Шаҳрисабзда мақом устасига Президент совғаси — янги хонадон калити топширилди

Шаҳрисабзда мақом устасига Президент совғаси — янги хонадон калити топширилди

Шаҳрисабзда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, «Эл-юрт ҳурмати» ҳамда «Фидокорона хизматлари учун» орденлари соҳиби, миллий мақом устаси Элмурод Боймуродовга 70 ёшлик юбилейи муносабати билан Президент совғаси — янги хонадон калити топширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда маданият ва санъат соҳаси вакиллари, ижодкорнинг шогирдлари, дўстлари, соҳага алоқадор ташкилотлар вакиллари, ОАВ ходимлари иштирок этди.

Элмурод Боймуродов 1949 йилда Шаҳрисабз туманининг Мираки қишлоғида туғилган. Ўрта мактабни битиргач, Тошкент давлат театр ва рассомлик институтида таҳсил олди. 1971 йилда институтнинг режиссёрлик бўлимини тамомлаб, Қори Зокир Содиқов номидаги Шаҳрисабз шаҳар халқ театрига ишга келди. 2014 йилга қадар, яъни 43 йил давомида ана шу театрда режиссёр бўлиб ишлади. У театрда режиссёрлик иши билан бирга, 1972 йилдаёқ Шаҳрисабзда мақом ансамблини ташкил этди. Ансамбл фаолиятига ёш истеъдодларни жалб этиб, уларга мақом сирларини ўргатиб келди.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан айнан Шаҳрисабзда халқаро мақом санъати анжуманига асос солинишида Элмурод Боймуродовнинг ҳам хизмати бор.

— Бугунги эътирофдан кўнглим тоғдек кўтарилди. Санъатнинг нонини ейиш осон эмас, айниқса, мақом йўналишида. Кейинги йилларда миллий мақом санъатини ривожлантириш борасида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилаётгани, санъат аҳлига имконият ва имтиёзлар, шарт-шароитлар яратилаётгани таҳсинга лойиқ, — дейди Элмурод Боймуродов. (манба: daryo.uz)