Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига сайланиш учун номзодини илгари сурмоқда

Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига сайланиш учун номзодини илгари сурмоқда

Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига 2021—2023 йиллар даврида сайланиш учун номзодини илгари сурмоқда. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ матбуот хизмати маълум қилди.

Шу муносабат билан «Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги кўнгилли мажбуриятлари» лойиҳаси ишлаб чиқилди. Тошкентда ушбу лойиҳанинг муҳокамаси бўйича миллий маслаҳатлашув бўлиб ўтди.

Тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, сиёсий партияларнинг парламент қуйи палатасидаги фракциялари аъзолари, Вазирлар Маҳкамаси, Олий суд, Конституциявий суд, турли вазирлик, ташкилот ва муассасалар вакиллари ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг фаоллари қатнашди.

Миллий маслаҳатлашув иштирокчилари эътиборига «Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги кўнгилли мажбуриятлари» лойиҳаси тақдим этилди.

Лойиҳада кейинги даврда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш соҳасида эришган ютуқлари, халқаро мажбуриятлар ва келишувларнинг миллий даражада рўёбга чиқарилиши бўйича қўлга киритилган натижалар, инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг халқаро ва минтақавий тузилмалари билан ҳамкорлиги самаралари қайд этилган.

Энг асосийси, лойиҳада Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига сайланса, 2021—2023 йилларда амалга ошириши кўзда тутилаётган кўнгилли мажбуриятлари санаб ўтилган. БМТ талаби бўйича учта асосий йўналишда – халқаро, минтақавий ва миллий даражаларда бажарилиши мўлжалланган ушбу ихтиёрий вазифалар рўйхати бир қанча банддан иборат. (манба:daryo.uz)