ШАҲРИСАБЗ ТУМАНИ ҲОКИМЛИГИ МАЪЛУМ ҚИЛАДИ

ШАҲРИСАБЗ ТУМАНИ ҲОКИМЛИГИ МАЪЛУМ ҚИЛАДИ

Nasafnews.uz расмий сайтининг 2020 йил 22 декабрь куни “Шаҳрисабз туманида фермерларнинг боғи бузилди (видео)” номли мақоласига

РАДДИЯ

Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги Nasafnews.uz расмий сайтида чоп этилган “Шаҳрисабз туманида фермерларнинг боғи бузилди (видео)” номли мақолада кўтарилган масалалар юзасидан тумандаги мутасадди бўлим раҳбарлари иштирокида чуқур ўрганилиб, таҳлил қилиниб, қуйидагиларни маълум қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 декабрдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчилик тармоғини янада ривожлантириш, соҳада қўшилган қиймат занжирини яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4549-сонли қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 декабрдаги “Иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосил берадиган боғ ва токзорларни яроқсиз деб топиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 1012-сонли қарорининг ижросини таъминлаш юзасидан тузилган ишчи гуруҳ томонидан Шаҳрисабз тумани “Ғани Бобоёров” ҳудудидаги фермер хўжаликларига тегишли боғ ва токзорлардан фойдаланиш даражаси чуқур ўрганилганда, қуйидагилар аниқланган.

Ушбу ҳудудда мавжуд 57 та фермер хўжаликлари жами 293 гектар боғ ва токзор ер майдонига эга бўлиб, улар бугунги кун талабларидан келиб чиқиб, маҳсулот ишлаб чиқариш, аҳоли бандлигини таъминлаш, қолаверса, сифатли мева маҳсулоти етиштириш ва экспортни йўлга қўйиш, шунингдек мева маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналарига маҳсулот етказиб бериш, ички бозорни таъминлаш ва озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича Давлатимиз раҳбари томонидан қўйилган талабни таъминлаш бўйича бирорта ҳам ташкилий ишларни амалга оширмаган.

Биринчидан, ушбу фермер хўжаликлари томонидан сўнгги 3 йилда етиштирилган мева маҳсулотлари кирим қилинганлиги ҳақида ҳеч қандай статистик маълумотлар мавжуд эмас.

Иккинчидан, юқоридаги мақолада “57 нафар фермер ва унинг ортидаги юзлаб аҳоли қандай кун кечиради”, деб эътироз билдириб ўтилган. Ваҳоланки, ушбу фермер хўжаликларида белгиланган талабларга кўра жами 400 дан зиёд иш ўрни яратилиши лозим бўлсада, амалда 87 та иш ўрни яратилганлиги аниқланган.

Учинчидан, Давлатимиз раҳбари томонидан озиқ-овқат ҳавфсизлигини таъминлаш борасида эртачи сабзавот маҳсулотларини етиштиришда боғ қатор оралиғида тўқсонбости усулида экспертбоп экинлар экилиши лозим бўлсада, бу борада ушбу фермер хўжаликлари ерларида ҳеч қандай чора-тадбирлар амалга оширилмаган.

Тўртинчидан, юқорида келтирилган фермер хўжаликларининг иқтисодий кўрсаткичларларини таҳлил қиладиган бўлсак, 2 нафар фермер хўжаликларидан ташқари қолган барчаси боғ ва токзорлардан фойдаланиш бўйича олган даромадларини банк ҳисоб рақамлари орқали пул ўтказмаларини амалга оширмаган.

Бешинчидан, ушбу фермер хўжаликларининг рентабиллик даражасини ўрганилганида, уларнинг барчаси боғларни ташкил этишда ва парваришлашда тизимли ишларни йўлга қўймаган. Аслида эса фермер хўжаликлари ҳар мавсумда боғ ва токзорларни парваришлаш, уларни янгилаш, яшартириш бўйича барча тизимли ишларни амалга ошириши керак эди.

Олтинчидан, Шаҳрисабз туман Давлат солиқ инспекциясининг тақдим этган таҳлилий маълумотига қарайдиган бўлсак, юқоридаги 57 та фермер хўжаликларининг 27 таси амалдаги қонунларга асосан давлат рўйхатидан ўтмаганликлари натижасида 244 миллион 800 минг сўм, шунингдек ер ва сув солиқларидан 56 миллион 660 минг сўм қарздорлик мавжудлиги кўрсатиб ўтилган.

Шунингдек, юқорида келтириб ўтилган 2 нафар фермер хўжаликларининг фаолиятлари давомида 30-40 фоизга яқин миқдордаги даромадларини банк ҳисоб рақамларидан пул ўтказмаларини амалга оширганлиги инобатга олиниб, халқ депутатлари Шаҳрисабз туман Кенгаши томонидан ўз фермер хўжаликларига яқин бўлган бўш ер майдонидан ер ажратилиб бериш таклифи ҳам билдириб ўтилган.

Энди асосий масалага тўхталадиган бўлсак, юқоридаги 57 нафар фермер хўжаликларидан олинган ер майдонларида интенсив боғ яратиш учун 5 миллион 90 минг АҚШ доллари банк кредитлари ва ўз маблағларидан 1 миллион 960 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилиши, бунинг ҳисобига Шаҳрисабз туманининг экспорт салоҳияти етарли даражага ўсиши белгиланган. Энг асосийси эса мана шу интенсив боғларни ташкил этиш ҳисобига аҳоли ўта зич жойлашган “Тудамайдон”, “Оқолтин”, “Қўшқанот” ва “Тепар” маҳалла фуқаролар йиғинларида 1000 та янги иш ўрни яратилади.

Сарварбек Примов

Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари