ЛОЙИҲА ИЖТИМОИЙ МУАММОЛАРГА ЕЧИМ ТОПАДИ

ЛОЙИҲА ИЖТИМОИЙ МУАММОЛАРГА ЕЧИМ ТОПАДИ

Тоғли шароитда яшаш қанчалик завқли бўлмасин, унинг ўзига хос қийинчиликлари ҳам мавжуд. Масалан, охирги йилларда тоғли ҳудуддаги “Ҳисорак”, “Сайёд”, “Сарчашма”, “Ғелон”, “Кўл” маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи аҳоли сонининг ўсиб бораётганлиги ўта муҳим ижтимоий муаммоларни юзага келтираяпти. Булар, аҳоли бандлигини таъминлаш, оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилашдир.

Жорий йилнинг 4 сентябрь куни Шаҳрисабз тумани ҳокими Самад Хасанов, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Уткир Бутаев бошчилигида вилоят ҳокимлиги вакиллари, вилоят ташкилотлари ҳамда тумандаги секторлар раҳбарлари “Ҳисорак” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлишиб, айнан юқоридаги муаммоларни жойида ўрганишиб, уларга ечим излашди.

— Юртбошимиз лалми ерларга сув чиқариб, уларни ўзлаштириш орқали интенсив боғлар барпо этиш, сабзавот ва полизчиликни ривожлантириш масалаларига ниҳоятда катта эътибор қаратмоқдалар, — дейди туман ҳокими Самад Хасанов. – Аҳоли билан бўлган мулоқотда бу мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, республикамизнинг экспорт салоҳиятини ўстирибгина қолмай, балки аҳоли бандлигини таъминлайди, улар учун даромад манбаини яратади.

Вилоятимиз ҳокимининг ташаббуси билан “Ҳисорак” сув омборининг ўнг қирғоғидаги 3500 гектардан кўпроқ лалми ер майдонини сув чиқариш ҳисобига ўзлаштириш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилмоқда. Мазкур лойиҳа республиканинг Инвестиция дастурига киритилгач, янги ўзлаштириладиган 3500 гектар лалми ер майдонида экспертбоп картошка етиштириш йўлга қўйилади ҳамда 10 минг нафар тоғли аҳоли айниқса ёшларнинг бандлиги таъминланади.

Яна шунингдек, бу ҳудудда ёшлар, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган оилалар учун келгусида намунавий уй-жойлар қурилади ҳамда янги шаҳарча бунёд этилади. Ҳисорак қишлоғи аҳолиси бу лойиҳа хусусида фикр билдира туриб, у амалга ошса, тоғликларнинг катта орзу умидлари ушалишини таъкидлаб, Юртбошимиз номига ўзларининг самимий тилакларини изҳор этишди.

Сарварбек Примов

Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари