Исломов Шовкат Владимирович

Ажойиб инсон, иқтидорли раҳбар, Шаҳрисабз тумани ва Шаҳрисабз шаҳар ободончилигига муносиб ҳисса қўшиб келган Шовкат Исломовни бешавқат ўлим бугун орамиздан олиб кетди.

Ш.Исломов 1961 йилда Шаҳрисабз шаҳрининг зиёли оиласида дунёга келди. Дастлаб, 1978 йилда туман молия бўлимида иқтисодчи вазифасида фаолият кўрсатди. 1980-1985 йилларда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида таҳсил олиб, муҳандис-механик мутахассислигига эга бўлди. У 1987 йилда ҳарбий хизматни ўтаб қайтгач, 1991 йилга қадар Шаҳрисабз туманидаги собиқ 35-ҳунар техника билим юртида ишлаб чиқариш устаси, 2009 йилга қадар эса Шаҳрисабз шаҳридаги “Садо” тикув-трикотаж фабрикасида ишлаб чиқариш бўйича инструктор, назорат бўлими бошлиғи, бош муҳандис лавозимларида самарали фаолият юритган.

Шовкат Исломов 2009 йилдан то умрининг охирига қадар Шаҳрисабз туман Ободонлаштириш бошқармасида техника хавфсизлиги ва фуқароларни муҳофаза қилиш муҳандиси, бош муҳандис, бошқарма бошлиғи лавозимларида меҳнат қилиб, ўзининг раҳбарлик қобилияти, ташкилотчилиги, ташаббускорлиги билан меҳнат жамоаси ва туманимиз аҳли ҳурматига сазовор бўлди.

У ўта камтар, вазмин, самимий, шу билан бирга ҳалол инсон эди.

Бугун Ш.Исломов орамизда йўқ, лекин унинг порлоқ хотираси яқинлари, оиласи, фарзандлари ва ёру-дўстлари қалбида абадий яшайди.

Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги