21 ОКТЯБРЬ – ЎЗБЕК ТИЛИГА ДАВЛАТ ТИЛИ МАҚОМИ БЕРИЛГАН КУН

21 ОКТЯБРЬ – ЎЗБЕК ТИЛИГА ДАВЛАТ ТИЛИ МАҚОМИ БЕРИЛГАН КУН

Ўзбек тили мустақил давлатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзи саналади. Шу жиҳатдан олиб қараганда, Давлат тили сифатидаги мақоми Конституциямизда алоҳида мустаҳкамлаб қўйилган.
1989 йил 21 октбярда ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганди. Бугун мана шу тарихий воқеага роппа-роса 30 йил тўлди. Республикамизда «Ўзбек тилига Давлат тили мақомини бериш тўғрисида»ги Қонунининг қабул қилиниши мустақиллигимизга ташланган илк дадил қадам деб баҳолаш мумкин. Чунки, ўша таҳликали даврда халқ, миллат тақдири учун ўта аҳамиятга молик бўлган бундай қонуннинг қабул қилиниши осон кечмаган.
Шунинг учун ҳам бу ўз даврида том маънода оламшумул воқеа бўлган эди. Ахир ўзингиз бир ўйлаб кўринг-а, дунёга Беруний, Ибн Сино, Ал Хоразмий, Ал Фарғоний, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, З.М.Бобур сингари буюк сиймоларни етиштириб берган халқнинг тилига эътибор ҳаминқадар эди.
Истиқлол йилларида ўзбек тилига эътибор батамом ижобий томонга ўзгарди, тилимиз тараққиётида муҳим ўзгаришлар юз берди. Энг қувонарлиси, ўзбек тилининг халқаро майдондаги обрўйи ошди ҳамда унинг бор гўзаллиги ва жозибаси тўла намоён бўла бошлади. Олимлар ва мутахассисларимиз томонидан ўзбек тилида илм-фан ва турли соҳаларга оид инциклопедия ва лўғатлар, дарслик ҳамда ўқув қўлланмалари яратилди. Масалан, бунга мумтоз адабиётимиз намуналари, 80 мингдан зиёд сўз ва сўз бирикмасини, фан-техника, саноат ва бошқа соҳаларга оид атамаларни, шеваларда қўлланиладиган сўзларни ўз ичига олган 5 жилдлик «Ўзбек тилининг изоҳли лўғати» яратилганлиги ижобий ишлардан бири бўлди. Буюк мутафаккирларимиз тилни миллатнинг руҳи, қиёфасига қиёслашади. Чунки, миллатнинг маданияти, илм-фан соҳасида эришган барча ютуқлари тили орқали намоён бўлади. Тил нафақат муомала воситаси балки юқорида айтганимизнингдек, халқнинг маднияти турмуш тарзи, тарихини ҳам ўзида ифодалайди. Шунинг учун ҳам барча даврларда миллатлар элатлар тилини ривожлантириш, уни софлигича сақлаб қолиш учун тинмай изланганлар. Биргина, буюк бобокалонимиз Алишер Навоийни оладиган бўлсак, унинг яратган асарлари ўзбек тилининг нақадар бойлигини дунёга тараннум этган. Ёки бўлмаса Амир Темур ҳукмронлиги даврида буюк саркарданинг бошқа давлатлар билан ўрнатган дипломатик муносабатлари тилимизнинг қудратини ўзига хос намоён этган.
Инсон учун тил қайси миллатга мансублигини белгилаб берувчи омил саналади. Қачонки, инсон ўз тили билан фахрлана олса, ҳаётда ўзини бекаму-куст санайди.
Албатта, хорижий тилларни ўрганиш киши дунё қараши-ю тафаккурини кенгайтирибгина қолмай, унда ўзга тилларга ҳурмат ва эҳтиром руҳини шакллантиради. Барча тилларни тан олиш ва ҳурмат қилиш дунёда тинчлик ва барқарорликни таъминлайди.
Юнесконинг тарқатган маълумотларига назар ташлайдиган бўлсак, бугун дунёда 6800 тадан зиёдроқ тил мавжуд бўлиб, уларнинг тенг ярми 8 та давлат Мексика, Индонезия, Камерун, Бразилия, Ҳиндистон, Хитой, АҚШ ва Россия ҳиссасига тўғри келаркан. Энг кўп тилли мамлакат сифатида Ҳиндистон тан олинган. Бу давлат аҳолиси 845 тил ва лаҳжаларда сўзлашаркан.
Сайёрамизда энг кўп аҳоли сўзлашадиган тил сифатида хитой, инглиз ва испан тиллари тан олинган. Биринчи ўнталикка ҳинд, бенгал, араб, партугал, немис, рус ва япон тиллари кираркан.
Таҳлилчиларнинг фикрича, ҳозирда дунёда хитой ва инглиз тиллари фойдаланиш бўйича ўз мавқеини ошириб бормоқда. Фойдаланувчилар сони бўйича айни дамда инглиз тили етакчилик қилаётган бўлсада, XXI асрнинг ўрталарига бориб, хитой тили дунёга асосий тил бўлиб қолиши мумкин экан.
Хўш, тилни асраб қолиш учун энг аввало нима қилиш керак, деган савол туғилади. Бунинг учун фарзандларимиз онгига она тилимизни мазмун-моҳиятини болалигиданоқ чуқур сингдириб боришимиз зарур бўлади. Бола оиладаёқ ўз тилида  тўғри сўзлашишни ўрганса, боғчада, мактабда бу борадаги билимларини янада бойитса унинг қалбида она тилига бўлган чексиз ҳурмат, эҳтиром туйғуси қарор топади.
Бадиий асарларни мутолаа қилиш ҳам ҳар биримизнинг сўз бойлигимиз ошишига олиб келади. Чунки, назм ва насрда ёзилган асарларимизни ижодкорларимиз, ўзбек тилининг имкониятларидан кенг фойдаланишганки, бу бизнинг сўзлашув маданиятимизни ривожлантиради.
Ўзбек тилининг имкониятлари ниҳоятда катта. Лекин, тилимиздан фойдаланишда баъзан оддий қоидаларга эътибор бермаймиз ва қонун талабларни бузиб қўямиз. Кузатишлармиздан келиб чиқадиган бўлсак, ҳар куни кўча-куйда кета туриб, бирор бир манзил, корхонага, ташкилот, савдо шунга ўхшаш тадбиркорлик фаолиятини кўрсатувчи сарлавҳаларга кўзингиз тушиб, кўнглингиз хира тортади. Уларнинг айримлари имло хато билан ёзилган бўлса баъзи бирлари ўзбек рус тиллари аралаш ифодаланган. Мана шундай сарлавҳаларни ёзишда, ўзбек тили лўғатидан фойдаланилса, рус тилидаги атамаларнинг ўзбек тилидаги таржимаси берилса, мақсадга мавофиқ бўлади.
Мазкур сана арафасида таълим муассасаларимизда турли ҳил тадбирлар ташкил этилмоқда. Бу яхши албатта. Аммо тил билан боғлиқ бундай тадбирларни доимо ўтказиб бориш йўлга қўйилса унинг аҳамияти самаралироқ бўлар эди.
Сарварбек Примов
Шаҳрисабз туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари