ТОҒЛИКЛАРГА МАНЗИЛЛИ ТАРТИБДА УН ЕТКАЗИЛДИ

ТОҒЛИКЛАРГА МАНЗИЛЛИ ТАРТИБДА УН ЕТКАЗИЛДИ

Шаҳрисабз туманидан қарийб 100 чақирим узоқликда бўлган Ҳисор тоғ тизмасида жойлашган Ҳисорак, Сарчашма, Ғилон маҳалла фуқаролар йиғинларига қарашли тоғли қишлоқлар аҳолиси талабини қондириш мақсадида жорий йилнинг 3 апрель куни туман ҳокими Исроил Аманов ташаббус кўрсатиб, туман прокурори Жасур Турсунов, туман ички ишлар бўлими бошлиғи Олим Тожиев, туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Шавкат Қурбонов ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Шаҳрисабз туман бўлими бошлиғи Элбек Ахмедовлар билан биргаликда 15 тонна ун маҳсулотини етказиб беришни йўлга қўйишди.

Қувонарлиси шундаки, ушбу хайрли ишга жавобан тоғлик қишлоқлар аҳолиси олган ун маҳсулотлари ҳисобига туман аҳолиси дастурхонига  5 тонна картошка маҳсулоти билан жавоб қайтаришди.

— Айни кунларда мамлакатимиз аҳолиси карантин кунларини бошидан кечиришмоқда, — дейди Ғилон маҳалла фуқаролар йиғини раиси Зиёдулла Соқиев. – Коронавирус пандемияси мамлакатимиз ҳудудида қайд этилганлиги сабабли, жорий йилнинг 16 март кунидан карантин ҳолати жорий этилди. Ҳозирда барча қишлоқ аҳолиси карантин талаб-қоидаларига риоя этган ҳолда уйда қолишмоқда. Фарзандларимиз ота-оналарнинг назорати остида телевизион эфирларида узатилаётган таълим соатларини кузатиб боришмоқда. Бундай ўйлаб қаралса, ҳаётимиз тўхтаб қолгани йўқ. Барчаси кўнгилдагидек кетмоқда. Ўйлайманки, мамлакатимиз аҳолиси бу вирусдан тезроқ тузалсалар, нур устига нур бўлади. Ваҳимага тушишга ҳожат йўқ. Истеъмолимиз учун зарур маҳсулотлар етарли, улар ҳудудимиздаги барча савдо дўконларида мавжуд. Шундай экан, барчамиз карантин талаб-қоидаларига тўлиқ амал қилсак, тез орада Коронавирус биздан чекинади.  Туманимизнинг барча сектор раҳбарлари кўрсатган ушбу ташаббуси биз тоғлик халқ учун ғоят аҳамиятга молик бўлди. Ҳудудимизга 15 тонна ун маҳсулотини олиб чиқишининг ўзи бизга анча ёрдам берди. Биз тоғликларда меҳмон атойи худо дейилган. Биз ҳам туманимизнинг бошқа ҳудудларида истиқомат қиладиган фуқаролар учун ўзимизда етиштирилган картошка маҳсулотидан 5 тоннасини туман бозорига аронлаштирилган нархда бериб юбордик.

Сарварбек Примов

Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ахборот хизмати