Шаҳрисабз туман ҳокими Самад Ҳасановнинг 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан туманимиз ёшларига йўллаган байрам табриги

Шаҳрисабз туман ҳокими Самад Ҳасановнинг 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан туманимиз ёшларига йўллаган байрам табриги

Шаҳрисабз туман ҳокими Самад Ҳасановнинг 30 июнь – Ёшлар куни
муносабати билан туманимиз ёшларига йўллаган байрам табриги

Ассалому алайкум азиз ёшлар!
Бетакрор Ватанимизнинг жонажон фарзандлари!
Мана, бешинчи йилдирки, 30 июнь санаси мамлакатимизда Ёшлар куни сифатида кенг нишонланиб келинмоқда. Мамлакатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан ташкил этилган ушбу қутлуғ айём юртимиз ёшларининг орзу-ўйлари, мақсад ва интилишларини бир ғоя остида бирлаштирди, десам янглишмайман.
Ана шу умр баҳори – ёшлик айёми, теран мазмун ва моҳият касб этган Ёшлар куни билан барчангизни чин қалбдан қутлайман!
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг халқпарвар ва адолатли сиёсатларининг яна бир муҳим стратегияси баркамал, доно, билимли, дунёқараши кенг, интеллектуал қобилияти юксак, бир неча хорижий тилларда эркин суҳбатлаша оладиган, бир сўз билан айтганда шу муқаддас Ватанга муносиб фарзандларни тарбиялашдан иборатдир. Шу мақсадда сиз азиз ёшлар учун кўпгина имкониятлар эшиги очилмоқда. Хусусан, Олий ўқув юртларига ҳужжат топширишда танлов имкониятларининг оширилиши, имтиҳонларнинг шаффоф ва одилона ўтказилаётгани, турли кўрик-танлов ва олимпиадаларнинг ташкил этилаётгани фикримизнинг исботидир.
Ушбу узоқни кўзлаб қилинаётган ислоҳотлар туманимизда ҳам ўз ифодасини топиб келмоқда.
Шахсан Юртбошимизнинг хайрихоҳлиги ва ташаббускорлиги билан бугунги кунда ҳар бир ёш учун чинакам дўст ва маслаҳатгўй, унинг дарду-кечинмалари, орзу-истаклари, умид ва мақсадларини тинглай оладиган, рўёби учун ваколати доирасида яқин кўмак бера оладиган, ҳамиша ёнида елкама-елка турувчи бир лавозим жорий этилдики, – ушбу лавозим эгалари бўлмиш маҳаллалардаги ёшлар етакчиларининг олти ойлик меҳнат фаолияти давомида англадикки, ёшларимиз муаммолари ўз ечимини топишида улар муҳим рол бўлмоқда.
Қадрли ёшлар!
Қалби орзуларга тўла ўғил-қизларим!
Таъкидлаб ўтиш жоизки, туманимиз аҳолисининг 41 минг нафарга яқинини 18-30 ёш оралиғидаги норғул йигитлар ва лобар қизлар ташкил этади. Уларнинг билим салоҳиятини ошириш, ҳунар ўргатиш, спорт, маданият ва санъатга жалб этиш, уюшмаган ёшларнинг бошини қовуштириб, уларнинг бандлигини таъминлаш асосий мақсадимиздир. Ана шу эзгу йўлда меҳнат қилиш биз учун ҳам шараф, ҳам улкан масъулиятдир.
Биз сиз ёшлар билан ҳамиша биргамиз! Ҳамиша сиз билан учрашиб, муаммоларингиз, орзу-мақсадларингиз, қизиқишу интилишларингиздан доимо хабардормиз. Мен ва секторлар раҳбарлари бошчилигида мунтазам ёшлар билан сайёр қабуллар ташкил этилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг шу даврига қадар сайёр қабуллар ва ўтказилган хатловлар натижасида туманимизда 18 дан 30 ёшгача бўлган 1727 нафар ёшларнинг ишсиз эканлиги аниқланиб, рўйхати тузилган.
Йил бошидан ҳозиргача амалга оширилган ишларимиз натижасида, ишсиз ёшларнинг 1024 нафари яъни 59,3 фоизининг бандлиги таъминланди. Шундан, 377 нафари доимий ва жамоат ишларига, 155 нафарига тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун жами 5 млрд. 500 млн имтиёзли кредитлар ажратилди, 53 нафар ёшларга ўзини ўзи банд қилиши учун жами 172.2 млн сўмлик асбоб-ускуна ва меҳнат қуроллари ажратилди, 267 нафар ёшлар ўзлари қизиққан касб-ҳунарга ўқитилди, 166 нафар ёшлар 1+1 тамойили асосида тадбиркорларга бириктирилди, 358 нафар ёшларга деҳқон хўжалиги фаолиятини амалга оширишлари учун жами 148 гектар ер майдонлари ер-аукцион очиқ электрон савдоларига чиқарилди.
Кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларнининг олий таълим муассасаларида таълим олаётган ташаббускор ва иқтидорли фарзандларининг 166 нафарига шартнома-тўловлари учун 438 млн сўмдан ортиқ маблағ тўлаб берилди.
Бундан кейин ҳам мактаб, ўрта махсус таълими муассасалари ва олий ўқув юртлари битирувчиларининг ҳар бирини аниқ соҳада банд бўлишини таъминлаш энг асосий вазифаларимиздан бири бўлади.
2021-2022 ўқув йилида умумтаълим мактабларини жами 5478 нафар ёшлар битирдилар. Шундан 9 синфни 3147 нафар, 11-синфни 2331 нафар ёшлар тамомлади. Уларнинг 28 нафари олтин, 11 нафари кумуш медаллар билан тақдирланди.
Яна бир муҳим хушхабарни сизга етказсам, ўйлайманки, сиз ҳам бу ютуқларимиздан мамнун бўласиз. Туманимиздаги 39-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Мухлиса Маннонова Француз тилидан, 6-ИДУМИнинг 11-синф ўқувчиси Миржалол Файзуллаев физика фанидан республика фан олимпиадасида иштирок этиб, 1-ўринни қўлга киритди. Бу натижа сўнгги 4 йилда туманимизда илк бора кузатилмоқда. Ҳар иккала битирувчимиз ҳам Тошкент амалий фанлар институтига имтиҳонсиз қабул қилинди ва улар бир йиллик тўлов контракт пули ҳамда 20 миллион сўм билан тақдирланди.
Қадрдон ука-сингиллар!
Юқоридаги рақамлар бизда ҳаммаси зўр деган тушунча бермайди. Ҳали олдимизда қилиниши лозим бўлган ишлар, мақсад ва вазифалар кўп. Энг аввало, барчамиз шу Она Ватанимизнинг ёрқин истиқболи, нурли келажаги учун меҳнат қилаётганимизни, билим олаётганимиз, касб-ҳунар ўрганаётганимизни унутмайлик. Зеро, муқаддас ҳадиси шарифда “Ватанни севмоқ иймондандир”, дейилади. Унутманг, шу жонажон Ватанимизнинг умиди, эртанги куни, порлоқ истиқболи сиз азизларнинг қўлингизда.
Барчангизни ушбу қутлуғ сана – 30 июнь – Ёшлар куни билан чин қалбдан муборакбод этаман. Оилавий хотиржамлик, баркамоллик, касбу-корингизга барака тилайман. Ниятларингиз эзгу, орзу-умидларингиз юксак, мақсадларингиз порлоқ бўлсин, азиз ёшлар!
Ҳар бир бошлаган эзгу ишингизда Оллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин!

Ҳурмат билан,
Самад Ҳасанов,
Шаҳрисабз туман ҳокими