ПРОФИЛАКТИК ТАДБИРЛАР ЎТКАЗИЛМОҚДА

ПРОФИЛАКТИК ТАДБИРЛАР ЎТКАЗИЛМОҚДА

Жамиятимизда ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятчиликни олдини олиш борсида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ёшлар, хотин-қизлар ва кенг аҳоли қатлами ўртасида бу борада учрашувлар, давра суҳбатлари, шулар қатори профилактик тадбирлар ҳам доимий тарзда ўтказилиб келинмоқда.

Жорий йилнинг 17 январь куни Шаҳрисабз туман ИИБ ХПБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори майёр Моҳигул Кенжаева, туман хотин-қизлар қўмитаси бош мутахассиси Дилбар Джумаевалар билан биргаликда тумандаги “Темирчи” ҳамда “Чоршанбе” маҳалла фуқаролар йиғинларида хотин-қизлар ўртасида эрта турмуш ва ажрим масалаларини олдини олиш, улар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка чек қўйиш масалалари юзасидан профилактик учрашувлар ўтказди.

— Аҳоли ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик содир этилишига кўпгина сабаблар мавжуд, — дейди туман ИИБ ХПБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори майёр Моҳигул Кенжаева. Лекин, ушбу ҳолатларга умумий жиҳатдан эътибор қаратадиган бўлсак, аҳолининг ҳуқуқий маданияти ўзига яраша эканлигини кўришимиз мумкин. Хизмат юзасидан ҳудудларни ўрганганимизда кўп оилавий низоларга дуч келамиз. Ушбу низоларнинг туб негзига бориб етганимизда эса арзимаган сабаб туфайли оила вакиллари бир-бирларини ҳақорат қилганликлари сабаб бўлади. Аслида, ота-боболаримиз бизга оила барчамиз учун муқаддас даргоҳ, уни ҳар жиҳатдан асраб авайлаш ҳар биримизнинг азалий бурчимиз эканлигини неча бора ўқтириб келишган. Албатта, бу борада намуна бўлиб келаётган оилаларимиз ҳам етарлича. Лекин, гап ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятчиликни олдини олишга қаратилган экан, биз фарзандларимизга ҳуқуқий маданиятни ҳам ўргатиб бормоғимиз керак бўлади. Зеро, қонун барчамиз учун баравар эканлигини унутмаслигимиз керак.

— Айни кунларда ажрим масаласи бўйича асосан ёшлар бизга кўп мурожаат этишади, — дейди туман хотин-қизлар қўмитаси бош мутахассиси Дилбар Джумаева. – Ушбу оилаларнинг яшаш манзилида ўрганиш ишларини олиб борганимизда эса ёш оила вакиллари ўртасида юзага келган арзимаган тушунмовчиликлар асосий сабаб ҳисобланади. Ёш хотин-қизларимиз турмушга чиқишдими, оиланинг ўзига яраша гоҳида оғир, гоҳида эса енгил юки бўлишини янги англаб етишлари керак, деб ўйлайман. Бугунги кунда ёшларимиз оилали бўлишдими, улар бирдан алоҳида оила бўлиб яшаши лозимлиги, шу билан бирга барча қулайликлар ҳозир бўлишини исташади. Албатта, яхши ният, ярим мол деб бежизга айтишмайди. Лекин буларни хотин-қизларимиз турмуш ўртоғидан талаб қилиши ортиқча ташвишларни юзага келишига сабаб бўлмоқда. Бу борада кекса авлод вакиллари жиддий эътибор қаратиб, ёшларимиз учун ибрат мактабини ўтасалар, ёшларимизнинг ҳам келажакдаги қарашлари ижобий томонга ўзгарган бўлар эди.

Шунингдек, ушбу учрашувда “Темирчи” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мавлуда Қаҳҳорова, “Чоршанбе” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Жовли Зайнутдиновлар ҳам иштирок этишиб, эрта турмуш ва ажримларнинг салбий ҳолатлари бўйича ўз фикрларини йиғилганларга билдириб ўтишди.

Сарварбек Примов

Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари