ОТАХОН БУ ЭЪТИБОРДАН НИҲОЯТДА МАМНУН БЎЛДИ

ОТАХОН БУ ЭЪТИБОРДАН НИҲОЯТДА МАМНУН БЎЛДИ

Кекса авлод вакилларига, айниқса, уруш фахрийларига алоҳида ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг оғирини енгил қилиш, ижтимоий ҳимоялаш, муносиб турмуш тарзини яратиб бериш давлатимиз сиёсатининг устувор даражасига кўтарилган, десак муболаға қилмаган бўламиз.

Туманимиз ҳокими Исроил Аманов 9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида туманимиздаги Сарой қишлоғида яшаб келаётган Иккинчи жаҳон уруши фахрийси Жўра ота Раҳимов хонадонида бўлиб, у кишига ўзининг байрам совғаларини улашганди.

Айнан мана шу ташриф чоғида туман ҳокими бу отахонимизга яшаш хонадонида алоҳида қулайлик яратиб беришни кўнглига тугиб қўйган эди.

Бугун туман ҳокими яна бир бор ушбу хонадонга ташриф буюриб, отахоннинг хонасига ёзнинг жазирамаси, қишнинг совуқ кунларига қулай шароитда яшаши учун “Артел” иситиш-совутиш мосламасини ўрнатиб берди.

— Биз кексаларга кўрсатилаётган бундай ғамхўрликлар учун мен шахсан Юртбошимизга, вилоят ҳамда туман ҳокимларига ўзимнинг самимий миннатдорчилимни билдирмоқчиман, — дейди Жўра ота ички бир фахр билан. – Менга билдирилган мана шу эътибордан бошим осмонга етди, бу ускуна жоннинг роҳати экан. Совуқ кунда ҳавони иситиб, иссиқда уни совутиб бераркан. Энди мана шу қулайликдан жажжи набираларим билан бирга баҳраманд бўламиз.

Ҳа, сал кам 1 асрни қаршилаётган Жўра ота сингари пиру бадавлат сингари инсонларга қанча ғамхўрлик кўрсатсак, шунча кам. Улар бизнинг мана шундай ёруғ кунларга етишимиз учун фашизм балосига қарши курашиб, юксак жасорат наъмуналарини кўрсатишган.

Сарварбек Примов

Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ахборот хизмати