2019 йил 15 октябрь куни фуқаро Камола Абдукадированинг “facebook” ижтимоий тармоғидаги “Халқ билан мулоқот / Диалог с народом (Цензурасиз)” номли гуруҳда Шаҳрисабз тумани Хўжабоғ қишлоғида жойлашган 25-сонли мактабгача таълим ташкилотининг ҳолати бўйича эълон қилган хабарномаси юзасидан Шаҳрисабз тумани ҳокимлигининг МУНОСАБАТИ

Фуқаро Камола Абдукадирова ўз хабарномасида Шаҳрисабз туманида жойлашган 25-сонли мактаблагача таълим ташкилотида шариотларни йўқлиги, хусусан тоза ичимлик суви, газ ва электр масалаларини келтириб ўтганлиги айтилади.

Шаҳрисабз тумани мактабгача таълим бўлимининг расмий ахборот беришича, тумандаги 25-сонли мактабгача таълим ташкилоти 2018 йил 1 августь санаси билан ташкил этилиб, ҳозирда ушбу МТТ биноси 35 ўринга мўлжалланган.

25-сонли мактабгача таълим ташкилоти туман мактабгача таълим бўлимининг 2018 йил харажатлар сметаси ҳисобидан 6 миллион 750 минг сўмлик мебел жиҳозлари, 1 миллион 674 минг сўмлик товар-моддий захиралар билан таъминланган. Яна шунингдек, 2019 йилги харажатлар сметаси ҳисобидан 3 миллион 168 минг сўмлик мебел жиҳозлари, 2 миллион 624 минг сўмлик музлатгич, 12 миллион 417 минг сўмлик товар-моддий заҳиралар ҳамда 2 миллион 634 минг сўмлик ҳар хил турдаги ўйинчоқлар билан таъминланган.

Бундан ташқари, ушбу муассасада соғлом овқатланиш жараёнини ташкил этиш мақсадида 23 миллион 600 минг сўмлик ёзги ошхона биноси қуриб берилган. Сўнгра куз-қиш мавсуми олдидан 23 миллион 996 минг сўмлик замонвий “AKFA” турдаги дераза ромлари ўрнатилиб, МТТ биносининг яроқсиз ҳолатда бўлган том қисми ҳам таъмирлаб берилган.

Яна шу ўринда 25-сонли мактабгача таълим ташкилотида ўтган йилнинг ўзида тоза ичимлик суви, суюлтирилган газ ҳамда электр энергияси билан тўлиқ таъминланган.

Бундан ташқари ушбу мактабгача таълим ташкилоти 2021 йил инвестиция дастури асосида қайта реконструкция қилиниши режалаштирилган.

Шаҳрисабз тумани мактабгача таълим бўлимининг маълумотига таяниб, Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ахборот хизмати фуқаро Камола Абдукадированинг “facebook” ижтимоий тармоғидаги “Халқ билан мулоқот / Диалог с народом (Цензурасиз)” номли гуруҳда Шаҳрисабз тумани Хўжабоғ қишлоғида жойлашган 25-сонли МТТнинг ҳолати бўйича эълон қилган хабарномасида келтирилган танқидий маълумотлар асоссиз эканлигини маълум қилади.

Сарварбек Примов

Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари