ВАТАН ПОСБОНЛАРИГА ЭҲТИРОМ КЎРСАТИЛДИ

ВАТАН ПОСБОНЛАРИГА ЭҲТИРОМ КЎРСАТИЛДИ

14 январь куни бутун мамлакатимизда бўлгани каби Шаҳрисабз туманида ҳам барча меҳнат жамоалари, таълим муассасалари, маҳалла фуқаролар йиғинларида Чегара қўшинларига қарашли 9230-сонли ҳарбий қисм вакиллари, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронт орти фахрийлари, ёшлар иштирокида байрам тадбирлари юқори савияда ташкил этилди. Айниқса, Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ташаббуси билан Шаҳрисабздаги “Кўзмунчоқ” саройида сарҳадларимиз дахлсизлиги ва Ватанимиз тинчлигини таъминлаш борасида ўзининг муқаддас бурчини сидқидилдан адо этаётган ҳарбийларимизга алоҳида эҳтиром кўсатилиб, уларга тўкин байрам дастурхонлари ёзилди.

Дастлаб, Шаҳрисабз тумани ҳокими Исроил Аманов туман мудофаа бўлими ходимлари ва фахрийларини ҳамда Чегара қўшинларига қарашли 9230-сонли ҳарбий қисмнинг аскар, сержант ва офицерларини Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил топганининг 28 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни билан қизғин муборакбод этди.

– Халқимиз армиямиз қудрати ва салоҳиятига ишонади, — дейди Исроил Аманов. – Чунки, бугун мудофаа тизимимиз ҳар жиҳатдан такомиллашиб, унинг сафида Ватан ва халқ тақдирини ўзининг тақдири деб билган жасур, мард аскарларимиз хизмат қилаяпти. Сизлар борки, оналаримиз ўз фарзандлари келажагидан хотиржам бўлиб, этранги кунга юксак ишонч билан қараяпти. Мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида эса туб ўзгаришлар ва ислоҳотлар амалга оширилаяпти. Ҳаётимиз фаровонлашиб бораяпти.

Мен аввало, Сизларга, Сизлар орқали оила аъзоларингизга соғлиқ-саломатлик ва бахт-у саодат тилайман. Ҳамиша Ватанимиз ва халқимиз бахтига омон бўлинглар.

Шунингдек, ҳарбийларимизни туман прокурори Хамза Бабаджанов, туман ички ишлар бўлими бошлиғи Олим Тожиев, туман ҳокими ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитасининг раиси Шахноза Джалилова, Республика Маънавият ва маърифат маркази Шаҳрисабз туман бўлинмаси раҳбари Шаҳло Тоғаева ва бошқалар ушбу қутлуғ байрам билан қизғин муборакбод этишди.

Тадбирда туман маданият бўлимининг хушовоз хонандалари томонидан ижро этилган Ватанпарварлик қўшиқлари бу ерда ҳозир бўлганларга байрам шуруҳини улашди.

Шаҳрисабз туман ҳокими Исроил Аманов ўз хизмат бурчини фидокорона адо этаётган барча харбийларимизга байрам совғаларини улашди.

Сарварбек Примов

Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари