НАВОИЙ ИЖОДИНИНГ БЕБАҲО ХАЗИНАСИДАН БАҲРА ОЛИНДИ

НАВОИЙ ИЖОДИНИНГ БЕБАҲО ХАЗИНАСИДАН БАҲРА ОЛИНДИ

Буюк бобокалонимиз, шеърият мулкининг султони Алишер Навоийнинг 579 йиллиги мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланди. Биргина Шаҳрисабз мисолида олиб қарайдиган бўлсак, тумандаги барча мактабгача таълим ташкилотлари, умумий ўрта таълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, маҳалла фуқаролар йиғинларида “Навоийни ёд этиб”, “Буюк шоирга эҳтиром”, “Алишер Навоий ғазал мулкининг султони”, “Навоий ижоди болажонлар талқинида” каби мавзуларда эрталиклар, бадиийлаштирилган тадбирлар, ижодкорлар билан учрашувлар ташкил этилди.

— Алишер Навоийнинг ижодини жуда катта уммонга қиёслаш мумкин, — дейди фахрий педагог, шоир Бозор Болтаев. – Бу уммонга қанчалик шўнғимайлик, ундан маънавиятимиз, миллий қадриятимиз ва тафаккуримизни бойитишга ҳизмат қиладиган дур-у гавҳарларини топамиз. Шоирнинг деярли барча асарлари айниқса, 5 достондан иборат Ҳамсаси дунё  ҳалқларининг барча тилларида таржима қилиниб, чуқур ўрганилмоқда. Навоий ижодини ўрганишга бағишланган илмий ишлар нафақат ўзбекистонлик, балки Европа, Америка, Осиё қитъаларида жойлашган юксак ривожланган мамлакатларининг олимлари томонидан илмий ишлар, рисолалар яратилган.

— Ҳалқимизнинг етук шоири Абдулла Орипов

“Беш асрким назмий саройни, титратади занжирбанд бир шер.

Темур тиғи етмаган жойни, қалам билан олди Алишер” 

деган мисраларни битганидаёқ, Навоийнинг жаҳон маданияти ва адабиёти равнақига қўшган ҳиссасига муносиб баҳо берган эди, — дейди фахрий педагог Абдураим Абдусамадов. – Шоирнинг рубоийлари, ғазалларини чуқур ўрганганимизда унда инсоннинг атроф оламга, бир бирига бўлган муносабатлари чуқур фалсафий ифодаланганлигини кўришимиз мумкин. Унинг ишққа бағишланган ижод намуналари замирида, энг аввало, инсоннинг Аллоҳга бўлган чексиз меҳр муҳаббатини кўрасиз. Дунёдаги инсонга хос энг яхши сифат ва фазилатлар шоир шеъриятида шундай бўй кўрсатиб турибди. Агар биз бугун балоғатга етаётган ёш авлодни мана шундан баҳраманд эта олсак, уларда маънавиятимиз ва миллий қадриятларимизга бўлган чексиз ҳурматни ўйғотган бўламиз.

— Давлатимиз раҳбари Навоий ижодини ўрганишни мактабгача таълим муассасаларидан бошлаш кераклиги ҳақида ботбот фикр билдирганларида, нақадар ҳақ эканликларини бугун англаб етаяпмиз, — дейди Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси Шаҳрисабз туманлараро бўлими раиси Жаббор Ҳалилов.  – Мен мактабгача таълим ташкилотлари, умумий ўрта таълим мактабларида буюк шоиримизнинг таваллуд кунигага бағишланган тадбирларда иштирок этиб бунга гувоҳ бўлганман. Айниқса, жажжи болажонларимиз Навоий рубоийларини шу қадар ёддан ифодали ўқишдики, бундан қалбимизга илиқлик кирди. Мактабларнинг бошланғич синф ўқувчилари эса ўзбек ижодкорлари томонидан Навоийнинг ҳаёти ва фаолиятига доир бадиий асарлар, драмалардан саҳна кўринишларини жонли олиб чиқишиб, шоир фаолиятини кенгроқ очиб беришга ҳаракат қилишди.

Дарҳақиқат, улуғ мутафаккирларимиз “Навоийни англаш – бу ўзликни англаш” дея бежизга айтишмаган. Навоий ижоди ҳали минг йиллар давомида инсониятнинг маънавиятини юксалтиришда хизмат қилади.

Сарварбек Примов

Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

You may use these <abbr title="HyperText Markup Language">HTML</abbr> tags and attributes: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>