Кўрсатилган манзил коворкинг-маркази қуриш учун ярайдими?

Кўрсатилган манзил коворкинг-маркази қуриш учун ярайдими?

Жорий йилнинг 19 март куни “Nasafnews” расмий сайтида “Шаҳрисабз туман ҳокимлиги тадбиркорларни сарсон қилишни давом эттирмоқда. Ҳокимлик важи «кулгуни қистайди»” сарловҳали мақола эълон қилинди. Унда Шаҳрисабз тумани “Равот” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Акмал Турдиевнинг яшаш манзили ҳудудидан коворкинг-маркази очиш мақсадида юрганлиги, тадбиркор Акмал Турдиев бу бўйича ҳужжатлар тўплаганлиги айтиб ўтилган. Қолаверса, Шаҳрисабз туман Бош вазир қабулхонасига ҳам мурожаат қилинганлиги кўрсатилган.

Туман ер ажратиш ва реализация қилиш комиссияси фуқаро Акмал Турдиевнинг юқоридаги мурожаатини жойида бориб ўрганиб, у кўрсатган ер майдони коворкинг-маркази қуриш учун маъқул жой эмаслиги бўйича ўз хулосасини ҳам берган.

Аслида Ўзбекистон Республикасининг Президентининг 5466-сонли Фармонига кўра, «Коворкинг-маркази» — ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стараплари, ғоялари ва лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш, жумладан, бизнес-режалар ишлаб чиқиш, масалаҳат, юридик, бухгалтерия ва бошқа хизмат турларини кўрсатиш, форумлар, мастер-класслар ва семинарлар ташкил учун мўлжалланган бўлиши керак.

Фуқаро Акмал Турдиев эса ушбу ҳудудда тадбиркорлик қилиш мақсадида коворкинг-маркази очмоқчи эканлигини маълум қилган. Зеро, коворкинг-марказлари тадбиркорлик қилиш учун эмас, балки тадбиркорлик қилиш истагида бўлган ёшларга кўмак бериш, уларга замонавий дастурлар асосида ўқув-семинарлар ташкил этиш учун мўлжалланган. Яна шунингдек, тадбиркор кўрсатиб ўтган ер майдони тумандаги “Равот” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли маиший чиқиндихона олди ҳудуди эканлиги аниқланган. Ушбу ерда қурилган ҳар қандай иншоот маиший чиқиндихонадан чиқинди ташийдиган махсус автотранспорт воситалари учун ҳаракатини чеклаб қўяди.

Аммо, фуқаро Акмал Турдиев айнан ушбу бинони ўзи кўсатган ҳудудда қуришни талаб қилиб, бу таклифга розилик бермаган. Натижада туман ҳокимлигига ер аржатиш бўйича қилган мурожаати ўз ечимини топмай қолган. Агар, тадбиркор туман ер ажратиш ва реализация қилиш комиссияси белгилаб берган ҳудудда бино қуришни амалга оширишни розилигини билдирса, масала ўз ечимини топади.

Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ахборот хизмати