ВАТАН ШАЪНИ — ҲАР НЕДАН УЛУҒ

ВАТАН ШАЪНИ — ҲАР НЕДАН УЛУҒ

Бу йил Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ташкил топганига йигирма саккиз йил тўлди. Туманимиздаги барча корхона, муассаса, ташкилотлар, маҳаллалар ва таълим муассасаларида «Ҳарбий ватанпарварлик ойлиги» ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб, турли хил оммавий-сиёсий тадбирлар ташкил этилди. Айниқса, Шаҳрисабз туман ҳокимлиги томонидан бугун 10 январь куни «Ҳисор» ўйингоҳида уюштирилган ҳарбий ватанпарварлик фестивали ўзининг алоҳида шукуҳи билан барчада илиқ таассурот қолдирди.

Дунёда инсон учун Ватаниданда азизроқ гўша бўлмаса керак. Ватан ҳимоячиси бўлиш, юрт сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш ҳар бир инсонни, айниқса, ҳар бир кишининг муқаддас бурчи саналади. Бу қадрият бизга улуғ аждодларимиздан мерос бўлиб ўтган.

Ватанимиз мустақилликка эришгач, истиқлолимизни асраш, халқимизнинг тинчлигини таъминлашдек муҳим масала юзага келганди. Ҳали собиқ тузумининг тазйиқлари сўнмаган бир паллада 1991 йилнинг 6 сентябрда шахсан Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг Фармонига асосан Мустақил Ўзбекистоннинг Қуролли Кучларига асос солинди.

Ўтиш даврида юзага келган мураккабликларга қарамасдан, ўтган чорак асрдан зиёд давр оралиғида миллий армиямизни шакллантириш, уни тубдан ислоҳ қилиш борасида ҳар томонлама чуқур ўйланган, узоқ муддатга мўлжалланган стратегия асосида иш олиб борилди ва ихчам, тез ҳаракатланувчи ҳарбий салоҳияти, жанговар руҳи юқори бўлган миллий армиямиз барпо этилди. Эндиликда ҳарбий хизматни ўташ ҳар бир ёшнинг орзусига айланганлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас. Республикамизда муддатли ҳарбий хизмат бир йил этиб белгиланиб, сафарбарлик чақируви жорий этилди. Бу эса армиямизнинг жанговар тайёргарлигининг кескин ошишига олиб келди. Бугун оналаримиз фарзандларини армияга кўзда ёш, юрагида хавотир билан эмас, балки қалбида катта фахр-ифтихор билан кузатиб қўймоқдалар.

Кези келганда шуни айтиш керакки, шахсан Юртбошимизнинг ташаббуси билан Ватанимиз сарҳадлари хавфсизлиги, халқимиз тинчлигини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган стратегияга асосан сўнгги уч йил ичида Қуролли Кучларимиз тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилди. Биринчи галда армиямизнинг ҳарбий салоҳияти янада мустаҳкамланиб, тизим замонавий қурол-аслаҳалар ҳамда алоқа коммуникация воситалари билан тўлиқ таъминланди. Соҳада офицер ва сержант кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакаларини ошириб бориш борасида жаҳон андозалари талабларига жавоб берадиган самарали тизим яратилиб, унинг моддий техника базаси мустаҳкамланди.

Шу билан бирга, ҳарбий хизматчиларнинг Ватан ва халқ олдидаги бурчларини сидқидилдан адо этишлари учун уларга ҳарбий қисмларда қулай муҳит ва шарт-шароитлар яратилди. Ҳарбийларимизнинг моддий манфаатдорлигини ўстириб бориш, уларни ижтимоий ҳимоялаш ва замонавий уй-жойлар билан таъминлаш масалаларига устуворлик берилмоқда.

Аслида ҳар бир инсон қайсидир маънода Ватан ҳимоячиси саналади.

Тўғри, дунёда касблар кўп, лекин улар орасида Ватан ҳимоячисидек каби шарафли касб бўлмаса керак. Шунинг учун халқимиз ҳарбийларимизга алоҳида ҳурмат-эътибор билан қарайди, улар билан фахрланади.

Ушбу тадбирда жанубий-ғарбий махсус округи ҳамда Чегара қўшинларига қарашли 9230 — ҳарбий қисмининг аскар, сержант ва офицерлари, «Қалқон – жасорат мактаби» ҳарбий ватанпарварлик спорт мактабининг ўқувчи ёшлари Миллий гвардия курсант ва офицерлари ўйингоҳ узра ҳарбий параддан ўтишди.

Ўйингоҳда 9230-ҳарбий қисмининг аскар ҳамда сержантлари душман ҳамласини бартараф этиш бўйича ўз маҳоратларини йиғилганларга намойиш этишди.

Тадбирнинг бадиий қисмида тумандаги барча мактабгача таълим ташкилотларидан тортиб, ўқувчи ёшлар, хушовоз хонандалар ижро этган қўшиқлар, раққосалар хиром этган рақслар, спортчи ёшларнинг чиқишлари барча-барчанинг дилида Ватанга садоқат, юртга муҳаббат руҳини янада оширди.

Шунингдек, тадбир давомида Шаҳрисабз тумани ҳокими Исроил Аманов фидокорона хизмат кўрсатиб келаётган офитер ва сержантларимизга шулар қатори фаол ёшларимизга ҳам ўзининг ташаккурномаларини тантанали равишда топширди.

Фестивал давомида тадбир ташкилотчилари томонидан ҳарбий қурол аслаҳалар кўргазмаси ташкил этилиб, ёшларимизнинг келажакда Ватанга садоқат туйғуларини мувтаҳкамлаш ва уни асраб авайлашдек, энг олий қадрият эканлигини ҳарбий хизматчилар ўз касб-маҳоратларида намойиш этишди.

Сарварбек Примов

Шаҳрисабз туман ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

You may use these <abbr title="HyperText Markup Language">HTML</abbr> tags and attributes: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>