
Отряд раҳбарлари билан учрашув ўтказилди
Шуни таъкидлаш жоизки, жорий йилги пахта йиғим-терими мавсумида теримчи отрядлар учун бир қатор қулайликлар яратилиши режалаштирилган. Жумладан, ҳар бир отряд раҳбари 2 миллион сўмлик иш ҳақи, қўшимча тариқасида 1 миллион 300 минг сўмлик атрофида телевизор билан тақдирланадилар.
Жорий йилнинг 9 сентябрь куни Шаҳрисабз тумани ҳокими Исроил Аманов туман ҳокимлигининг мажлислар залида туманда пахта йиғим-теримида шакллантирилган 104 нафар ортяд раҳбарлари билан бирма-бир суҳбатлашди.
— Сизларга талаб сифатида шуни айтаманки, ҳар бир отряд эгалари ўз отрядига бириктирилган теримчилар сонини ҳолисона шакллантириши керак, — дейди Шаҳрисабз тумани ҳокими Исроил Аманов. – Шунчаки “Рўйхатни шакллантириб бўлдим. Бас, ишларим беш энди” дейдиганлар адашишади. Негаки, ҳар бир рўйхатдаги теримчилар билан ҳам, биз албатта, учрашувлар ўтказамиз. Давлатимиз томонидан 100 нафар ва ундан зиёд кишиларни отряд сифатида шакллантирган кишиларга 2 миллион сўмлик иш ҳақи ҳамда қимматбаҳо телевизорлар топширилади. Шундай экан, ҳар бир отряд эгалари ўзларига юклатиладиган масъулиятни ҳам чуқур англаб етишлари керак. Биринчидан, аҳолини мажбурий меҳнатга жалб этмаслик, иккинчидан, вояга етмаганлар, ўқувчи ёшлар, қолаверса талаба йигит ва қизлар ҳам пахта майдонларида бўлмасликлари керак. Бундан ташқари, теримчи ҳашарчилар пахта далаларини тоза ҳолда териши, ғўзаларда бир чигитлик пахтани ҳам қолдирмасдан тозалаб олишини назорат қилишларингиз керак бўлади. Бу жавобгарликларнинг барчасига отряд раҳбарлари масъул ҳисобланишади.
Шу ўринда туман ҳокими отряд раҳбарлари билан бирма-бир суҳбатлашиб, улар шакллантирган отяд ҳужжатлари билан яқиндан танишди.
— Мен мана неча йилдирки, худудларда пахта йиғим-терими мавсумида отряд раҳбари сифатида 100 нафардан ошиқ теримчиларни олиб чиқиб келмоқдаман, — дейди Шаҳрисабз тумани “Тепар” қишлоғида яшовчи фуқаро Дилфуза Хуррамова. – Лекин, тан олиб айтишим керакки, бу йилги пахта йиғим-терими мавсумида биз, жуда кўп жиҳатларга ўз эътиборимизни қаратишимиз керак экан. Айниқса, ўқувчи ёшларни пахта далаларига жалб этмаслик бўйича ҳар бир теримчи ҳашарчиларга тушунтириш ишларини олиб бориш мақсадга мувофиқ деб биламан. Албатта, ўз зиммамга олган масъулиятни кўнгилдагидек амалга оширишга вада бераман. Йиғилиш сўнггида ҳар бир отряд раҳбарларига ўз камчилик ва нуқсонларини тузатишлари бўйича тавсиялар берилди.
Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ахборот хизмати