гектар” лойиҳасида иштирок этиш, мутахассислиги бўйича ишга жойлаш каби бир қанча масалалар бўйича қилган мурожаатлари масъул ташкилот раҳбарлари иштирокида жойида ўрганиб чиқилиб, ижобий ҳал этилди.

Бугун шуни фахр билан айтишим керакки, кўплаб ёшларимиз “Ҳар бир ёшга бир гектар” лойиҳаси бўйича лалми ерларга эгалик қилишиб, у ерларда сабзавот, полиз ва дуккакли маҳсулотлар етиштиришиб, моддий таъминотларни яхшилашмоқда.

Ойлик доирасидаги оммавий тадбирлар 30 июнь куни ҳам сектор раҳбарлари, туман Кенгаши депутатлари, жамоат ташкилотлари фаоллари иштирокида давом эттирилди.

Сарварбек Примов

Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари