«БУ ПРЕЗИДЕНТ ТАЛАБИ»

Жорий йилнинг 30 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Ушбу видеоселектор жуда танқидий, таҳлилий ва мунозарали тарзда ўтганлиги билан жаҳон ҳамжамиятининг назари ва эътиборига тушди десак, муболаға бўлмайди.

Қуйида биз халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашининг Қонунийликни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Исломиддин Аброров билан суҳбатлашдик.

С. — Сўнгги уч йил ичида шахсан давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилди десак, муболаға бўлмайди. Аммо, куни кеча бўлиб ўтган видеоселекторда Президентимиз ҳали бу борада амалга оширилиши зарур бўлган масалалар хусусида атрофлича тўхталиб ўтдилар. Бундан шу нарса кўринадики,  Юртбошимиз куюнчаклик билан таъкидлаганларидек, жамиятда қонун устуворлигига эришиш учун ҳали кўп ишлар қилишимиз керак экан.

Ж. — Тарихан олиб қараганимизда Инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳамма замонларда ҳам устувор саналиб келган. Бироқ, ҳукмдорларнинг бу масалаларга юзаки ёндашишлари туфайли инсон ҳуқуқлари поймол бўлиб, ундан кенг жамоатчилик катта жабр кўрган. Давлатимиз раҳбари охирги уч йўлда бутун эътиборини айнан шу масаланинг ечимига қаратди десам, буни ҳеч ким инкор эта олмайди. Биринчи галда Юртбошимиз мустақиллик йилларида қабул қилинган барча қонунлаарни инертизациядан ўтказиш, уларни халқаро нормаларга мослаштириш бўйича талабларни қўйдилар.

Ҳар қандай қонуннинг жамиятда ишлаши уни тўғри қабул қилинганлиги билан аҳамиятлидир. Бўлмаса, қонунлар қоғозларда қолиб кетиб, улар ҳеч кимга манфаат келтирмайди. Бугун республикамизда қонун ижодкорлиги бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақиқий маънода ўз самарасини бермоқда. Энг қувонарлиси, оддий фуқароларимиз мана шу қонун нормаларига таяниб, ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қила олишаяпти. назаримда бу жамиятимизда қонун устуворлиги бўйича эришган дастлабки натижаларимиздир десам, адашмаган бўламан.

С. — Ҳар бир фуқаронинг айбдор ёки айбсиз эканлигини суд белгилайди. Шунинг учун мамлакатимизда суд алоҳида ҳокимият сифатида эътироф этилади. Лекин суд ҳокимияти ўзига берилган бундай катта ваколатлардан самарали фойдалана олаяптими?

Ж. – Охирги уч йилда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш бўйича 20 дан ортиқ Қонун, Фармон ва қарорлар қабул қилинди. Ислоҳотлар натижасида судлар томондан илк маротаба 2 минг 273 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилган. Билиб-билмай жиноят йўлига кирган 3,5 мингдан ортиқ ёшлар ва хотин-қизларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилмасдан, улар маҳалла ва жамоатчилик кафолатига олинган. Бу рақамлар бизга мамлакатимизда инсон ҳуқуқларига нисбатан муносабатни кескин ижобий томонга ўзгарганлигини кўрсатмайдими? Видеоселекторда Президентимиз инсон ҳуқуқларини бузганлиги учун 60 нафар ҳуқуқ-тарғибот идоралари ходимлари жиноий жавобгарликка тортилганликлари ҳақида ички бир куюнчаклик билан гапирдилар.

С. —  Биз ҳуқуқий демократик давлатда яшаётган эканмиз, бунинг биринчи ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий тамойили бу қонун ҳамма учун баробар эканлигидир. Бироқ Президентимиз бу борада ички ишлар идоралари тизимида йўл қўйилаётган камчиликларга нисбатан ҳам танқидий баҳо бердилар.

Ж. — Тўғри, ҳеч қачон бир неча йиллар давомида юзага келган муаммоларни бирданига ҳал қилиб бўлмайди. Ахир инсон хом сут эмган банда-да. У қайси бир лавозиимга ўтирса, албатта ўз шахсий манфаати йўлида даромад топишга интилади. Президентимиз мамлакатимизда жиноятларга алоқадор 11 нафар ички ишлар ходимларига нисбатан жиноий иш қўзғатилгани, 7 нафар раҳбар лавозимида ишлаб келганлар ўз вазифасидан озод этилгани ҳақида ҳам очиқ-ойдин фикр билдирдилар.

Давлатимиз раҳбарининг таъкидлашича, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш бир ёки бир нечта ташкилотнинг вазифаси эмас, бу масалага оддий фуқароларимиздан тортиб, кенг жамоатчилик, депутатларимиз, сенаторларимиз фаол иштирок этишлари керак.

Тўғри, суд алоҳида ҳокимият саналади. Лекин судларнинг амалдаги қонунларимизга асосан фаолият юритиши устидан энг аввало фуқароларимиз, жамоат ташкилотлари, депутатлар ҳамда ОАВ ходимлари назорат ўрнатсалар, шунинг ўзи кифоя бўлади.

Президентимиз Тошкент Давлат юридик институти қошида «Инсон қадр-қиммати – энг олий қадрият» махсус ўқув модули бўйича барча ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини ўқитиш вазифасини юклади. Яна шунингдек, ҳозирги кунда тергов сифати ва ходимлар малакаси талабга жавоб бермаслииги ҳақида ҳам Президентимиз ўзининг таклиф, фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Масалан, жорий йилнинг ўтган беш ойи давомида тергов органлари асоссиз айб қўйган 323 нафар фуқаро суд томонидан оқланган. 1 минг 854 нафар шахсга нисбатан қўйилган асоссиз айбловлар олиб ташланган.

Шу ўринда Юртбошимиз судьялик лавозимига номзодларни танлаш бўйича амалга оширилаётган тажрибаларни, терговчиликка номзодларни танлашга ҳам жорий этиш бўйича таклифларни билдирдилар. Рости, мени Прездентимизнинг «Суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши керак. Бу Президент талаби!» дея билдирган фикрлари қалбимни жунбушга келтирди.

С. – Жойи келганда шуни айтишим керакки, инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқ ва манфаатлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ходимлари томонидан бузилса, улар дардларини кимга айтишлари керак?

Ж. – Айнан Президентимиз шу масалалар хусусида тўхталиб, шаахсан ўзларининг қатъий назоратлари туфайли 60 нафар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари жиноий жавобгарликка тоотилган. Лекин Юртбошимиз таъкдлаганидек, кўрилаётган бундай чора-тадбирлар ҳали халқнинг суд-ҳуқуқ тизимидан рози бўлишига асос бўла олмаслигини таъкидладилар. Ҳозирда жиноятларга алоқадор 11 нафар ички ишлар ходимлари қонун олдида жавоб бермоқдалар. Яна 7 нафар ИИБ ходимлари раҳбарлик лавозимидан озод этилган, 16 нафари эса ижтимоий жавобгарликка тортилган.

С.- 2020 йил 29 июндаги Фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди. Хўш, республикамизда мана шундай агентликни ташкил этишга қандай омиллар асос бўлди?

Ж. – Давлатимиз раҳбари ушбу нуфузли лавозимга сайланиш давридан бошлаб коррупция жамиятнинг энг оғриқли нуқталаридан бири эканлиги ҳақида тўхталиб, бу иллатга қарши курашишни ўзининг нафақат раҳбарлик, балки инсонийлик бурчи эканлигини айтгандилар. Чунки, коррупция ҳар бир инсоннинг ижтимоий келиб чиқиши, мавқеидан қатъий назар, унинг ҳақ-ҳуқуқ ва манфаатлаарига раҳна солади ва фуқароларни жиноят сари етаклайди.

Юртбошимиз Парламентга қилган Мурожаатномасида айнан мамлакатимизда Коррупцияга қарши курашиш бўйича алоҳида тизим яратиш бўйича таклифларини илгари сурган эдилар. Ушбу селектор йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ташкил этилганлиги, унинг функционал вазифалари белгилаб берилганлиги маълум қилинди.

Агентлик ўз фаолияти бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Олий Мажлис палаталарга Миллий ҳисобот киритиб келади. Уларнинг асосий вазифалари этиб айнан коррупцияга қарши курашиш бўйича аниқ чора-тадбирларни кўриш белгилаб берилган.

С. — Президентимиз мазкур видеоселектор йиғилишида коронавирус пандемияси ҳақида гапира туриб, бу борада фуқароларимизнинг ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий маданиятини ошириш тўғрисида ҳам бир қанча таклифларини илгари сурдилар.

Яқинда бир касбдошим суҳбат орасида «коронавирус пандемияси туфайли карантин жорий этилганидан бошлаб учта соҳа ходимларининг хизматлари ниҳоятда беқиёс бўлганлигини англадим. Булар – тиббиёт ходимлари аҳоли саломатлиги ҳақида қайғурган бўлса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаяпти. Оммавий ахборот воситалаари ходимлари эса барчамизга холис ахборотларни етказиб берганлиги билан фуқароларни саросимага тушишдек оғир вазиятлардан сақлаб қолишди. Ҳар учала соҳа ходимлари ўз ҳаётларини таҳлика остига қўйиб бўлса-да, хизмат бурчларини виждонан адо этишди.

Ж. – Бу бало бутун дунё аҳлини ҳақиқий маънода таҳликага солаяпти. Эътибор берган бўлсангиз, кундан-кунга ер юзидаги давлатларда, қолаверса, Ўзбекистонда ҳам бу касалликка чалинаётганлар сони ошиб бораяпти. Энг ачинарлиси, бу даҳшатли эпидемиянинг тарқалишига эътиборсизлигимиз, оддий карантин қоидаларига риоя этмаётганлигимиз сабаб бўлаяпти.

Халқимизда «Ўзини асраганни Оллоҳ ҳам асрайди» деган ғоятда пурмаъно бир ибора бор. Ҳеч қачон бугунги кунда бирор бир фуқаронинг ман-манликка берилиши, ўзини кўз-кўз қилиши, яқинларини тўплаб бўлар-бўлмас маросимларни ўтказиши мумкин эмас. Биринчи галда оилаларимизда кекса авлод вакиллари, ёш фарзандларимизнинг соғликлари ва хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирларини кўрайлик. Шундагина бундай бало оилаларимизни четлаб ўтади.

Президентимизнинг ташаббуси билан «Обод кўча», «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» доирасида тозалик ва ободончилик ишлари амалга оширилмоқда. Ҳар биримиз аввало ободликни ўз хонадонимиздан, кўчамиз ва маҳалламиздан бошлашимиз керак.

— Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!

        Суҳбатдош: Шаҳрисабз туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Сарварбек ПРИМОВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

You may use these <abbr title="HyperText Markup Language">HTML</abbr> tags and attributes: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>