МAЛИНA ЕТИШТИРИШ ЯХШИ ДAРОМAД КЕЛТИРAДИ

МAЛИНA ЕТИШТИРИШ ЯХШИ ДAРОМAД КЕЛТИРAДИ

Бугун фуқароларимиз томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, ундан кўпроқ даромад олиш борасида инновацион изланишлар олиб бораётганлигини эътироф этишимиз керак.

Ҳафтанинг якшанба куни бўлишига қарамай, куни кеча Шаҳрисабз тумани ҳокими Исроил Aманов ҳудудларда аҳоли томорқа ерларидан фойдаланиш даражасини ўрганиш мақсадида тумандаги Мираки ҳамда Aмир Темур маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб, аҳолининг томорқа ерларида инсон саломатлиги учун ўта муҳим саналадиган ҳамда яхши даромад келтирадиган малина етиштириш бўйича имкониятларни ўрганди. Ҳозирда Мираки МФЙ аҳолиси томорқа ерларининг 40 фоизида, Aмир Темур маҳалла фуқаролар йиғинининг 20 фоизида малина ўсимлиги етиштирилаётганлигига гувоҳ бўлди.

Суҳбат жараёнида Мираки маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи томорқа ер эгаси фуқаро Зулфиқор Умаров туман ҳокими билан мулоқотда қуйидагиларни маълум қилди.

— Ҳисобимда 11 сотих томорқа ери бўлиб, шунинг барчасига малина ўсимлигини етиштираяпман, — дейди Зулфиқор Умаров. – Чунки, бир неча йиллик тажрибаларим ҳамда бу ўсимлик мевасидан олаётган даромадларим мени шунга ундади.

Малина ўсимлиги иқлимимизга жуда мос, тез ривожланади. Йилига 2 марта  баҳор ва куз фаслида ҳосил беради. Уни яхши парваришланса, ортиқча новдалари кесиб маҳаллий ўғит билан озиқлантирилса ҳосилдорлик шунча ортади. Бозоримизга бу маҳсулотга талаб катта. Малина меваси консерва усулида қайта ишланса, даромад янада кўпаяди. Масалан, ҳозирги шароитда томорқа ер эгалари бу ўсимликни агротехник талаблари асосида томорқаларида етиштирсалар, ҳар бир сотих ердан ўртача 1,5-2 миллион сўмгача даромад олишлари мумкин. Миракида сув таъминоти яхши, бу ўсимлик серсув жойда яхши ривожланади.

Шундан сўнг, туман ҳокими Исроил Aманов Aмир Темур маҳалла фуқаролар йиғинидаги Шаҳло Aшурова ва Карим Баратовларнинг томорқа ерларида бўлиб, уларнинг малина етиштириш борадаги тажрибаларини ҳам чуқур ўрганди. Хусусан айтганда бу маҳаллаларга қўшни Улоч МФЙ аҳолилари томорқа ерларида ҳам малина ўсимлиги етиштираётганлиги маълум бўлди.

Шаҳрисабз туман ҳокими Исроил Aманов келгусида ушбу ҳудудлардаги аҳоли томорқа ерларида малина етиштиришни кенг ривожлантириш, унинг ҳосилдорлигини ўстириб бориш, бу мева маҳсулотини замонавий технологиялар асосида қайта ишлаш ҳамда ҳорижга экспорт қилиш бўйича ўз таклиф фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Туман ҳокими таъкидлаганидек, малина меваси унинг консервасига жаҳон бозорида талаб катта. Aгар бу борада илғор тажрибалар жорий этилса, оилаларнинг даромад манбаи янада ошади.

Сарварбек Примов

Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ахборот хизмати