ИСРОИЛ АМАНОВ ШАҲРИСАБЗ ТУМАН ҲОКИМИ ЭТИБ ТАСДИҚЛАНДИ

ИСРОИЛ АМАНОВ ШАҲРИСАБЗ ТУМАН ҲОКИМИ ЭТИБ ТАСДИҚЛАНДИ

2020 йилнинг 15 январь куни Шаҳрисабз туман ҳокимлигининг катта мажлислар залида олтинчи чақириқ халқ депутатлари Шаҳрисабз туман Кенгашининг биринчи сессияси бўлиб ўтди.

Уни халқ депутатлари Шаҳрисабз туман Кенгашига сайлов ўтказувчи туман сайлов комиссиясининг раиси Нумон Узоқов очиб, сессияига раислик қилишга 6-Кеш сайлов округидан туман кенгаши депутати этиб сайланган Арслон Узоқовнинг номзодини тавсия этди. Ушбу таклиф депутатлар томонидан бир овоздан маъқулланди. Шундан сўнг, депутатлар олтинчи чақириқ халқ депутатлари туман Кенгашининг кун тартиби ва регламентини тасдиқлашди.

Дастлаб депутатлар “2019 йилнинг 22 декабрда халқ депутатлари туман Кенгашига бўлиб ўтган сайлов якунлари тўғрисида”ги туман сайлов комиссияси раиси Нумон Узоқовнинг ахборотини муҳокама қилишди ва тасдиқлашди.

Шунингдек, депутатлар “Халқ депутатлари Шаҳрисабз туман Кенгашининг регламенти ва доимий комиссиялар тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида”, “Халқ депутатлари Шаҳрисабз туман Кенгашига сайланган депутатларнинг партия гуруҳларини рўйхатга олиш тўғрисида”, “Халқ депутатлари Шаҳрисабз туман Кенгаши доимий комиссияларини тузиш тўғрисида”ги масалаларни ҳам кўриб чиқишди.

Сессияда “Шаҳрисабз туман ҳокимининг вакили туман ҳокими лавозимига тақдим этилган номзодни тасдиқлаш тўғрисида”ги масала ҳам кўриб чиқилди.

Ушбу масала юзасидан Қашқадарё вилоят ҳокимлигининг ташкилий назорат гуруҳи раҳбари Аброр Аннаев сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республиикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунининг 2-моддасига асосан  Шаҳрисабз тумани ҳокими лавозимига Аманов Исроил Ибрахимовични тайинлаш тўғрисидаги вилоят ҳокимининг тақдимномаси билан таништирди.

Ушбу масала юзасидан 9-Янгиобод сайлов округидан туман Кенгаши депутати, Шаҳрисабз тиббиёт коллежининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Муратали Қабилов, 17-Қўшқанот сайлов округидан Шаҳрисабз туман Кенгаши депутати, Республика Маънавият ва маърифат маркази Шаҳрисабз туман бўлинмаси раҳбари Шаҳло Тоғаевалар сўзга чиқишиб, ушбу таклифни мақуллашди.

Раислик қилувчи Аманов Исроил Ибрахимовични Шаҳрисабз туман ҳокими лавозимига тайинлаш тўғрисидаги масалани овозга қўйди ва ушбу таклиф депутатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.

Шунингдек, сессияда депутатлар халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари Қўшма мажлиси Маслаҳат Кенгаши аъзолигига ҳам номзодни сайлаб олишди.

Шундан сўнг, сессияда кўрилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Шу билан олтинчи чақириқ халқ депутатлари Шаҳрисабз туман Кенгашининг биринчи сессияси ўз ишини якунлади.

 Сарварбек Примов

Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари