ТОМОРҚАДА ИШЛАГАН КАМ БЎЛМАЙДИ

ТОМОРҚАДА ИШЛАГАН КАМ БЎЛМАЙДИ

Бугун озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришда томорқа ерларидан самарали фойдаланиш масаласи етакчи ўринга чиқаяпти десак, муболаға бўлмайди. Айниқса, томорқа ернинг фойдасини билган хонадон эгалари бир парча ердан яхшигина ҳосил олиб, оиласи дастурхонига барака киритаяпти.

Шаҳрисабз тумани ҳокими Исроил Аманов бугун Амир Темур маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, бу ердаги аҳолининг томорқа ерларидан фойдаланиш бўйича имконият ва тажрибаларини ўрганди.

Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Гуландон Шукурова туман ҳокимини 2-гуруҳ ногирони Майсара Шукурова хонадонига бошлар экан, бу аёлнинг томорқа ерида ишлаб сира чарчамаслигини тўлқинланиб гапирди.

Мўжазгина 4 сотиҳли томорқа шундай тақсимот қилинганки, унда помидор, бодринг, сабзи, пиёз сингари сабзавотлар гуркираб ривожланаяпти.

— 1 сотиҳдан зиёдроқ ерга эрта баҳорда картошка эккандим, дейди Майсара Шукурова ҳоким билан суҳбатда. — Яқинда 400 кгдан зиёдроқ ҳосилни йиғиштириб олдим. Етиштирилган картошканинг оиламиз эҳтиёжидан ортганини бозорга сотиб, олган даромадимизни рўзғорга ишлатамиз. Картошкадан бўшаган ерга такрорий экин сифатида маккажўхори экдик. Ундан ҳам яхшигина ҳосил олишни кўзлаяпмиз. Ҳозир мана пишиб етилаётган помидорни ҳам бозорга чиқараяпмиз. Бундан ташқари йилига баҳор ва куз ойларида, яъни, икки мавсумда томорқа четида экилган малинадан 100 кгдан зиёдроқ ҳосил оламиз. Шунинг 50 кгни бозорда 20 минг сўмдан сотсак, қолганидан ўзимизнинг эҳтиёжимиз учун мураббо ва шарбат тайёрлаймиз. Рўзғоримиз учун пиёз, сабзи ҳам ўзимиздан чиқади.

Туман ҳокими Майсара опага ўзининг самимий миннатдорчилигини билдираркан, фуқаролар йиғини раисига бу оиланинг томорқа еридан фойдаланиш бўйича тажрибаларини бошқа хонадонларга оммалаштиришни таклиф этди.

Сарварбек Примов

Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари