ЯХШИЯМКИ МАШИНАНИ БОШҚАРА ОЛМАЙ ҚОЛГАН

ЯХШИЯМКИ МАШИНАНИ БОШҚАРА ОЛМАЙ ҚОЛГАН

Яқинда Шаҳрисабз туманидаги “Қўшқанот” МФЙ биносида Шаҳрисабз туман Маъмурий судининг сайёр суди бўлиб ўтди. Унда Шаҳрисабз тумани “Қўшқанот” МФЙ, Қўшқанот қишлоғида яшовчи 1993 йилда туғилган фуқаро Н.И. ҳамда Шаҳрисабз тумани “Тўдамайдон” МФЙ, Сахвант қишлоғида яшовчи 1988 йилда туғилган фуқаро А.С. (айрим сабабларга кўра, судланувчиларнинг исм-шарифлари қисқартириб келтирилмоқда) устидан қўзғатилган маъмурий иш маҳалла фаоллари, кенг жамоатчилик иштирокида кўриб чиқилди.

Жорий йилнинг 9 февраль куни тунги соат 00:35ларда фуқаро А.С. ўзига тегишли бўлган “Нексия” русумли автотранспорт воситасини қонунга хилоф равишда шериги, спиртли ичимлик истеъмол қилган Н.Ига бошқариш учун беради. У Мираки-Шаҳрисабз йўналиши бўйлаб машинани бошқариб келиб, Шаҳрисабз тумани “Мевазор” МФЙ Муминобод қишлоғига етганида автомашинани ўчириб қўяди ҳамда уни қайта ўт олдиролмайди. Бу ҳолатни ушбу ҳудудни назорат қилиб юрган туман ички ишлар бўлими ходими Б.Хотамов кўриб қолиб, машинадаги ҳар иккала шахснинг ўта маст ҳолатда эканлигини англайди. Натижада туман ички ишлар бўлими ходими уларни туман тиббиёт бирлашмасига қарашли диспансерида экспертизадан ўтказади.

Экспертиза хулосасида фуқаролар Н.И., А.С. жуда кўп миқдорда спиртли ичимлик истеъмол қилганлиги маълум бўлади. Бу ҳолат юзасидан маъмурий баённома тузилади.

Яхшиямки, улар машинани ўт олдиролмаганлар, акс ҳолда бу воқеа ўта аянчли якун топиши ҳам мумкин эди.

Судда фуқаролар Н.И., А.С. ўз айбларига иқрор бўлишиб, бундан пушаймон эканликларини билдиришган. Туман маъмурий судининг қарорига кўра, машина эгаси А.С. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 131- модда 3-қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари яъни,  5.575.000 сўм миқдорида жаримага тортилди ҳамда 2 йил муддатга машинани бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилди.

Шунингдек, ўзгани машинасини қонунга хилоф равишда ва ўта маст ҳолатда бошқарганлиги учун фуқаро Н.И. эса Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 131- модда 1-қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари яъни,  5.575.000 сўм миқдорида жаримага тортилди ҳамда 1 йил-у 6 ой муддатга транспорт машинасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Очиқ суд якунида туман маъмурий суди раиси Латофат Зайниддинова, туман ички ишлар бўлими йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими бошлиғи майёр Хисрав Хайруллаевлар йиғилганларга транспорт воситасини маст ҳолатда бошқарганда фуқароларга қонунларимизда кўзда тутилган маъмурий жазолар тўғрисида кенг тушунчалар беришди. 

Сарварбек Примов

Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари