
ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИДА ЮЗАСИГА КЕЛГАН НОСОЗЛИКЛАР БАРТАРАФ ЭТИЛАДИ
Жорий йилнинг 17 январь куни Телеграм ижтимоий тармоғининг “KESHNEWS” каналида “Лолистонда электр токида кучланишни кўриб, шу ҳам электр токими дейсиз” сарлавҳали танқидий хабар эълон қилинди. Унда электр энергияси кучланиши жуда пастлиги, ҳаттоки уйни ёритмаслиги айтиб ўтилган. Бундан ташқари, ушбу хабарда маҳалладаги симёғочлар ҳолати ҳам танқид остига олинган.
Бу борада биз Шаҳрисабз туман электр тармоқлари корхонаси билан боғланиб, қуйидаги маълумотларни олишга мувоффақ бўлдик.
Электр энергияси тез-тез учиш ҳолатлари кузатилишига сабаб, биринчи галда ҳаво ҳарорати кескин совиши туфайли, аҳолининг кундалик электр энергиясига бўлган эҳтиёжи ортиб кетганлиги, бу эса ўз навбатида электр трансформаторларнинг қизиши натижасида ўз-ўзини совутиш системаси йўлга қўйилганлиги асосида юқоридаги ноқулайликлар юзага келганлиги маълум бўлди.
Яна шунингдек, сўнгги йилларда тумандаги ушбу ҳудудда якка тартибда қурилган хонадонларнинг сони ошганлиги туфайли, электр энергияга бўлган талаб ҳам ортиб борганлиги кўрсатиб ўтилган.
Албатта, камчиликлар мавжуд, аммо уларни бартараф этишда эса бир мунча вақт ва молиявий жиҳатдан эътиборни талаб этади. Мазкур ҳудуд Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ 2661-сонли қарори бўйича 2020 йил Давлат дастурга киритилиб, жорий йилда қўшимча 100кв ҳажмли трансформатор ўрнатилиши ва модернизация ишлари тўлиқ йўлга қўйилиши режалаштирилган. Режага мувофиқ ишлар тўлиқ якунига етгач, ушбу ҳудуд аҳолисининг электр энергиясига бўлган талаби буткул қаноатлантирилади.
Шу ўринда аҳолининг мурожаати юзасидан фолият олиб бораётган блогерлар, аввало, мурожаатни шундайлигича чоп этмасдан, тегишлилиги бўйича масъул ходимлардан, ёки бўлмаса туман ҳокимлиги ахборот хизматидан расмий маълумот олиб, ушбу ҳолат бўйича ўзининг холис муносабатини билдирса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ахборот хизмати