ЗОЙИР МИРЗАЕВ ВИЛОЯТНИНГ ТОҒЛИ ҲУДУДИГА ТАШРИФ БУЮРДИ. БУНДАН КЎЗЛАНГАН МАҚСАД НИМА ЭДИ…

ЗОЙИР МИРЗАЕВ ВИЛОЯТНИНГ ТОҒЛИ ҲУДУДИГА ТАШРИФ БУЮРДИ. БУНДАН КЎЗЛАНГАН МАҚСАД НИМА ЭДИ…

 

Муҳтарам Юртбошимиз доимо барча раҳбарлар олдига битта талабни қўймоқдалар. Бу ҳам бўлса, ҳар бир раҳбар халқ орасига кириб бориши, уларнинг дарди билан яшаши кераклигидир.

Бундай иш принсипи вилоят ҳокими Зойир Тоировичнинг кундалик фаолиятига айланиб бораётганлигига воҳамиз аҳли гувоҳ бўлишмоқда.

Куни кеча, вилоят ҳокими Зойир Мирзаев, вилоятдаги секторлар ҳамда вилоят ташкилотлари раҳбарлари, мутасадди ходимлари билан Шаҳрисабз туманининг Ҳисор тоғ тизмасида жойлашган Сарчашма қишлоғига ташриф буюрди.

Айни пайтда, Сарчашма қишлоғида 939 та хўжалик, 1064 та оила мавжуд бўлиб, 4700 нафардан зиёд аҳоли истиқомад қилади. Шу аҳолининг 553 нафарини ёшлар ташкил этади. Қишлоқ аҳолиси асосан деҳқон ва фермер хўжалиги, чорвачилик ва қисман ҳунармандчилик фаолияти билан  шуғулланиб келишади.

ТОҒЛИКЛАР ҲУЗУРИГА ТАШРИФ ҚАДАМЖОЛАРНИ ЗИЁРАТ ҚИЛИШ ВА КЕКСАЛАР ҲОЛИДАН ХАБАР ОЛИШДАН БОШЛАНДИ

Соҳибқирон Амир Темур таваллуд топган Шаҳрисабз ўзининг муқаддас қадамжолари билан ҳам мамлакатимизда алоҳида ажралиб туради. Вилоят ҳокими Сарчашма қишлоғига ташриф буюраркан, дастлаб қишлоқнинг масжидини зиёрат қилиб, кекса авлод вакиллари билан суҳбатлашди. Шу ерда ўтганлар руҳига Қуръон тиловат қилинди.

— Кекса авлод вакилларини қадрлаш, уларга меҳр-мурувват кўрсатиш, ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз саналади, — дейди Зойир Мирзаев. — Чунки, мана шу авлод вакиллари бугунги тинч ва фаровон ҳаётимизнинг тамал тошларини қўйишган. Уларнинг бу борадаги жасоратлари ва матонатлари олдида қанча бош эгсак, шунча кам деб биламан.

Бугун Сарчашма қишлоғида ҳам юзлаб нуроний отахон ва онахонларимиз Истиқлолнинг шукуҳидан баҳраманд бўлиб, кексалик гаштини суриб келишаяпти. Вилоят ҳокими сектор раҳбарлари билан биргаликда ана шундай кекса авлод вакилларидан бири саналмиш, Турсун ота Ниёзовнинг хонадонига ташриф буюришиб, бир пиёла чой устида дилдан суҳбатлашишди ва отахонга ўзларининг совға саломларини улашишди.

РАҲБАР ВА ЁШЛАР УЧРАШУВИ

Президентимизнинг Парламентга қилган Мурожаатида мамлакатимизда ёшларга оид Давлат сиёсатини рўёбга чиқаришда барча бўғиндаги раҳбарлар алоҳида ташаббус, ташкилотчилик кўрсатишлари зарурлигига эътиборни қаратдилар. Айниқса, ёшларнинг самарали таълим-тарбия олишлари, илм-фан, санъат, маданият ва спорт соҳаларида ўз иқтидор ва қобилиятларини юзага чиқаришлари учун қулай муҳит яратиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири эканлигини Давлатимиз раҳбари ботбот таъкидлаб ўтдилар.

Шу куни Сарчашма қишлоиғидаги  57-сонли умумий ўрта таълим мактабининг мажлислар залида вилоят ҳокими Зойир Мирзаевнинг ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда вилоятдаги барча ташкилот раҳбарлари иштирок этишди.

Ушбу учрашувда Сарчашма қишлоғи ёшлари вакиллари тадбиркорлик, кичик бизнесни ривожлантириш, аҳолига хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, замонавий спорт мажмуаларини бунёд этиш бўйича таклифларини илгари суришди.

Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббусни амалга ошириш зарур бўлган вазифаларга тўхталиб ўтди. Бу масалаларни амалга оширишда вилоят ва туман ташкилоти раҳбарлари жонбозлик кўрсатишлари кераклигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Шу ўринда бир қанча ёшларга фуқаролик паспортлари топширилди.

ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯГА МУҲТОЖ ОИЛАЛАРГА БЕҒАРАЗ ЁРДАМ КЎРСАТИЛДИ

Президентимиз Парламентга қилган Мурожаатномасида илк бор аҳолининг камбағал қатлами хусусидаги долзарб масалага алоҳида тўхталиб, бу қатламни камбағалликдан чиқариш, айниқса, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган, ногиронлиги бўлган оилаларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор вазифалардан бири бўлиб қолишини таъкидлаб ўтгандилар.

Айнан мана шу муҳим масала доирасида вилоят ҳокими Сарчашма қишлоғидаги 50 дан зиёд кам таъминланган оилаларга ташриф буюриб, уларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини ўрганиб, уларга зарур ёрдам кўрсатиш бўйича ўзларининг муҳим таклифларини билдирдилар. Бу оилаларга озиқ-овқат жамланмалари ва уй-жой жиҳозлари совға қилинди.

— Вилоят раҳбарининг қишлоғимизга ташрифи ҳаётимиздаги унутилмас тарихий воқеа бўлди, — дейди Сарчашма маҳалла фуқаролар йиғини раиси  Ориф Қурбонов. – Қаранг, Зойир Тоирович ҳар бир кам таъминланган оилага шахсан ўзлари ташриф буюриб, уларнинг ҳолидан хабар олганлигидан фуқароларимизнинг боши осмонга етди десам муболаға бўлмайди. Улар бундай эътибор ва ғамхўрликдан ниҳоятда руҳландилар. Бундай ташриф ўксик қалбларга етук куч ва ирода ато этди.

САРЧАШМА БАЙРАМ ОҒУШИДА

Тоғнинг ўзига хос табиати ҳар қандай кишида завқ уйғотмай қолмайди. Биз қанчалик Шаҳрисабз туманидан юқорига кўтарилиб борар эканмиз, атрофни оппоқ қор қопланганлигига гувоҳ бўлдик. Қишнинг қисқа куни сабаб атрофга қоронғулик чука бошлаган бир паллада 57-сонли умумий ўрта таълим мактабининг муҳташам футбол ўйингоҳида бадиий саҳна майдончаси бапро этилиб, ранг-баранг чироқлар билан атроф ёритилиб, вилоятимиздан ташриф буюрган хушовоз хонандалар ўз концерт дастурларини намойиш этишга тайёргарлик кўра бошлашди.

Ўйингоҳда қишлоқнинг барча катта-ю кичик вакиллари жам бўлди. Байрам тадбирида вилоят ҳокими Зойир Мирзаев сўз оларкан, аввало, Юртбошимиз бошчилигида бугун мамлакатимизда аҳолига муносиб турмуш тарзини яратиш, Янги Ўзбекистонни барпо этиш борасида амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар хусусида гапирди. Бугун айнан бунёдкорлик ишлари мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларига кириб бораётганлигини буни халқимиз ўз ҳаётида ҳис этаётганлигини эътибоф этди. Вилоят раҳбарларининг Сарчашма қишлоғига ташрифи замирида ҳам ана шундай улуғ мақсад ётганлиги таъкидланди.

Шу ерда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев Сарчашма қишлоғидаги ижтимоий фаол ёшларни бир қанчасига “Фахрий ёрлиқ” ҳамда жаҳон ва ўзбек адабиётининг сара асарларидан иборат асарлар жамланмасини тантанали равишда топширди.

Байрам тадбирларида ижро этилган дилрабо концерт дастурларига қишлоқ аҳли рақсга тушишиб дилдан яйрашди.

Концерт сўнггида аҳолига ўзбек кино ижодкорлари томонидан суратга олинган “Барон” бадиий филми намойиш этилди.

ТАШРИФНИНГ ИККИНЧИ КУНИ

Меҳмонлар тоғда тонгни қарши олишиб, вилоят ҳокими иштирокида барча сектор раҳбарлари Сарчашма қишлоғида Нодир Чулиев ва Зебинисо Ортиқоваларнинг никоҳ тўйи муносабати билан уюштирилган эрталабги наҳорги ошга иштирок этишди.

Наҳорги ошда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев оила қураётган иккала ёшга бахт-саодат тиларкан, тоғли ҳудудларда оила мустаҳкамлигини сақлаб турувчи ва минг йиллар давомида шаклланиб келган миллий ва маънавий қадриятларимиз чуқур илдиз отганлигига эътиборини қаратди. Айнан мана шу омиллар тоғли ҳудудларда ёш оилалар ўртасида ажримларнинг олдини олишга хизмат қилаётганлигини билдирди.

Бу ёш оилага вилоят ҳокими Зойир Мирзаев замонавий уй-рўзғор буюмларини совға қилди.

Шу куни вилоят ҳокими қишлоқдаги 57-сонли умумий ўрта таълим мактабида таҳсил олаётган 60 нафар кам таъминланган оила фарзандларига бош-оёқ сарподан иборат кийимбошларни совға қилди.

ҚИШЛОҚДА КЎЧМА КУТУБХОНА ОЧИЛДИ

Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг тўртинчиси ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга йўналтиришдан иборатдир. Инсон болалигидан бадиий асар ўқиб улғайса, унинг қалбида халқига, Ватанига чексиз садоқат руҳи шаклланади. Китобхонлик кишининг маънавиятини юксалтириб, улуғ мақсадлар сари етаклайди.

Сарчашмаликларнинг ҳам китоб мутолаасига қизиқишлари ниҳоятда юқори эканлигини бу ерда кўчма кутубхонанинг очилиш маросимига иштирокида кўрдик.

— Улуғ мутафаккирларимиз “Фарзандингизга тарбия берманг, балки уни китоб ўқишга ўргатинг” деган пурмаъно фикрларни билдиришган, — дейди вилоят ҳокими Зойир Мирзаев тадбирда сўз олиб. Дунё миқёсида яратилган бадиий асарлар ҳар бир кишини доимо эзгуликка етаклайди, қалбини инсоний туғулар билан бойитади. Масалан, Навоий бобомиз қолдирган бой мерос яна минг йиллар давомида маънавият туйғуларини ёритувчи машъала бўлиб хизмат қилади.

Қишлоқда асосан тожик миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилади. Мактабда таълим-тардия асосан тожик тилида олиб борилади. Лекин, аҳоли ўзбек тилини ҳам пухта ўзлаштирганлар.

Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев қишлоқда янги очилган кўчма кутубхонага ўзбек ва тожик тилидаги бадиий асарлар жамланмасини тантанали равишда топшириб, бу очилган янги кутубхона эзгу мақсадлар йўлида хизмат қилишини эътироф этди.

Шунингдек, ушбу кутубхонага вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамда Шаҳрисабз туман ҳокимлиги томонидан бадиий асарлар жамланмалари ҳам топширилди.

КЎЧМА ҚАБУЛ

Оҳирги йилларда вилоят, туман раҳбарларининг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари бўйича кўчма қабулларни ўтказиб бориш анъанага айланиб бормоқда. Кўчма қабуллар эса фуқароларга алоҳида қулайлик яратибгина қолмай, уларнинг мурожаатларини тезкор ҳал этилишига замин яратяпти.

Шу куни вилоят ҳокими Зойир Мирзаев сектор раҳбарлари билан биргаликда Сарчашмада фуқаролар қабулини ташкил этди. Тоғли ҳудудда яшашнинг ўзига хос гашти бўлгани каби маълим бир мураккабликлари ҳам борки, буни эътибордан четда қолдириб бўлмайди.

Сарчашма қишлоғи туман марказидан қариб 70 километр узоқликда жойлашган. Қиш, баҳор ойларида ҳудудда ёғингарчиликлар кўп бўлиши ва сел келиши натижасида йўлларга катта талофот етади. Қабулда аҳоли айнан қишлоқ йўлини таъмирлаш масаласи бўйича ўзларининг таклиф ва фикрларини билдиришди.

Вилоят ҳокими тоғли аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни яхшилаш, уларга шу ҳудуднинг ўзида зарур қўлайликлар яратиш бўйича кўзда тутилаётган ишлар хусусида ҳам ахборот берди ва жорий йилда қишлоқда 120 ўринга мўлжалланган замонавий мактабгача таълим ташкилотининг қурилиши инвестиция дастурига киритилганлигини маълум қилди.

Қабул якунида фуқаролар томонидан билдирилган барча мурожаатлар юзасидан аниқ чора-тадбирлар режаси белгилаб олинди.

Вилоят ҳокими Зойир Мирзаевнинг 2020 йилнинг 7-8 февраль кунларидаги Шаҳрисабз туманининг Сарчашма қишлоғига қилган ташрифи жараёнларида туман ҳокими Исроил Аманов ҳамроҳлик қилди.

Сарварбек Примов

Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари

М.Комилов олган суратлар

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

You may use these <abbr title="HyperText Markup Language">HTML</abbr> tags and attributes: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>