ТЎЙНИНГ ҲАШАМДОРЛИГИ – БАХТНИНГ ТЎКИСЛИГИ ЭМАС

ТЎЙНИНГ ҲАШАМДОРЛИГИ – БАХТНИНГ ТЎКИСЛИГИ ЭМАС

Ўзбек миллати борки, меҳнат қилиб, азоб билан топган бор даромадини тўй қилиб, халққа едиради. Маълум бир муддат ўтгач, яна тўй қилиш учун шу билан бирга, данғиллама иморат кўтариш учун ҳам пул жамлашга киришади. Лекин, бугунги даврда тўй қилиш ҳам, уй кўтариш ҳам осонликча бўлмагани туфайли, кўп кишилар қарз-ҳавола орқали енгил йўлга ўтиб олишни одат тусига айлантиришди. Бутун уруғ-аймоғидан, дўст-у ёрларидан қарз ҳавола эвазига 7 маҳаллага дув-дув гап бўладиган тўй қилишдан нима наф… Албатта, буларнинг бари ҳақиқат.

Шу муносабат билан куни кеча туманимиз фаоллари Ўзбекистон ХДПдан сайланган Шаҳрисабз тумани Кенгаши депутати Дилшод Ёров, Республика Маънавият ва маърифат маркази Шаҳрисабз туман бўлинмаси раҳбари Шаҳло Тоғаева, туман хотин-қизлар қўмитаси бош мутахассиси Дилбар Жумаевалар туманимизнинг “Лолистон” ҳамда “Шаматон” маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлишиб, аҳоли билан тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ихчамлаштириш борасида “Тўйнинг ҳашамдорлиги – бахтнинг тўкислиги эмас” мавзусида учрашувлар ташкил этишди.


— Барчангизга маълумки, яқинда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўйлар, ойилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказилишини тартибга солиш бўйича Қўшма қарори қабул қилинди, — дейди туман Кенгаши депутати Дилшод Ёров. – Ушбу Қўшма қарор юзасидан Низом ҳам тасдиқланган. Унда келтирилича, оилавий тадбирларнинг барчаси фақат бир кун соат 06:00 ва 23:00 вақт оралиғида ўтказилади. Фақат дафн маросими бундан мустаснодир. Шу билан бирга, оилавий тантаналарда 200 нафаргача, ош бериш маросимларида эса 250 нафаргача киши қатнашади. Қўшалоқ тўй маросимларида эса базм дастурхони 250 кишилик, ош бериш дастурхонлари эса 300 кишилик қилиб ўтказилиши қатъий белгиланган. Ушбу тўй-ҳашамларни назорат қилиш фуқаролар йиғини масъул вакилларига юклатилган. Бундан ташқари, тўйдан сўнг ўтказиладиган қўшимча “ота кўрди”, “сеп ёйди”, “қуда чақирди” каби расм-русумларни ҳам ўтказилишига йўл қўйилмайди.


— Тўйларимиз бизнинг азалий қадриятларимиздан бири саналади, — дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси раҳбари Шаҳло Тоғаева. – Азалдан ота-боболаримиз икки ёшни унаштирилганлиги муносабати билан элга маълум қилиш мақсадида яшаш уйларида ихчамгина тўйлар қилишган. Лекин, тарихга назар ташласак, тўйларимиз бугунги кундагидек, ҳашаматли тўйхоналарда бўлмаган, эл оғзига гап бўлмай деб, бор будини тўй қилишга сарфлашмаган, қўшнилар ичида обрў олай деб, машҳур хонандаларни тўйларига ҳизматга ёллашмаган. Бугунги кунда эса барча ноҳушликлар ва кўнгилсизликлар ўзаги мана шу мақсадсиз сарф ҳаражатлар туфайли юзага келяпти. Бунинг таъсирида ёшларимиз ўртасида ажримлар сони кўпаяпти. Бу олдини олиш эса фақатгина сизларнинг қўлингизда деб биламан.

— Ҳақиқатдан ҳам, юқорида таъкидланганидек, бугунги кунда ёшларимиз ўртасида ажримлар сони тобора ортиб бормоқда, — дейди туман хотин-қизлар қўмитаси бош мутахассиси Дилбар Жумаева. – Ажрим ёқасига келган оилалар билан ишлаганимизда эса улар бизга кўпинча йўқчиликни рўкач қилишади. Аммо, вазиятга атрофлича ёндашганимизда эса ёшларимизни енгил ҳаётга ўрганганликлари туфайли мана шундай салбий ҳолатлар юзага келганлиги сабаб бўлади. Албатта, оилаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш борасида республикамиз миқёсида бир қатор жамоат ташкилотларнинг ҳамкорлиги асосида тизимли равишда ишлар амалга ошириляпти. Лекин, бу билан чегараланиб қолиш керак эмас. Бу бўйича маҳаллада истиқомат қилаётган фаҳрийларимиз, хожи ота ва хожи онахонларимиз қолаверса, ёшларимиз ҳам ўзлари ташаббус билан чиқишиб, бугунги давр талабидан келиб чиққан ҳолда тўйларимизни наъмунали тарзда ўткашни бошлашимиз керак. Шуни унутмангки, эл-у халқ сизлардан ўрнак олади ва интилади.

Сарварбек Примов
Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари