УМУМИЙ ЎРТА ТАЪЛИМ МАКТАБЛАРИ ОЧИЛАДИ

УМУМИЙ ЎРТА ТАЪЛИМ МАКТАБЛАРИ ОЧИЛАДИ

Респубилкамизда халқ таълими вазирлигининг кўрсатмасига асосан пандемия шароитида янги ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим мактабларини очиш масаласи юзасидан, жорий йилнинг 24-26 август кунлари барча ота-оналар ўртасида ижтимоий сўровлар ўтказилди.

Мактаб фаолиятини онлайн ёки таълим даргоҳида бўлиши юзасидан ота-оналар фикрини билиш мақсадида ёзма сўровномалар ташкил этилди.

Туманда мана шу мавзуда ўтказилган ота-оналар мажлисларида Шаҳрисабз тумани ҳокими Самад Хасанов ҳам иштирок этиб, ўқувчиларни қайси бир шаклда бўлмасин, таълимга кенг қамраб олиш, педагогларнинг таълим-тарбия беришдаги ташаббускорлиги, масъулияти ва жавобгарлигини ошириб бориш, таълим-тарбияни сифат жиҳатдан юқори пағонага кўтариш бўйича ўзининг таклиф, фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Ўқувчилар мактабга жалб қилинган тақдирда ушбу таълим масканлари раҳбариятлари олдига пандемия шароитида ўқувчиларни таълим даргоҳига кириб чиқиш йўлакларида қўшимча эшиклар очиш, тартиб-интизомни янада мустаҳкамлаш, қўлларни доимий ювиб туриш учун дезинфекция воситалари билан таъминлаш, ўқувчилар орасида белгиланган масофани сақлаш, ортиқча бўлган стол-стулларни чиқариш каби вазифалар юклатилди.

Куни кеча Республика Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов берган маълумотига кўра, жорий йилнинг 7 сентябридан бошлаб эксперимент тариқасида чекка ҳудудлардаги мактаблар очилади. 14-15 сентябрдан эса республикамиздаги барча умумий ўрта таълим мактабларида ўқувчилар жалб этилади.

Туман миқёсида ўтказилган сўровларда 36,316 нафар ота-оналардан 33,475 нафари иштирок этишиб, шуларнинг 24,559 нафари ёки 73,4 фоизи мактабларни очилиши ҳақида, 8,916 нафари ёки 26,6 фоизи масофадан туриб онлайн тарзда ўқитиш бўйича овоз беришди.

Ҳозирда туманимиздаги барча умумий ўрта таълим мактабларида юқоридаги талаблар бўйича янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари жадал олиб борилмоқда.

Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги матбуот хизмати