ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ШАҲРИСАБЗ ТУМАН КЕНГАШИ ҚАРОРИ

2020 йил учун Шаҳрисабз туман маҳаллий
бюджетини тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунинг (кейинги ўринларда Қонун деб аталади) 18-моддасига асосан 2020 йил учун Шаҳрисабз туман маҳаллий бюджетини қабул қилиш бўйича Халқ депутатлари Шаҳрисабз тумани Кенгаши

ҚАРОР ҚИЛАДИ:

  1. Ўзбекистон Республикасининг “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни маълумот ва ижро учун қабул қилинсин.
  2. Қонунга асосан 2020 йилда:

а) қуйидаги солиқ турлари шаҳар ва туманлар бюджетига тўлиқлигича ўтказиб берилади:

  • жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи;
  • жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи;
  • жисмоний шахсларнинг мулкларни ижарага беришидан олинадиган йиллик даромадлари бўйича декларацияга асосан ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган даромад солиғи;
  • қурилиш материаллари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ, бундан цемент хом ашёси ва цемент ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган оҳактош мустасно;
  • сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, бундан электр станциялари томонидан тўланадиган солиқдан мустасно.

б) қуйидаги солиқ турлари ва бошқа мажбурий тўловлар вилоятнинг вилоят бюджети ҳамда шаҳар ва туманлар бюджетлари ўртасида тақсимланади:

  • юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи;
  • юридик шахслардан олинадиган ер солиғи;
  • якуний истеъмолчиларга бензин, дизель ёқилғиси ва газни реализация қилишдан акциз солиғи;
  • айрим товарларни чакана савдосидан бериладиган ҳуқуқ учун йиғимлар;
  • қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ундириладиган бошқа йиғимлар (божхона йиғимларидан ташқари);
  • автотранспорт воситаларини харид қилганлик учун уларни ички ишлар органларида рўйхатдан ўтказиш чоғида автотранспорт эгалари (фойдаланувчилари) томонидан тўланадиган йиғимлар.

в) вилоятнинг вилоят бюджетига қуйидаги солиқ турлари ва бошқа мажбурий тўловлар тўлиғича ўтказилади:

  • электр станциялари томонидан тўланадиган сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ;
  • айланмадан солиқ;
  • қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда давлат божлари (патент божи ва лицензия берганлик учун давлат божларидан ташқари);
  • қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ундириладиган жарималар;
  • қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулк, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг активлари бўйича ажратмалар ва дивидендлар;
  • қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда давлат активларини ижарага бериш ва хусусийлаштиришдан тушадиган даромадлар.

г) мобиль алоқа хизматлари учун акциз солиғи ва алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пиво учун акциз солиғидан тушумлар 2019 йил
1 июль ҳолатига кўра туман ва шаҳар аҳолисининг вилоят аҳолисидаги улушига мувофиқ ўтказиб берилади.

  1. Қонуннинг 21-моддасига асосан, туман маҳаллий бюджетининг харажатлар тизимида қуйидаги ўзгартиришлар киритилди ҳамда молиялаштириш тартиби қуйидагича белгиланди:

а) туман маҳаллий бюджетидан молиялаштирилувчи умумтаълим мактаблари ҳамда мактабгача таълим муассасаларининг биринчи гуруҳ (иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар) ва иккинчи гуруҳ (иш ҳақига ажратма) харажатлари республика бюджетидан, тўртинчи гуруҳ (бошқа) харажатлари  туман  бюджетидан молиялаштирилади;

б) қуйидаги харажатлар туман бюджетидан молиялаштиришга утказилди:

  • фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тайинланадиган ижтимоий нафақаларни тўлаш харажатлари;
  • давлат санитария-эпидемиология назорати туман марказини сақлаш харажатлари.
  1. 2020 йил туманни ривожлантиришнинг макроиқтисодий прогноз кўрсаткичлари 1-иловага ҳамда 2020 йил учун туман маҳаллий бюджети даромадлар прогноз кўрсаткичлари 2-иловага мувофиқ маълумот учун қабул қилинсин.
  2. Туман маҳаллий бюджетидан 2020 йилда бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағи олувчиларига ажратиладиган харажатларнинг умумий чекланган миқдорлари 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
  3. Туман маҳаллий бюджетига умумдавлат солиқларидан ажратмалар меъёрлари 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Бунда, ажратма меъёрлари бўйича туман маҳаллий бюджети билан туман ва шаҳарлар маҳаллий бюджетларининг тақсимотини ўрнатилган тартибда вилоят бўйича ғазначилик бошқармаси томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

  1. 2020 йил учун туман маҳаллий бюджети даромадлар ва харажатлар прогноз кўрсаткичлари 5-иловага мувофиқ маълумот учун қабул қилинсин.
  2. Туман маҳаллий бюджетига ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорлари 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Бунда, тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорини туман маҳаллий бюджети даромадлари прогнози ижросидан қатъий назар камайтиришга йўл қўйилмаслиги белгилансин.

  1. 2020 йил учун туман маҳаллий бюджети заҳира жамғармаси ҳажми 2183,1 млн. сўм миқдорида белгилансин.

Туман маҳаллий бюджетининг 2020 йил учун заҳира жамғармаси туман маҳаллий бюджети умумий харажатларининг 1,5 фоизидан кам бўлмаган миқдорда шакллантирилади.

Туман  маҳаллий бюджетининг 2020 йил учун заҳира жамғармаси миқдори 7-иловага мувофиқ маъқуллансин.

Туман ҳокимлиги заҳира жамғармаси маблағларини туман маҳаллий бюджетида кўзда тутилмаган, кечиктириб бўлмайдиган харажатларни, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий беқарорлик юзага келган вазиятларда амалга оширилиши зарур бўлган тадбирларни молиялаштириш учун йўналтирилишини таъминласин.

  1. Туман маҳаллий бюджетида шаклланган қўшимча манбалар туман ҳокимлиги таклифларига асосан, туман  Халқ депутутлари  Кенгаши қарорларига мувофиқ ишлатилиши белгилансин.

Бунда, биринчи навбатда ижтимоий соҳа муассасаларнинг моддий-техникасини мустаҳкамлаш, кейинги навбатда уларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон, қарор, фармойиш ва вилоятга ташрифи давомида берилган топшириқлари ва кенгайтирилган тарзда ўтказилган йиғилиш баёнларида кўзда тутилган тадбирларга, ҳудудлардаги ичимлик суви таъминотини яхшилаш, туман ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчаларини таъмирлашга йўналтирилиши белгилаб қўйилсин.

  1. Туман ҳокимлиги, чораклар якуни бўйича мазкур қарорнинг               5-иловасида келтирилган даромадларнинг прогноз кўрсаткичлари ҳокимликнинг фаолиятига боғлиқ бўлмаган ҳолда 5 фоиздан ортиқ миқдорга бажарилмаса ва молия йили охиригача ушбу маблағларнинг тушиш эҳтимоли бўлмаса, вилоят ҳокимиятига харажатларни мақбуллаштириш юзасидан кўрилган чоралар билан биргаликда тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорини ошириш юзасидан мурожаат қилади.

Вилоят ҳокимлиги, Қонуннинг 6-иловасида кўрсатилган прогноз кўрсаткичлари маҳаллий ҳокимиятларнинг фаолиятига боғлиқ бўлмаган ҳолда 5 фоиздан ортиқ миқдорга бажарилмаса ва молия йили охиригача ушбу маблағларнинг тушиш эҳтимоли бўлмаса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига харажатларни мақбуллаштириш юзасидан кўрилган чоралар билан биргаликда тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорини ошириш юзасидан мурожаат қилади.

  1. Туман ҳокимлиги ташаббуси билан амалга ошириладиган тадбирлар учун талаб этиладиган маблағлар туман маҳаллий бюджетининг ижроси давомида шаклланган қўшимча манбалар ҳисобидан амалга оширилиши қатъий белгилаб қўйилсин.
  2. Туман ҳокимлиги:

Туман маҳаллий бюджетини биринчи навбатда иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, озиқ-овқат, дори-дармон ва коммунал хизматлар харажатларининг режалаштирилишини назарда тутган ҳолда шакллантирсин;

ҳар чорак якуни билан кейинги чорак биринчи ойининг 25-санасига қадар расмий веб-сайтга тумандаги бюджет ташкилотлари ва бюджетдан маблағ олувчилар кесимида маблағлар тақсимотини, молиявий ҳисоботларни, капитал қўйилмалар ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларнинг ижросини, ўтказилган танлов (тендер) савдолари ва давлат харидлари ҳамда бошқа тегишли маълумотларни жойлаштирсин.

  1. Туман ҳокимлиги туман маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларини камида 10 фоизини жамоатчилик фикри асосида белгиланган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилишини, веб-сайтга уларнинг натижаларини жойлаштирилишини таъминласин.
  2. Вазирлик, давлат қўмиталари ва идораларининг шунингдек, вилоят ташкилот ва идораларининг ишчи гурухлари томонидан туманда ўтказилган ўрганишлар давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тузилган йўл хариталари, йиғилиш баёнларига асосан маҳаллий бюджетнинг харажатларига ўзгартириш киритилишига йўл қўйилмайди.
  3. Туман ҳокимлиги Қонуннинг 24-моддасига асосан тегишли равишда бюджет ташкилотлари ва бюджетдан маблағ олувчиларнинг бюджет маблағларидан самарали фойдаланилиши ҳамда эришилган натижалар бўйича ҳисоботларини туман Халқ депутатлари Кенгашига киритилишини таъминласин.
  4. Шаҳрисабз туман ҳокимлиги Ахборот хизмати Қонунда белгиланган айрим солиқлар ва тўлов ставкалари, солиқ солиш тартиблари ҳамда бошқа маълумотларни оммавий ахборот воситаларида ёритилишини таъминласин.
  5. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш халқ депутатлари туман Кенгашининг Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва уни ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси ва Шаҳрисабз туман  ҳокимининг саноатни ривожлантириш, иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари  З.Халилов зиммасига юклатилсин.
  6. Халқ депутатлари Шаҳрисабз туман Кенгашининг 2018 йил
    27 декабрдаги V-52/144-сонли қарори 2020 йил 1 январь кунидан ўз кучини йўқотган деб топилсин.
  7. Мазкур қарор расман эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.

Исроил Аманов

Халқ депутатлари Шаҳрисабз тумани Кенгаши раиси

17 декабрь 2019 йил