ТИЛ — МИЛЛАТ ҒУРУРИ

ТИЛ — МИЛЛАТ ҒУРУРИ

Мамлакатимизда ҳар йили 21 октябрь санаси “Тил байрами” куни сифатида кенг нишонланиб келинади. Мана бугун ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигига 30 йил тўлди. Шу муносабат билан Шаҳрисабз туманидаги таълим, тиббиёт муассасаларида ва жамоат ташкилотларида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлиги бўйича бир қатор тадбирлар, давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил этилди.
Халқ депутатлари Шаҳрисабз туман Кенгаши депутати Дилшод Ёров, туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Бегзод Назаров, Республика Маънавият ва маърифат маркази Шаҳрисабз туман бўлинмаси раҳбари Шаҳло Тоғаевалар жорий йилнинг 21 октябрь куни тумандаги 20-, 81- сонли умумий ўрта таълим мактабларида “Тил – миллат ғурури” мавзусида учрашувлар ташкил этишди.
— Мана бугун мамлакатимизда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида”ги Қонунининг қабул қилинганлигига 30 йил тўлди, — дейди халқ депутатлари Шаҳрисабз туман Кенгаши депутати Дилшод Ёров. – Қонуннинг 1- моддасида Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тили эканлиги, шунингдек, ўзбек тили мамлакатимиздаги барча сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётда бирдек амал қилишлиги келтирилган. Ўзбек тили – юртимизда яшаётган барча ўзбекларнинг она тилисидир. У мамлакатимиз бирлиги ва яхлитлиги, жамият жипслигининг муҳим омили ҳисобланади.
— Дунёда кўп элатлар борки, улар аввало ўз она тилларини юксак қадрлайдилар, — дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Шаҳрисабз туман бўлинмаси раҳбари Шаҳло Тоғаева. – Уларнинг айримларида ҳаттоки, ўз она тилини бузиб талқин қилиш ҳам қонунга мувофиқ тақиқланган. Ҳозирда жаҳон миқёсида ўзбек тилига бўлган эътибор ҳам кундан кунга ўсиб бормоқда. Шу жумладан, юртимизда сайёҳлар қамрови ҳам кўпаймоқда. Шундай экан, ҳар бир ёш авлод кўпроқ китоб мутолаа қилиб, ўзбек адабий тили сўз бойлигини бойитиб боришлиги, жаҳон тиллари сифатида тан олинган тилларни ўрганиш ҳам талаб этилади.
Тадбир давомида ёшлар тарихий лавҳалардан саҳна кўринишларини намойиш этишиб, йиғилганларга ўзбек тилининг тарихий келиб чиқиши ҳақидаги маълумотларни ўқиб эшиттиришди.
Сарварбек Примов
Шаҳрисабз туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари