ЖУРНАЛИСТ МАСАЛАГА ХОЛИС ЁНДАШИШИ КЕРАК

2019 йилнинг 11 декабрь куни “Менинг юртим” телеканалининг кеч соат 21:20да “Марказий студия” дастури орқали эфирга узатилган ахборот дастурида Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманининг “Ҳуммон” қишлоғидаги йўл, электр ва сув таъминоти билан боғлиқ масалалар бўйича танқидий кўрсатув берилган.

Тўғри, ушбу кўрсатувда кўтарилган “Ҳуммон” қишлоғида сув, электр энергия ва йўл бўйича муаммолар мавжуд ва улар туман ҳокимлиги томонидан қабул қилинаётган дастурларга кўра босқичма-босқич ҳал этилмоқда. Бу ерда эътироз шу ҳақдаги, телеканалнинг муҳбири Ғолиб Амиров 2019 йилнинг 3 декабрь куни Шаҳрисабз туманига ташриф буюрган. Лекин, туман ҳокимлигига кириб, ўзининг мақсад-моҳиятини билдирмасдан, тўғридан-тўғри Шаҳрисабз туманининг “Хуммон” қишлоғига йўл олган. У шу куни соат 14:00лар атрофида туман ҳокимлиги матбуот хизматига қўнғироқ қилиб, туман электр корхонаси, йўл масаласи бўйича туман ободонлаштириш бошқармаси ва Шаҳрисабз “Сувоқова” филиали раҳбарларини тезда етиб келишини сўраган. Ушбу вақтда бу раҳбарлар кундалик иш режаси бўйича чиқиб кетганлиги сабабли, уларни топиш ва айтилган манзилга етказиш учун бир мунча вақт керак бўлган. Аслида туман марказидан “Хуммон” қишлоғига етиб олиш учун камида 2 соат вақт талаб этилади. Журналист Ғолиб Амиров бу вазиятда туман раҳбарларининг масалага эътиборсизликка йўйиб, ноурин айблаган.

Оммавий ахборот восмиталарига доир амалдаги қонунларимизга кўра, журналист бирор бир ташкилотдан тегишли маълумотни олиши учун шахсан ўзи мурожаат этиши керак. Қолаверса, журналист ушбу мурожаатни ўрганиш юзасидан Шаҳрисабз туманига келишидан олдин, тегишли ташкилот раҳбарларини ёки бўлмаса, туман матбуот хизматини олдиндан огоҳлантирганида эди, юқоридаги каби сансоларликлар юзага келмаган бўларди.

Журналист Ғолиб Амиров кўтарган асосий муаммолардан бири “Хуммон” қишлоғининг йўли ҳақида борадиган бўлса, биргина 2019 йилнинг май ойида Шаҳрисабз туман ободонлаштириш бошқармаси томонидан йўлни таъминлаш бўйича қўйидаги ишлар амалга оширилган. Яъни, йўлга тушган тоғ жинслари, харсангтошлар шағал-лой аралашмаларидан иборат 2470 м3 масса экскваторлар ёрдамида олиб ташланиб, йўлда ҳаракатланиш яхшиланган. Тоғ жинсларидан тўлиб қолган йўл четидаги сув ариқлари экскватор ёрдамида тозаланиб, сув йўллари тикланган. Шунингдек, йўлнинг 147 м3 масофасида қўм-шағал аралашмалари ётқизилган ва сув ювиб кетган жойлар тўлиқ текисланган.

Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаш жоизки, Шаҳрисабз туманинг тоғли ҳудудида мавжуд қишлоқларнинг барчасида куз, қиш ва баҳор ойларида содир бўладиган ёғингарчиликлар, сув тошқинлари, кўчкилар туфайли йўллар жуда катта талофат кўради. Ҳар йили баҳор ойидан бошлаб, тоғли қишлоқларнинг йўллари жорий таъмирдан чиқарилади. Юқорида айтганимиздек, сув ювиб кетган, кўчки босган йўллар очилиб, текисланади. “Хуммон” қишлоғи асосан вилоятимизнинг Яккабоғ тумани орқали Шаҳрисабз тумани билан боғланади. Тоғли ҳудудда йўлни капитал таъмирлаш учун туман марказига яқин ҳудудларга нисбатан 2-3 баравар маблағ сарфланади. Техникаларни ишлатиш ҳам ўта мураккаб жараён кечади. Албатта, туман ҳокимлигида тоғли қишлоқ ҳудуддаги ички йўлларни таъмирлаш бўйича дастурлар қабул қилинган лекин, бу дастурларни тўлиқ амалга ошириш учун туман буюджетининг имкониятлари чекланган. Шунинг учун бу дастурда кўзда тутилган таъмирлаш ишлари вилоятдаги тегишли бошқармаларга, республикадаги тегишли вазирликларга хатлар билан чиқилган ҳамда улар босқичма-босқич ҳал этилади.

Кўрсатувда қишлоқ аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида муаммо кўтарилиб, айрим фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан ўтказиб олинган ва сув қувурига уланмаган нуқталар кўрсатилиб, фуқарони эшшакда сув тошиётган тасвири узатилган. Ваҳоланки, 2018 йилда республика бюджети ҳисобидан “Ҳисор” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли “Қорабайр” ҳамда “Хуммон” қишлоқлар аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида “Ҳисор” қўриқхонаси ҳудудидаги чашмадан 12.8 км масофага Д-90мм-50мм сув қувурлари янгиттан ётқизилиб, тоза ичимлик суви билан тўлиқ таъминланган. Ҳозирда қишлоқ ҳудудида ўрнатилган барча қувурларда тоза ичимлик суви доимий равишда келиб турибди (бу ҳолатни тасдиқловчи фотолавҳалар илова қилинади). Негадир, журналист бу манзарани суратга олишни лозим топмаган. Гуёки, у буюртма асосида келгандек, ҳамма нарсадан камчилик излаган.

Шу ўринда биргина мисол, видеолавҳада қишлоқ аҳолисининг дамас автомашинасини  юқорига суриб чиқараётган ҳолатини олиб қарайдиган бўлсак, бу ҳудудда умуман йўл ўтмаганлигини яққол кўриниб турибди. Бундан чиқадики, бу манзара атайин уюштирилган.

Тўғри, бу билан биз “Хуммон” қишлоғидаги мавжуд муаммолардан қочиш, ёки бўлмаса журналистни айблаш фикридан йироқмиз. Аммо, танқид қанчалар холис бўлса, айнан журналист уларни ёритишда тўғри ёндашса, муаммоларни бўрттириб кўрсатмаса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Шу ўринда юқоридаги “Хуммон” қишлоғида электр масаласида билдирилган танқид бўйича туман электор тармоқлари корхонаси раҳбари Умид Бозоров билан боғландик. Аммо, Умид Бозоров ушбу вазият юзасидан ҳеч қандай маълумот бера олмаслигини, сабаби эса вилоят электр тармоқлари корхонаси раҳбарияти бунга рухсат бермаганини билдириб ўтди.

Албатта, юқоридаги танқид юзасидан биз “Қашқадарё вилоят ҳудудий электр тармоқлари” АЖ раҳбариятидан ўз муносабатини кутиб қоламиз.

Сарварбек Примов

Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари