Туманимизнинг барча фуқароларига, иқтисодиётимизнинг таянчи ва суянчи бўлган тадбиркорларга туман сектор раҳбарларининг  МУРОЖААТИ

Туманимизнинг барча фуқароларига, иқтисодиётимизнинг таянчи ва суянчи бўлган тадбиркорларга туман сектор раҳбарларининг МУРОЖААТИ

  Ҳурматли тадбиркорлар!

           Шаҳрисабз туманининг ишбилармон, очиқкўнгил ва танти инсонлари!

Шаҳрисабз тумани – нафақат вилоятимизнинг, балки  мамлакатимизнинг ўзига хос катта тарих ва маданий меросга эга бўлган, кундан-кунга тобора ривожланиб бораётган илғор туманларидан биридир.

Шаҳрисабз нафақат буюк саркарда Амир Темур бобомиз, балки буюк алломалари, гўзал ва ўзига хос табиати билан ҳам машҳур. Бу заминда бир пайтда тўрт фаслнинг тароватини кўриш мумкин.

Шуниси эътиборлики, туманимизда кўплаб ер ости ва ер усти бойликлари, мафтункор иқлим, жозибадор флора ва фауна, энг муҳими, қулай тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳити мавжуд.

Шу сабабли ҳам Шаҳрисабзда кўплаб ишбилармон тадбиркорлар муваффақиятли фаолият олиб бормоқдалар. Улар томонидан амалга оширилган йирик лойиҳалар, эришган ютуқлари ҳудудни жадал ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини яхшилашда муҳим аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Қадрли дўстлар!

 Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш ва бизнесни юритиш учун қулай муҳит яратиш, тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Амалга оширилаётган ушбу саъй-ҳаракатлар туфайли тадбиркорлар ортиқча оворагарчилик, қоғозбозлик каби бюрократик тўсиқлардан халос бўлди, вақти ва маблағини тежаш имконияти яратилди. Барча даражадаги давлат бошқаруви идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари, тижорат банклари билан ўзаро муносабатларда тадбиркор ҳуқуқларининг устуворлиги принципи жорий этилди.

Жумладан, Хусусий мулк ва тадбиркорлик учун кенг шарт-шароит ва имкониятлар яратиб берилмоқда. Макроиқтисодий барқарорлик таъминланмоқда. Валюта бозори либераллаштирилди. Қишлоқ хўжалигида туб ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Буларнинг барчаси мамлакатимиз иқтисодиётининг таянч нуқтасига айланган хусусий секторнинг янада жадал ривожланишига хизмат қилмоқда.

Ўз навбатида, тадбиркор нафақат ўзини ва оиласини, балки халқни ҳам, давлатни ҳам боқади. Бинобарин, юртбошимиз таъбири билан айтганда, — “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”. Тадбиркорлик ривожланиши натижасида аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалалари ўз ечимини топади.

Демак, бизнинг асосий вазифамиз — кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, мамлакатимиз иқтисодий қудратини, юртимизда тинчлик ва барқарорлик, ижтимоий тотувликни мустаҳкамлашда бу соҳа ҳиссасини янада ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиб беришдан иборат.

        

Азиз тадбиркорлар!

         Жорий йилнинг 7 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан давлат бюджетига тушумлар прогнози ижросини таъминлаш, тадбиркорлик ва кичик бизнесни жойларда янада ривожлантириш учун қўшимча имкониятларни аниқлаш ва ишга солиш бўйича кўрилаётган чоралар самарадорлиги ҳамда бу борадаги долзарб вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам мамлакатимизда тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш бугунги кунда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири эканлиги алоҳида таъкидланди. Мухтарам Президентимизнинг таьбири билан айтганда, биз фақат фаол тадбиркорлик, тинимсиз меҳнат ва интилиш орқали тараққиётга, фаровон ҳаётга эриша оламиз

Мамлакатимизда ҳам тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва бизнес муҳитини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган туб ислоҳотлар натижасида соханинг иқтисодиёт барқарорлигидаги ўрни тобора ўсиб бормоқда. Бунга мисол сифатида,  Жаҳон банкининг «Бизнес юритиш–2020» ҳисоботида Ўзбекистон 7-поғонага кўтарилиб, 69-ўринни эгаллаганини ва дунёнинг энг яхши 20 та ислоҳотчи давлатлар қаторидан жой олганини фахр билан қайд этиш лозим.

Шунингдек, янги корхона очиш, бизнесни рўйхатдан ўтказиш қулайлиги бўйича юртимиз илк бор дунёда 8-ўринга кўтарилди.

Туманимизда ҳозирги кунда жами 1912 та кичик бизнес субъектлари мавжуд бўлиб, ўз фаолиятларини олиб бормоқда.

Шунингдек, мавжуд маълумотлар ва таҳлиллардан кўринишича, тадбиркорлик соҳасида айниқса жойларда қиладиган ишларимиз жуда кўплигини кўриш мумкин.

Хусусан, жорий йил 1 ноябрь ҳолатига Бош вазир қабулхонасига тадбиркорлар томонидан жами 106 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, уларда 116 та муаммоли масалалар қайд этилган.

Жумладан, 41 таси тижорат банкларидан кредит олишда, 43 таси ер ажратиш масаласида, 3 таси бўш бино ажратишда амалий ёрдам сўраб, 19 та ҳолатда эса тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда бошқа ҳолатдаги муаммолардан норози бўлиб ўзларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилинишида амалий ёрдам бериш ҳақидаги мурожаатларни ташкил қилади.

Шунга кўра, қайд этиш лозимки, туманимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли иш ташкил қилишимиз, мазкур соҳа бўйича тумандаги мавжуд имкониятлардан тадбиркорларни яқиндан таништириб бориш зарур. Акс ҳолда эртанги натижа биз кутгандек бўлмаслиги мумкин.

Айтайлик, саноат сохасида иш бошламоқчи бўлган тадбиркорлар эътибор қаратсак, Шаҳрисабз тоғлари маъданларга, тупроқ, шағал, мармар тош ва бошқа фойдали норуда тоғ жинсларига бой. Ушбу хом-ашё захираларидан саноат махсулотлари ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириш, яъни маҳаллий хом-ашё негизида қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мумкин.

Туманнинг аксарият ҳудудларида пухта ўйланган ва режалаштирилган агротехник тадбирлар ўтказилиши самарасида йилига 2-3 мартадан ҳосил олиш имкони мавжуд.

Туризмни яхши йўлга қўйиш ва уни ривожлантиришга қизиқувчи тадбиркорлар эътибор берсалар, Шаҳрисабзда тарихий жойлар, диққатга сазовор ёдгорликлар, муҳим маданий анъаналар, маҳаллий маҳсулотлар ва табиий заҳиралар кўп бўлиб, бу нарса туманда маданий сайёҳликни, агросайёҳликни (масалан, қишлоқ хўжалиги етиштириладиган ҳудудларда) ҳамда Самарқанд ва Шаҳрисабз ўртасидаги тоғ тизмаларида экологик сайёҳликни ривожлантириш имконини беради. Айниқса, “Афросиёб” поездининг Шаҳрисабзгача йўналишга қўйилганлиги бу борада туманимизда туризм соҳасини ривожлантиришга улкан имкониятлар эшигини очади.

Бўш ер майдонларини олиш тартиби ҳам анча такомиллаштирилиб, олдинги эски тартибга нисбатан анчагина шаффофлашди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 июндаги “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини электрон аукцион орқали доимий фойдаланишга бериш тартиб тўғрисида” ги 493-сонли қарорига асосан бўш турган ер участкаларини “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончасига чиқарилмоқда.

Ҳозирда туманимиз бўйича жами 0,3 гектар ер майдонига эга бўлган 45 та бўш турган ер участкалари электрон савдоларда турибди.

Шаҳрисабз туманида жами 269 та бўш турган объектлар аниқланган бўлиб, шундан 262 таси бўш турган бино-иншоотлар,     7 таси эса бўш турган ер майдонлари ҳиссасига тўғри келади. Жорий йилда 57 та бўш турган объектларга тадбиркорлар томонидан 9 млрд. 499 млн.сўмлик инвестиция киритилиб, 126 та янги иш ўринлари яратилди. Шунингдек, 2019 йил 1 ноябрь ҳолатида туманда 14 та бўш турган Давлат мулки объектлари мавжуд.

Шаҳрисабзда чорва молларини боқиш, уни кўпайтириш учун барча имкониятлар мавжуд бўлганлиги сабабли бу соҳада қайта ишлаш лойиҳларини амалга ошириш имкониятлари катта.

Бизнинг асосий фаолиятимиз – элу юрт равнақи, мамлакатимиз иқтисодий фаровонлиги, аҳолининг бандлиги ва рўзғорига барака киритаётган қадрдонларимиз – тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилади. 50 фоиз иш вақтимизни янги кичик бизнес субъектлари ташкил этиш ва фаолиятини вақтинча тўхтатган тадбиркорларнинг муаммоларини аниқлаш ҳамда уларни ҳал этишга, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга йўналтирилган ташаббусларини ўз вақтида амалга оширишга, ушбу жараёнга ёшлар ва хотин-қизларни жалб қилиш, барқарор янги иш ўринлари яратиш, аҳоли турли тоифаларининг моддий фаровонлигини ошириш йўлида сарфлаймиз.

Қадрли тадбиркорлар!

Мавжуд имкониятларни ҳисобга олиб, тумандаги катта тажрибага эга бўлган, тадбиркорлик соҳасида кўп йиллар давомида меҳнат қилиб етарлича кўникмаларга эга бўлган тадбиркорларнинг таклифларини умумлаштириб, шунингдек ўтган давр мобайнида тумандаги Бош вазир қабулхонасига тадбиркорлар томонидан келиб тушган мурожаатларни чуқур таҳлил қилиб, унда кўтарилган масалаларни инобатга олган ҳолда туманимиз тадбиркорларига мурожаат қиламан:

туман ҳокими сифатида ўзим ҳар куни соат 19-00 дан                 22-00 гача тадбиркорларни тўғридан-тўғри қабул қиламан;

— келгусида ҳамма нарса, давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларининг барча саъй-ҳаракатлари фақат тадбиркорлар учун бўлиши таъминланади;

— бундан буён тадбиркорларга ва уларнинг тадбиркорлик фаолиятига ҳеч қандай тўсиқлар бўлмаслиги кафолатланади;

— тумандаги барча раҳбарлар тадбиркорларга яқиндан кўмакчи ва ҳамкорликда ишлаши таъминланади;

— туман ҳокими ҳамда сектор раҳбарлари ҳар куни тадбиркорлар ва уларнинг муаммолари билан шуғулланиши кафолатланади;

— махсус график ишлаб чиқилган ҳолда туман ҳокимининг ўринбосарлари, туман ташкилотлари раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси билан ҳамкорликда ҳар бир маҳаллаларда мунтазам равишда сайёр қабуллар ташкил этади;

— ҳар бир давлат идораларига тадбиркорлар томонидан тўғридан-тўғри ҳамда Бош вазир қабулхонаси орқали келиб тушган мурожаатларни ўз вақтида кўриб чиқилиб, ҳал этилиши сўзсиз таъминлаш чоралари кўрилади;

— тадбиркорлик фаолиятига асоссиз аралашиш, рухсатсиз тадбиркорлик мулкларига зарар етказиш ва бошқа турдаги ғайри қонуний хатти-ҳаракатлар қонуний жавобгарликка тортилиши кафолатланади.

Тадбиркор ва унинг тадбиркорлик фаолиятига ҳеч қандай тўсиқ, ғов бўлишига йўл қўйилмайди. Тумандаги 4 та сектор раҳбарлари – туман ҳокими, туман прокурори, туман ички ишлар бўлими бошлиғи, туман Давлат солиқ инспекцияси бошлиқлари  – барчамиз Сиз учун яқин кўмакчи, ҳамкор ва дўстмиз.

ЭЪТИБОРЛАРИНГИЗ УЧУН РАҲМАТ!

 Мурожаат учун телефон рақамим: 75-521-01-18

Сарварбек Примов

Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

You may use these <abbr title="HyperText Markup Language">HTML</abbr> tags and attributes: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>