ШАҲРИСАБЗ ЯНА МАҚОМ АНЖУМАНИГА МЕЗБОНЛИК ҚИЛАДИ

ШАҲРИСАБЗ ЯНА МАҚОМ АНЖУМАНИГА МЕЗБОНЛИК ҚИЛАДИ

Кечаги кунимизга назар ташласак, 2018 йилда қадимий ва ҳамиша навқирон Шаҳрисабз шаҳри ҳаётида рўй берган муҳим воқеа беихтиёр кўз ўнгимизда жонланиб, қалбимизни жунбушга келтиради. Чунки, Ўзбекистон Республикаси Президенти 2017 йилнинг 17 ноябрда «Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб, мамлакатимизда мақом қўшиқчилик тарихини ўрганиш, унинг энг илғор жиҳатларини санъатимизга кенг тарғиб этиш бўйича бир қатор хайрли ишлар амалга оширилди. Энг қувонарлиси эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 апрелдаги «Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказиш тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб, ушбу Халқаро мақом санъати анжумани 2018 йилнинг 6-10 сентябрь кунлари буюк соҳибқирон бобомиз Амир Темурнинг киндик қони томган кўҳна Кешда ўтказиладиган бўлди.

Хўш, «бу Халқаро анжуманни ўтказиш учун нега айнан Юртбошимиз Шаҳрисабз шаҳрини танлади» деган савол дилимизда пайдо бўлиб, бу хусусда турфа фикрлар билдирилди. Назаримда бу саволга давлатимиз раҳбарининг ўзи шу қадар тўғри, холисона таъриф бердиларки, ҳеч кимда бу масала хусусида эътирозга ўрин қолмади.

Сабаби, Прездентимиз буюк бобокалонимиз Амир Темурни ўз замонасида маданият, санъат, илм-фан ва маънавиятнинг юксак ҳомийси бўлганлигини алоҳида эътироф этди. Айнан соҳибқирон ҳукмронлиги даврида Турон давлати илм-фан соҳасида юксалиб, буюк мутафаккир олимлари, санъат усталари, шоирларию, ижодкорлари, ва маданияти билан дунёга довруғ қозонган. Шу сабабли ҳам Шаҳрисабз мана шундай халқаро анжуманларга мезбонлик қилишга ҳақлидир.

Устозларимдан бири Шаҳрисабзда бўлиб ўтган Биринчи халқаро мақом санъати анжуманида иштирок этиб, ундан олган таассуротларидан руҳланиб, «Агар тарихимизда буюк соҳибқирон Амир Темурдек зот дунёга келмаганида эди, ҳозирги Ўзбекистон ўзининг тарихий шаҳарлари, улуғ мутафаккирлари билан дунёни лол қолдиролмаган бўларди» деган фикрни билдирганди.

Шуни эътироф этиш керакки, Президентимиз мана шу улуғ зотга нисбатан чексиз меҳр-муҳаббатини унинг киндик қони томган кўҳна заминни обод қилиш орқали изҳор этиб келмоқда. Чунки Шаҳрисабзда Биринчи Халқаро анжуманнинг ўтказилиши орқали энг аввало дунёнинг халқаро ҳамжамияти Амир Темурни қайтадан таниди, унинг она юрти бўлмиш Шаҳрикешнинг ўзига хос гўзалликларидан баҳраманд бўлишди.

Биринчи халқаро мақом санъати анжумани жараёнида газетамиз ижодкорлари бу азим гўшамизга ташриф буюрган кўплаб хорижий давлатларнинг санъат усталари билан мулоқотда бўлишди. Меҳмонларнинг деярли барчаси Шаҳрисабзда темурийлар ҳукмдорлиги даврида қурилган барча тарихий обидалар ўз салобатию, архитектура ечими жиҳатидан алоҳида ажралиб туриши ҳақида тўлқинланиб фикр гапиришганди. Айниқса уларда салобатли Оқсарой мажмуаси дунёнинг етти мўъжизаси қаторидан жой олган меъморий обида сифатида лол қолдирганини эътироф этишди.

— Болалигим шу юртда ўтган, — асли шаҳрисабзлик, ҳозирда АҚШда истиқомат қилаётган юртдошимиз анжуманда иштирок этган, Ўзбекистон Республикаси Халқ артисти Изро Малаков. — Мақом қўшиқчилиги бўйича илк сабоқни мен мана шу муқаддас заминдан олганман. Ота-боболаримдан эшитганман. Ҳатто Шаҳрисабз беги Бобобек мусиқа санъати, мақом қўшиқчилигини ривожлантиришда жуда катта хайрли ишларнинг бошида турган экан. амалга оширган экан.

Ўзбекларнинг санъатга, маданиятга бўлган ихлосини жуда қадрлайман. Ҳозирда ҳам Шаҳрисабзнинг бу борадаги салоҳиятини ниҳоятда юқори даражада деб биламан. Тарихий Ватанимдан қанчалар олисда яшамай, шаҳрисабзликларнинг меҳр-оқибатини юрак-юрагимдан ҳис этиб тураман.

Болалигимда Оқсаройнинг тепасига чиқиб олиб, олис-олисларни кузатишни яхши кўрардим. Ўшанда кўз ўнгимдан 30-40 чақирим наридаги Яккабоғ, Китоб, Чироқчи туманлари далалари яққол кўринарди. Бундан биз болаларча ҳайратга тушардик. Қаранг, ўз замонасида Амир Темурнинг салоҳияти шу қадар катта бўлганки, у қурдирган Оқсаройнинг довруғи Осиё, Европадан ўтиб, океанлар оша Америка қитъасигача етиб борган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 26 февралда «II Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказишга тайёргарлик кўриш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойиши қабул қилинди. Бунда асосий эътибор бу анжуманни ўтказишга пухта ҳозирлик кўриш, унга хорижий давлатлардан кўпроқ санъаткорларни жалб этиш, мақом қўшиқчилигини кенг тарғиб қилиш каби муҳим вазифалар белгилаб берилганди.

Юқоридаги фармойишга кўра II Халқаро мақом санъати анжумани 2020 йилнинг 5-10 сентябрь кунлари фестиваллар шаҳри Шаҳрисабзда ўтказилиши белгиланди.

Жорий йилнинг 30 июнида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов иштирокида II Халқаро мақом санъати анжуманига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича Ташкилий қўмита мажлиси бўлиб ўтиб, йиғилиш баённомаси тасдиқланди.

Коронавирус пандемиясига қарамасдан, бу йил бўлиб ўтадиган ушбу анжуманга хорижий давлатлардан келадиган сайёҳлар сони бирмунча кўп бўлиши кутилмоқда. Чунки, Биринчи Халқаро мақом санъати анжуманининг шукуҳи дунёдаги санъатсевар халқлар қалбида жуда катта қизиқиш уйғота олди. Қолаверса, мумтоз қўшиқчилик санъати турли давлатларда турлича номланса-да, унинг моҳиятида ўша халқларнинг узоқ ўтмиши, маданияти ва маънавияти яққол уфуриб туради.

Шунга ишонамизки, шаҳримизда яқинда бўлиб ўтадиган II Халқаро мақом санъати анжумани ҳам дунёга мумтоз қўшиқчилик санъатини кенг ёйишга хизмат қилади.

Сарварбек ПРИМОВ,

Шаҳрисабз туман ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари.