Шаҳрисабз тумани ҳокими Исроил Амановнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганлигининг 28 йиллиги муносабати билан табрик сўзи

Шаҳрисабз тумани ҳокими Исроил Амановнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганлигининг 28 йиллиги муносабати билан табрик сўзи

Ҳурматли тадбир қатнашчилари!

Азиз ёшлар! Мана бугун Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганлигининг 28 йиллигини кенг нишонлаяпмиз. 1991 йилнинг 18 ноябрь куни мустақил Ўзбекистонимизнинг тарихига жонажон Ватанимизнинг давлат рамзи бўлмиш Ўзбекистон байроғи қабул қилинган кун сифатида кирди ва ҳар йили бу кунни бутун халқимиз кенг нишонлаб келмоқда.

Тарихимизга назар ташлайдиган бўлсак, буюк саркардаларимиз Широқ, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Бобур Мирзоларнинг жанговар юришларида байроқ аскарларга катта руҳ ва шижоат бағишлаб, уларни буюк ғалабалар сари етаклаган. Шу жиҳатдан олиб қараганимизда юртимизда давлат рамзи бўлмиш байроқнинг пайдо бўлиш тарихи жуда узоқ ўтмишга бориб тақалади.

Истиқлолнинг дастлабки йилларида мустақил Ўзбекистонимизнинг барча ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий асосларини таъминлаб берувчи давлат рамзларини яратиш осон кечмади. Ҳали мустабид собиқ шуролар тузумининг кучли бир таъсири сезилиб турган бир паллада Биринчи Президентимиз Ўзбекистон байроғининг рамзини яратиш бўйича таклифни илгари сурди.

       Бу борада халқимизнинг узоқ йиллик ўтмиши, тарихан ривожланиш жараёнлари, айниқса, буюк соҳибқирон Амир Темур асос солган Турон давлатининг салоҳияти, куч-қудрати, миллий қадриятларимиз, анъаналаримиз чуқур ўрганилди. Дастлаб, байроқнинг бир неча кўринишдаги шакллари яратилиб, у кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди. Халқимизнинг бу борадаги фикр, таклиф, мулоҳазалари эътиборга олинди. Натижада, 1991 йилнинг 18 ноябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 8-сессиясида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги масала кўриб чиқилиб, бугун давлатимиз узра ҳилпираб турган Ўзбекистон Республикасининг Байроғи қабул қилинди ва “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонуни маъқулланди.

       Ҳуш, бугун ҳар биримизнинг қалбимизга чексиз фахр ифтихор туйғуларини бағишлаётган давлатимиз байроғидаги рамзлар ва ранглар нималарни англатади?

       Аввало, байроғимиз ва ундаги рамзлар бугунги Ўзбекистон сарҳадида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқлигини англатиб, республикамизнинг миллий ва маънавий анъаналаримизни ўзида чуқур мужассамлаштирган.

       Байроғимиздаги мовий ранг бу тириклик рамзи бўлиб, юртимиздаги обиҳаёт ва мовий осмонни англатади. Донишмандларимиз тилида бу яхшиликни, ҳалолликни, шон-шуҳрат ва садоқатни билдиради. Ваҳоланки, дунёга довруқ қозонган буюк саркарда Амир Темурнинг байроғи ҳам мовий рангда бўлган.

       Халқимиз доимо тинчлик, тотувлик ва ўзаро ҳамжиҳатликнинг тарафдори бўлиб келган. Байроғимиздаги оқ рангда айнан халқимизнинг мана шу юксак қадриятлари акс этган. Шуни эътироф этиш керакки, бугун республикамизда кўплаб миллатлар, элатлар ўзбек халқи билан бирдамликда, бир оила фарзандларидек яшаб келишаяпти. Бунинг замирида ҳам давлатимиз томонидан олиб борилаётган тинчликпарвар сиёсат ётганлигини кўрамиз, албатта.

       Табиатнинг янгиланиши яшиллик билан бошланади. Бу уйғониш, яшаришни англатади. Байроғимиздаги яшил рангда эса мана шу жиҳатлар чуқур сингдирилган.

       Миллатимиз ўз куч қудратини бутун дунёга намоён эта олганлиги билан ҳам жаҳон ҳамжамиятининг эътирофига тушган. Байроқдаги қизил ранг халқимизнинг томирида оқиб турган жўшқин қонни, яъни жасоратимизни намоён этади.

       Байроғимиздаги навқирон ярим ой тасвири эса бизнинг тарихий анъаналаримиз билан боғлиқдир. Айни пайтда у қўлга киритилган мустақиллигимизнинг рамзи ҳам саналади.

       Яна шунингдек, байроғимиздаги юлдузлар барча учун илоҳий тимсол саналган. Ўзбекистон Респубилкаси Давлат байроғидаги 12 юлдуз тасвири ҳам тарихий анъаналаримиз, қадимги йилномамизга бевосита алоқадор. Шу билан бир қаторда байроғимиздаги юлдузлар ўзбек халқи маданиятининг қадимийлиги, унинг комилликка, ўз тупроғида саодатга интилиши рамзи сифатида ҳам тушунилиши лозим.

       Мана шу кундан бошлаб дунё тарихида илк бор Ўзбекистонимиз байроғи БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳи олдида мустақил давлатларнинг байроқлари қаторида ҳилпираб, Ўзбекистонимиз эркинликка эришганлигини жаҳонга намоён этди. Шундан буён ўтган давр ичида байроғимиз республикамизнинг бошқа давлатлар билан ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ҳамкорлиги бўйича ўтказилган барча расмий ташрифларда, ҳалқаро доирада ташкил этилган катта сиёсий анжуманларда намоён бўлиб, юртимизнинг шон-шавкати ва қудратини янада кўтариб келаяпти. Биргина мисол тариқасида айтадиган бўлсак, истиқлол йилларида олимпияда ўйинлари жаҳон чемпионатларида юзлаб спортчиларимиз юқори натижалар қўлга киритганларида мадҳиямиз янграб, байроғимиз спорт ареналарида кўкларга буй чузди.

       Бугунда давлатимиз раҳбари Ватанимиз келажагини айнан, Сиз ёшлар тимсолида кўраяптилар. Бевосита Президентимизнинг ташаббуси билан республикамизда амалга оширилаётган ёшлар сиёсати ҳар жиҳатдан баркамол ёшларни тарбиялашда муҳим омил бўлиб хизмат қилаяпти. Ваҳоланки, ёшларга бўлган бундай ғамхўрликни дунёнинг бирор бир давлатида учратмайсиз. Демак, Сиз ёшлар ҳам давлатимиз раҳбарининг мана шу орзу-истакларига “лаббай” деб жавоб беришларингиз, юртга содиқ фарзандлар бўлишингиз керак.

       Албатта, ҳар биримиз айниқса бугун балоғатга етаётган ёшларимиз давлатимиз рамзларининг мазмун моҳияти унинг ҳаётимизда тутган ўрни аҳамиятини чуқур билишлари керак. Шундагина қалбимизда давлат рамзларига нисбатан ҳурмат меҳр уйғонади, ва ўзимизни нималарга қодир эканлигимизни англаб етамиз.

       Агар ҳар бир ёш бугун таълим, спорт, маданият, санъат соҳасида ўз иқтидор ва қобилиятларини намоён этиб, жаҳон ареналарида юқори пиллапояларига кўтарилса, байроғимизнинг қадрини янада ошишига ўз ҳиссасини қўшган бўлади ва юртимиз салоҳиятини дунёга қайта намоён этади.

       Мен яна бир бор Сиз азиз ёшларни, Сизлар орқали бутун туманимиз аҳлини Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун билан чин қалбимдан муборакбод этаман.

       Барчангизга тилагим ҳамиша ҳаётда эзгу мақсадлар юксак натижалар учун интилинг, Юртбошимиз таъкидлаганларидек, “Бу Ватан меники, унинг тақдири ва келажаги учун мен масъулман” деб яшанг. Мана шу эзгу ғояни қалбингизга чуқурроқ сингдиринг. Шунда барчангиз муқаддас аждодларимизга муносиб ворислар бўлиб етишасиз.

Эътиборингиз учун раҳмат!

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

You may use these <abbr title="HyperText Markup Language">HTML</abbr> tags and attributes: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>