Қашқадарёда 15 нафар фидойи инсон сиймоси акс эттирилган «Хотира монументи» қад ростлади (фото)

Қашқадарёда 15 нафар фидойи инсон сиймоси акс эттирилган «Хотира монументи» қад ростлади (фото)

9 май куни Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси қошида бунёд этилган «Хотира монументи»нинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Вилоят ИИБ матбуот хизматига кўра, «Хотира монументи»да Ички ишлар тизимида самарали хизмат қилиб, жиноятчиларни қўлга олиш, зарарсизлантириш ҳамда хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлган 15 нафар фидойи инсон сиймоси акс эттирилган.

«Хотира монументи» рамзий тасмасини вилоят ҳокими Зафар Рўзиев ҳамда тизим фахрийлари вакиллари қирқишди.

«Аслида Ички ишлар ходими зиммасидаги масъулият юкини тасаввур этишнинг ўзи қийин, — дейди вилоят ҳокими Зафар Рўзиев. – У ўз ҳаловатидан, оиласи ташвишларидан, керак бўлса, жонидан ҳам кечиб бўлса-да, элининг ҳаловатини ўйлайди, унинг ташвишларига елка тутади». Вилоят Ички ишлар бошқармаси қошида мана шундай мажмуанинг очилиши ўз жонини эл-юрт осойишталиги йўлида фидо қилган жасур ва мард ходимлар хотирасига кўрсатилаётган улуғвор ҳурмат намунаси бўлди.

«Хотира монументи» очилишида вилоят Ички ишлар тизими ходимлари, фахрийлар, монументда номлари қайд этилган марҳум ходимларнинг оила аъзолари ва яқинлари, ёшлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

«Ватан учун жон фидо қилди‘ дегани — бу асло баландпарвоз гап эмас, — дейди вилоят Ички ишлар бошқармаси фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги полковник Содиқ Исломов. — Бу жумлани шунчаки айтиб бўлмайди. Чунки жон фидо қилиш – бу унча-бунча иш эмас. Жон кимга ҳам ширин эмас ахир? Лекин шу ширин жонни эл-юртнинг осойишталиги ва тараққиёти йўлига фидо этиш, ҳаётини она Ватани камоли учун бахш этиш  – ҳақиқий эркакнинг, мард ва фидойи инсоннинг иши. Бундай инсонларни эл ҳеч қачон унутмайди.Уларнинг азиз сиймолари, порлоқ хотиралари ҳамиша қалбимизда яшайди».

Тадбирда Ватан учун жон фидо қилган ходимлар ҳақида ҳам сўз борди. Айтилишича, Китоб тумани Ички ишлар бўлими профилактика инспектори, капитан Абдирашид Назаров фидойи ва мард инсонлардан бири сифатида 1992 йил 26 март куни Китоб тумани ҳудудида ўтказилган «Тун» тадбирида икки нафар ўта хавфли жиноятчини қўлга олиш вақтида ҳалок бўлган. Абдирашид Назаров Президент фармонига асосан II даражали «Шон-шараф» ордени билан тақдирланган. Шаҳрисабз туман Ички ишлар бўлими қўриқлаш бўлими милиционери, сержант Абдуҳалим Тошқулов эса 2000 йил 6 август куни Сурхондарё вилоятининг тоғли туманларида террорчиларга қарши ўтказилган жанговар ҳаракатлар вақтида қаҳрамонларча ҳалок бўлган. Президент фармонига асосан вафотидан сўнг «Жасорат» медали билан мукофотланган.

«Вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимида самарали меҳнат қилган марҳум полковник Абдукарим Юлбарисовнинг номи кўпчиликка яхши таниш, — дейди вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Дилшод Турсунбоев. — У 2003 йил 9 апрель куни Чироқчи туманида қуролланган жиноятчини қўлга олиш бўйича ўтказилган тадбирда мардларча ҳалок бўлган. Вафотидан сўнг Ватанимизнинг юксак мукофоти – II даражали «Шон-шараф» ордени билан тақдирланган. Бу ерда нурли сиймолари акс эттирилган ўн беш мард инсоннинг ҳар бирининг жасорати  ҳақида соатлаб сўзлаш мумкин. Уларнинг айримлари тафсилотлари ўтган йил пойтахтимиздаги «Ўзбекистон» нашриётида чоп этилган «Мард ўғлонлар номи барҳаёт» китобига киритилган». (манба:daryo.uz)

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

You may use these <abbr title="HyperText Markup Language">HTML</abbr> tags and attributes: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>