Шавкат Мирзиёев Тошкент Ботаника боғида Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган байрам тадбирида иштирок этди

Шавкат Мирзиёев Тошкент Ботаника боғида Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган байрам тадбирида иштирок этди

Тошкент Ботаника боғида Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда Шавкат Мирзиёев иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълум қилди.

Давлат раҳбари байрам тадбирига келган уруш ва меҳнат фахрийларининг ҳар бири билан алоҳида саломлашиб, ҳол-аҳвол сўради. Уларга сиҳат-саломатлик, узоқ умр тилади. Нуронийлар юртга тинчлик-осойишталик, халқимизга фаровонлик тилаб дуолар қилди.

Боғда Иккинчи жаҳон уруши вақтидаги композициялар инсталляцияси акс эттирилган. Поезд ва ҳарбий техникалар намойиш қилинган.

Рамзий саҳнада машҳур ўзбек генерали Собир Раҳимов қўмондонлигидаги дивизиянинг қаҳрамонлиги акс эттирилди. Президент фахрийлар билан бирга уни томоша қилди.

Инсоният тарихидаги энг даҳшатли бу урушда Ўзбекистондан 1,5 миллиондан ортиқ одам қатнашган. Бутун халқ тинимсиз меҳнат қилиб, жанг майдонларига ҳарбий техника ва қурол-яроқ, кийим-кечак, озиқ-овқат етказиб турган. Уруш ҳудудларидан кўчириб келтирилган 1 миллионга яқин инсонга бошпана бериб, ўз ризқини баҳам кўрган.

Байрам тадбирида мамлакатнинг барча ҳудудларидан келган уруш ва меҳнат фахрийлари иштирок этди.

Шавкат Мирзиёев Хотира ва Қадрлаш куни ҳамда Ғалабанинг 74 йиллиги билан барча фахрийларни, бутун халқимизни табриклади.

Кексаларга, мўътабар фахрийларга юксак эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши экани таъкидланди.

Байрам тадбирида Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли, фолклор жамоалар, эстрада хонандалари ижросида куй-қўшиқлар янгради.

Бундай тадбирлар мамлакатнинг барча ҳудудларида бўлиб ўтмоқда. (манба: daryo.uz)