МУСТАҚИЛЛИК ИНШООТЛАРИ ИШГА ТУШДИ

МУСТАҚИЛЛИК ИНШООТЛАРИ ИШГА ТУШДИ

Ўзбекистон Респубиликаси Мустақиллигининг йигирма тўққиз йилиги байрами муносабати билан бир неча мактаб, мактабгача таълим, саноат, савдо, хизмат кўрсатиш бўйича янги бинолар фойдаланишга топширилди.

Хусусан, туманимиздаги Равот маҳалла фуқаролар йиғинида тадбиркор Обид Эшбобоев томонидан, 25 ўринли давлат хусусий шерикчилиги асосида оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бу мактабгача таълим муассасасида жажжи фарзандларимизнинг самарали таълим-тарбия олишлари учун барча қулайликлар яратилди.

Мактабгача таълим муассасасининг очилиши маросимига туман фаоллари, жамоат ташкилотлари вакиллари, фахрийлар ва ота-оналар иштирок этишди.

— Давлатимиз раҳбари мактабгача таълим ташкилотлари таълимнинг асосий пойдевори дея таъкидлаганлар, — дейди тадбирда сўзга чиққан Шаҳрисабз тумани ҳокими Самад Хасанов. – Дарҳақиқат, шундай. Чунки фарзандларимиз 3 ёшдан бошлаб, самарали таълим-тарбия олсалар, уларнинг кейинги таълимдаги салоҳиятлари ниҳоятда юқори бўлади. Барча ота-оналар бугун ўз фарзандларини мактабгача таълим ташкилотига қамраб олиш ҳақида қайғуришлари керак. Бу фарзандларимизнинг келажакда иқтидор ва қобилиятларини юзага чиқаришга хизмат қилади.

Чоршанбенинг янги савдо мажмуаси фойдаланишга топширилди

Шунингдек, шу куни аҳоли ўта зич жойлашган Шаҳрисабз туманининг Чоршанбе ҳудудида “Янги Чоршанбе Қурғони” МЧЖга қарашли замонавий савдо мажмуасининг очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Унда шу ҳудуддаги бир қанча маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари, фахрийлар, савдо ва хизмат кўрсатиш бўйича тадбиркорлар иштирок этишди.

Шуни эътибоф этиш керакки, ушбу савдо мажмуасида аҳолига савдо ва хизмат кўрсатиш бўйича дунё андозалари талабларига жавоб бера оладиган шарт-шароитлар яратилган. Мажмуанинг тантанали очилиш маросимида туман ҳокими Самад Хасанов ва бир қанча фахрийлар сўзга чиқишиб, йиғилганларни тобора яқинлашиб келаётган Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 29 йиллиги байрами билан самимий қутладилар.

— Ушбу савдо мажмуасининг ишга тушурилганлиги, халқимиз оғирини енгил қилади, — дейди Чоршанбе МФЙ раиси Жовли Зайниддинов. – Айниқса, бу деҳқонларимизга ўзлари етиштирган мева, сабзавот, полиз маҳсулотларини сотиш учун имконият яратиб беради.

Кадастр ходимлари янги бинога эга бўлишди

Аҳолининг кадастр хизматига бўлган эҳтиёжи йилдан йилга ошиб бораяпти. Шуни эътиборга олган ҳолда 2020 йилда Инвестиция дастурига асосан Шаҳрисабз тумани ер ресурслари ва давлат кадастр бўлими ҳамда ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси туман филиали жойлашган янги бино қуриб фойдаланишга топширилди.

2020 йилнинг 29 август куни ушбу янги бинонинг очилиш маросими бўлиб ўтиб, унда туман ҳокими Самад Хасанов, туман фаоллари соҳа мутахассислари ҳамда фуқаролар иштирок этишди.

Мазкур бинода аҳолига хавфсиз кадастр хизмати кўрсатиш бўйича барча шарт-шароитлар яратилган. Қолаверса, бу ерда аҳолига онлайн тарзда масофадан туриб хизмат кўрсатиш бўйича ҳам зарур имкониятлар яратилган. Бу эса кадастр хизматининг сифат ва самарадорлигини ўсишига олиб келади.

Сарварбек Примов

Шаҳрисабз тумани ҳокими матбуот котиби