ВАҲИМАГА ТУШИШГА АСОС ЙЎҚ
Коронавирус пандемияси тарқалиши муносабати билан республикамизда 16 март куни карантин эълон қилингач, айрим фуқароларимиз орасида “озиқ-овқат маҳсулотлари тақчил бўлармиш” деган ноўрин ваҳиманинг пайдо бўлганлиги ҳеч кимга сир эмас. Лекин шуни унутмаслик керакки, Президентимиз раҳбарлигида ташкил этиглан коронавирус пандемиясига қарши курашиш бўйича ишчи комиссияси халқимизни зарур озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминламоқда. Жойи келганда шуни айтиш керакки, вилоят ва туманларда ташкил этилган ишчи гуруҳлари бозорларимизда, савдо-расталаримизда зарур озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг сунъий ўсиб кетмаслиги устидан қатъий чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Ҳозирда биргина Шаҳрисабз мисолида олиб қарайдиган бўлсак, туман ишчи гуруҳи туманнинг тоғли ҳудудларидаги деҳқон ва фермер хўжаликлари ҳисобидан 200 тоннадан зиёдроқ картошка захираси мавжудлигини аниқлаб, уни туманимиздаги “Янги Чоршанбе қўрғони” деҳқон бозори ва туманнинг турли ҳудудларидаги озиқ-овқат савдо дўконлари орқали сотилишини йўлга қўймоқда. Туманимизда аҳоли эҳтиёжларини тўла қоплайдиган ун, гўшт, ўсимлик ёғи ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари етарли миқдорда мавжуд.
Ҳурматли шаҳрисабзликлар!
Кўча-куйда ва бозор ҳудудларида айрим кимсалар томонидан “озиқ-овқат маҳсулотлари етишмовчилиги вужудга келармиш” деган миш-мишларга ишонманг. Бундай асоссиз миш-мишларни тарқатаётган фуқароларга нисбатан муросасиз бўлинг. Карантин даврида биз қанчалик жипслашсак, бир-биримизга мадад қўлимизни узатсак, жамиятда юзага келиши мумкин бўлган, қонунбузарликлар, тартибсизликларни олдини олсак, ҳеч шубҳа йўқки, биз бу балодан беталофат чиқиб кетамиз.
Қадрли тадбиркорлар!
Карантин даврида арзимаган даромад деб озиқ-овқат маҳсулотларининг нарх-навосини ўстириб юборишга йўл қўйманг. Балки, мана шундай мураккаб вазиятда халқимизга елкадош бўлиб, уларнинг оғирини енгил қилишга кўмаклашинг. Бунинг хайр-баракасини яратганнинг ўзи беради.
Яна шуни ҳам унутмаслигимиз керакки, карантин даврида жамоат тартибини сақлаш, фуқароларимизнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича қонун талаблари асосида ишлаб чиқилган. Аҳоли ўртасида ваҳима уйғотиш мақсадида миш-мишлар тарқатган ҳар қандай шахс 66 млн 900 минг сўмдан 89 млн 200 минг сўмгача миқдорда жарима ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу кунларни енгиб ўтиб касалликни давф этишда Аллоҳнинг ўзи барчамизга мададкор бўлсин.
Сарварбек Примов
Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари