РАСМИЙ МУНОСАБАТ

РАСМИЙ МУНОСАБАТ

“MY5” телеканалининг “Markaziy studiya” ахборот кўрсатувида “Кўприкни сел олиб кетди. Таъмир иш бермади. Муаммо ечилармикин?” сарловҳали танқидий кўрсатувга

2019 йил апрель ойида тоғли ҳудудда ёққан кучли ёғингарчиликдан сўнг, Танхоз дарёсига сел келиб, Шаҳрисабз туманидаги “Қарши-Чироқчи-Шаҳрисабз” авто транспорт йўлининг 96-км қисмида жойлашган танхоз кўприги бундан талофот кўрган. Сел тошқинлари келтирган зарарларни аниқлаш бўйича Қашқадарё вилояти ҳокимининг сел ва сув тошқинларига қарши курашиш вилоят ҳукумат комиссияси дастлаб танхоз кўпригига етказилган зарарни 485.000.000 сўм деб баҳолаган ва кўприк ушбу маблағ ҳисобига қайта таъмирланган. Аммо шу йили баҳорда кетма-кет сел тошқинлари бўлиши натижасида кўприкнинг таянч қисмига жиддий таъсир кўрсатган.

Ушбу кўприк Қашқадарё вилояти автомобил йўллари ҳудудий бош бошқармасининг ҳисобига бўлиб, у барча турдаги автотранспорт воситаларини ўтказишга мўлжалланган. Ҳозирда кўприкнинг техник ҳолати бу талабга жавоб бермайди. Транспорт қатнови хавфсизлигини таъминлаш учун эса ушбу кўприк капитал таъмирдан чиқарилиши керак бўлади. Бунининг учун Қашқадарё вилояти автомобил йўллари ҳудудий бош бошқармаси буюртмачи сифатида Қашқадарё кўприлардан фойдаланиш унитар корхонаси билан 2020 йилнинг 5 майида 4.095.589.539 сўмлик капитал реконструкця ишлари учун қўшимча келишув имзоланган. Ушбу маблағ Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси томонидан ажратилиши режалаштирилган. Ҳозирда пудратчи томонидан дастлабки кўприкни таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган.

Республикамизда коронавирус пандемияси туфайли карантин жорий этилиши пудратчи ташкилотнинг иқтисодиётига ҳам салбий таъсир кўрсатган. Агар кўприкни таъмирлаш учун режалаширилган маблағ пудратчи ташкилот ҳисобига тўлиқ ўтказиб берилса, белгиланган режадаги ишлар ўз вақтида ва сифатли амалга оширилади.

Шунингдек, ахборот кўрсатувида тумандаги Ўртақурғон қишлоғида яшовчи бир неча фуқаролар ўтган йилги ушбу сел тошқинидан уйлари жиддий зарар кўрганлигини ва ҳозирда ҳам ушбу уйлар танхоз дарёсининг хавфли ҳудудида қолаётганлигини билдиришган.

Туман ҳокимлиги томонидан тузилган ишчи гуруҳи ушбу мурожаатларни жойида ўрганиш чоғида Ўртақурғон қишлоғида жойлашган фуқароларга тегишли 8 та тураржой дарёнинг муҳофаза зонасида эканлиги аниқланди.

Амалда қонун талабларига кўра фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун ушбу тураржойлар бузилиб, хавфсиз ҳудудга кўчирилиши керак.

Бу масала халқ депутатлари Шаҳрисабз туман Кенгаши сессиясига киритилиб ҳал этилади.

Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ахборот хизмати