
ТУМАН КЕНГАШИ СЕССИЯСИ ҲАҚИДА АХБОРОТ
Жорий йилнинг 12 февраль куни Шаҳрисабз туман ҳокимлигининг кичик мажлислар залида VI чақириқ халқ депутатлари Шаҳрисабз туман Кенгашининг иккинчи сессияси бўлиб ўтди.
Унда Шаҳрисабз туманининг сектор раҳбарлари, Шаҳрисабз туманидан сайланган Қашқадарё вилоят Кенгаши депутатлари, туман ҳокими ўринбосарлари, бўлим бошлиқлари, хуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари, фуқаролар йиғинлари раислари, жамоат ташкилотлари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Сессияни Шаҳрисабз тумани ҳокими, халқ депутатлари Шаҳрисабз тумани Кенгаши раиси Исроил Аманов очди ва бошқариб борди.
Сессия кун тартибида “Тумандаги секторлар ва ташкилотлар раҳбарларининг аҳоли муаммолари ҳамда мурожаатлар билан ишлаш ҳолати тўғрисидаги масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Шаҳрисабз туманидаги Халқ қабулхонаси мутахассиси Азамат Аббосовнинг ахбороти”, “Тумандаги секторлар ва ташкилотлар раҳбарларининг тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича фаолияти тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш Шаҳрисабз туман қабулхонаси мудири Жасур Жўраевнинг ахбороти”, “Тумандаги жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий суд раисларининг 2019 йилдаги фаолияти ҳамда Ўзбекистон Респубилкаси Президентининг Парламентга Мурожаатномаси юзасидан 2020 йилда амалга ошириладиган вазифалар ҳақидаги ахборотлари тўғрисида”, “Халқ депутатлари Шаҳрисабз тумани Кенгаши ва доимий комиссияларининг 2020 йилга мўлжалланган иш режаларини тасдиқлаш ҳақида”, “Туман маҳаллий бюджетининг 2020 йилда шаклланиши, кутилаётган қўшимча маблағларни мақсадли фойдаланиш тўғрисида”ги масалалар муҳокама қилинди.
Сессия кун тартибидаги биринчи масала юзасидан сўз олган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Шаҳрисабз туманидаги Халқ қабулхонаси мутахассиси Азамат Аббосов қўйидаги масалаларга эътиборни қаратди.
2019 йилда тумандаги 4 та сектор раҳбарлари билан биргаликда, фуқароларнинг қабуллари ташкил этилиб, бунда асосий эътибор аҳолига қулайлик яратиш мақсадида жойларда сайёр қабулларни ўтказишга алоҳида эътибор қаратилган. Ўтган йилда сайёр қабулларда кўриб чиқилган мурожаатлар сони 6042 тани ташкил этган бўлиб, шуларнинг 4950 таси, яъни 82 фоизи қаноатлантирилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Шаҳрисабз туманидаги Халқ қабулхонасига келиб тушган мурожаатлар маҳаллалар кесимида таҳлил этилганда, энг кўп мурожаатлар “Мевазор” ва “Духчи” МФЙларда 28 тадан, “Мираки” МФЙда 27 та, “Шаматон” МФЙда 25 та, “Шакартери” МФЙда 23 та, “Янгиобод” МФЙда 22 та, “Янгиқишлоқ” МФЙда 21 та, “Қутчи” МФЙларда 20 тани ташкил этган. Бу МФЙларда мурожаатлар сони 2018 йилга нисбатан анча ўсган. Юқоридаги ҳолат шуни кўрсатадики, ушбу санаб ўтилган маҳалла фуқаролар йиғини раислари ва фаоллари аҳолининг мурожаатлари билан ишлашга етарли эътиборни қаратмаганлар. Энг ачинарлиси эса маҳалла фуқаролар йиғинининг ўзида ҳал қилиниши мумкин бўлган мурожаатлар туман даражасига кўтарилиб чиқилган. Маърузачи фуқароларнинг мурожаатларини секторлар бўйича таҳлил этаркан, туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Шавқат Қурбонов раҳбарлигидаги 4-секторда фуқароларни қабул қилиш ва уларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартибли ташкил этилмаганлиги, бунда сектор котибининг фаолияти Обид Рўзиевда ташкилотчилик етишмаётганлиги, ўз вазифасида масъулият билан ёндашмаётганлигига очиқ танқид остига олинди.
Шуни унутмаслик керакки, Президентимиз таъкидлаганидек, ҳар бир мурожаат ортида инсон манфаати, унинг хоҳиш-иродаси, тақдири ётади. Шунинг учун, сессияда барча бўғиндаги раҳбарларга мурожаатлар билан ишлашда қонун талабларига тўла амал қилиш вазифаси юклатилди.
Сессия кун тартибидаги иккинчи масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш Шаҳрисабз туман қабулхонаси мудири Жасур Жўраевнинг ахбороти эшитилди.
Маърузада таъкидланганидек, ўтган 2019 йилда туман бўйича жами 288 та мурожаатлар келиб тушган ва улар ўз вақтида тегишли ваколатли органларга юборилиб, ижроси тўлиқ таъминланган.
Хисобот даврида қабул қилинган мурожаатларнинг 37,8 фоизи ёки 109 таси Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш Шаҳрисабз туман қабулхонаси орқали 43,7 фоизи ёки 126 таси сайёр қабулларда, 0,7 фоизи ёки 2 таси қабулхона котибияти томонидан қабул қилинган. Жами 288 та мурожаатларда 310 та муаммоли масалалар акс этган бўлиб, шуларнинг 120 таси қаноатлантирилган, 185 таси бўйича тушунтиришлар берилган, 2 таси рад этилган, 3 таси кўриб чиқилаётган масалалар ташкил этади. Шунингдек, жами мурожаатларнинг 228 таси туман даражасидаги, 68 таси вилоят даражасидаги, 14 таси республика даражасидаги масалаларни ташкил этади. Яна шуни айтиш жоизки, ушбу мурожаатларнинг 124 таси банк кредитлари ажратишга амалий ёрдам бериш, 114 таси тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ёки кенгайтириш мақсадида ер участкаларини ажратишда ёрдам бериш, 8 таси бўш турган бинолар ажратиш масаласи, қолган 64 таси эса бошқа соҳадаги масалаларга тўғри келади.
Сессияда туманда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш учун тадбиркорлар билан ишлашни кучайтириш, улар томонидан кўтарилаётган барча муаммоларга тезда ечим топиш, тадбиркорлик соҳасига кредитлар ажратишда ҳамон учраб келаётган тўсиқларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
Сессия кун тартибидаги учинчи маслала юзасидан дастлаб, Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз туман суди раиси Орзимурод Шукуровнинг ахбороти эшитилди.
Шаҳрисабз туман ИИБ берган маълумотларга кўра 2019 йилда туманда жами 129 та жиноятлар ҳисобга олинган бўлиб, шуларнинг 8 таси фош этилмасдан қолган. Қасддан одам ўлдириш жинояти 2019 йилда содир этилмаган. Лекин, қасддан баданга оғир тан жароҳати етказиш жинояти 2018 йилга нисбатан 4 тага кўпайган ва 7 тани ташкил этиди. Бу жиноятлар асосан тумандаги “Оқдарё”, “Хазара”, “Оқолтин”, “Истиқбол”, “Ўтрақурғон”, “Халқобод”, “Мираки” МФЙлар ҳисобига тўғри келяпти. Ўз ўрнида ўтган 2019 йилда баданга ўртача оғир тан жароҳати етказиш жинояти ўтган йилга нисбатан 9 тага камайган. Фирибгарлик жинояти ўтган йилга нисбатан 4 тага камайган. Шунингдек, одам ўлими билан боғлиқ йўл транспорт ходисалари 2019 йилда жами 3 та содир этилган бўлиб, бу 2018 йилга нисбатан 6 тага камайган. Қолаверса, вояга етмаган шахслар томонидан жиноят содир этиш 3 тани ташкил этиб, 2018 йилга нисбатан 1 тага ошган. Аёллар томонидан содир этилган жиноятлар эса 2019 йилда 15 тани ташкил этиб, 2018 йилга нисбатан 2 тага камайган. Гуруҳлар томонидан содир этилган жиноятлар 2018 йилда 8 тани ташкил этган бўлса, 2019 йилда эса 1 тага ошган.
Туман ҳудудидаги 57 маҳалла фуқаролар йиғинларининг 17 тасида олиб борилган профилактик ишлар натижасида жиноят содир этилишига йўл қўйилмаган. Булар “Янгибоғ”, “Боғишамол”, “Шанбе”, “Нурафшон”, “Мактобод”, “Қўшчинор”, “Обод”, “Олмазор”, “Тепар”, “Навбаҳор”, “Пахтакор”, “Қиёмшайх”, “Қўрғонтепа”, “Темирчи”, “Сайёд”, “Кўл”, “Сарчашма” маҳалла фуқаролар йиғинларидир. Лекин, ўтган 2019 йилда тумандаги 21 та “Хонтепа”, “Оқдарё”, “Равот”, “Биғми”, “Авазмалик”, “Хўжахуросон”, “Хожимайдон”, “Қўшқанот”, “Оқолтин”, “Тўдамайдон”, “Истиқбол”, “Ўртақурғон”, “Сарой”, “Танхоз”, “Лотистон”, “Чорбоғ”, “Чоршанбе”, “Улоч”, “А.Темур”, “Ҳисорак”, “Ғелон” МФЙларида жиноятчилик кўрсаткичи 2018 йилга нисбатан ўсган.
Туман Кенгаши раиси Исроил Аманов Президентимизнинг Парламентга қилган Мурожаатида асосий эътибор маҳаллаларда жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг олдини олиш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ўстириб боришга қаратиш зарурлигини таъкидлаб, “Обод маҳалла – хавфсиз маҳалла” бўйича ишларни янада кучайтириш зарурлигини алоҳида белгилаб берди.
Шундан сўнг, ушбу масала юзасидан Шаҳрисабз туман маъмурий судининг раиси Латофат Зайниддинованинг ахбороти эшитилди ва муҳокама қилинди.
Маърузада келтирилишича Шаҳрисабз туман маъмурий судининг иш юритувига 2355 нафар шахсга нисбатан 1756 та маъмурий иш келиб тушган. Шундан, ҳисобот даврида 1613 нафар шахсга нисбатан 1028 маъмурий иш, ички ишлар органлари, 186 нафар шахсга нисбатан 167 та маъмурий иш прокуратура органлари, 376 нафар шахсга нисбатан 371 та маъмурий иш солиқ органлари, 201 нафар шахсга нисбатан 201 та маъмурий иш эса бошқа давлат органлари томонидан келиб тақдим этилган.
Шаҳрисабз туман маъмурий суди томонидан 1244 нафар шахсга нисбатан 1058 та маъмурий иш бўйича маъмурий жазо қўллаш ҳақида қарор чиқарилган, 1111 нафар шахсга нисбатан 698 та маъмурий иш тугатилган, 153 нафар шахсга нисбатан 96 та маъмурий иш қайта расмийлаштириш ҳамда 29 нафар шахсга нисбатан 15 та маъмурий иш жиноят иши қўзғатиш масаласини ҳал этиш учун прокурорга юборилган.
Маъмурий жазо қўлланилган ишлардан 1172 нафар шахсга нисбатан 989 та маъмурий иш бўйича маъмурий жарима жазоси, 171 нафар шахсга нисбатан 170 та маъмурий иш бўйича махсус ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоси, 69 нафар шахсга нисбатан 67 та маъмурий иш бўйича маъмурий қамоқ жазоси, 1 нафар шахсга нисбатан, 1 та маъмурий иш бўйича маъмурий департамент жазоси қўлланилган.
Шунингдек, сессия кун тартибидаги 3 масала юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Шаҳрисабз туманлараро судининг раиси Боходир Эргашевнинг ҳам ахбороти эшитилди.
Маърузада асосий эътибор ҳаётимизда тез-тез учраб тураётган ва барчамизни ташвишга солаётган энг муҳим масала оилалар ўртасидаги ажримлар масаласига қаратилди.
Фуқаролик ишлари бўйича Шаҳрисабз туманлараро суди томонидан 2019 йил мобайнида кўриб тамомланган фуқаролик ишларини туманлар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, Шаҳрисабз туманида 242 та даъво ариза кўрилган бўлиб, шундан 157 таси қаноатлантирилган, 67 таси рад қилинган, 6 таси қўрмасдан қолдирилган, 12 та даъво ариза иш юритишдан тугатилган. Никоҳдан ажратишдан бошқа оила низолари яъни, алимент, моддий таъминот ундириш, бола ҳуқуқи билан боғлиқ ва бошқа ҳолатлар бўйича Шаҳрисабз туманида 174 та даъво ариза кўрилган бўлиб, шундан 131 даъво ариза қаноатлантирилган, 12 таси рад қилинган, 21 таси қўрмасдан қолдирилган, 10 таси эса иш юритишдан тугатилган.
Шунингдек, сессия кун тартибидаги учинчи масала юзасидан Шаҳрисабз туманлараро иқтисодий суди раиси Жасур Ачиловнинг ҳам ахбороти эшитилди.
Ахборотда келтирилишича, Шаҳрисабз туманлараро иқтисодий судига 2019 йилда жами 1897 та даъво аризалари келиб тушган. Шунинг 1711 та иқтисодий ишлар низо тартибида кўриб ҳал этилган. Кўрилган ишларнинг 103 таси ёки 6 фоизини суд буюруқларини ташкил этади.
Фуқаролик ҳуқуқий муносабатларига оид кўрилган ишлар 540 та ёки 33 фоизни ташкил этади. Кўрилган ишларнинг 67 фоизи ёки 1329 таси маъмурий-ҳуқуқий муносабатларга, 25 таси ташкилотлар ва фуқароларнинг банкротлигига, 3 таси корпоратив муносабатларга оид ишлардир.
Судда кўриб чиқилган 1223 та иш солиқ қарзи бўйича ундирувчининг солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратиш, 21 таси маҳсулот етказиб бериш, 55 таси контрактация шартномасига, 375 таси кредит шартномаларига, 19 таси пудрат шартномларига доир ишлардир.
Сессияда халқ депутатлари Шаҳрисабз туман Кенгаши ва доимий комиссияларининг 2020 йилга мўлжалланган иш режалари муҳокама қилиниб, тасдиқлаб оилди.
Сессия кун тартибидаги бешинчи масала юзасидан Шаҳрисабз тумани молия бўлими бошлиғи Азим Бозоровнинг ахбороти эшитилди.
Унда 2019 йилда туман маҳаллий бюджетининг ошириб бажарилган манбаалар ҳисобидан туманда амалга оширилган ишлар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтилди. Масалан, ушбу манбаалар хисобидан асосан жойлардаги ижтимоий соҳа муассасалари, жумладан, 74-, 28-, 26-сонли умумий ўрта таълим мактаблари таъмирланди, атрофи уралди, спорт заллари жорий таъмирдан чиқарилди. Шунингдек, “Обод қишлоқ” дастурига киритилган иншоотларининг қурилиш монташ ишларини амалга ошириш билан боғлиқ ҳаражатларига 592,0 миллион сўм, “Чоршанбе” қишлоғидаги 18-сонли ички ишлар маъмурий биноси ҳудудида 1 қаватли ягона бино қурилиши ҳаражатларига 400,0 миллион сўм жами 992,0 миллион сўм маблағ ажратилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 августдаги “Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнларида фуқароларининг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3917-сонли қарорига асосан, қўшимча манбааларнинг 10 фоизи, ёки 197,3 миллион сўм маблағ жамоатчилик фикри ва таклифларига асосан йўналтирилди. 2020 йилда Шаҳрисабз туман маҳаллий бюджетида жами 1,9 миллиард сўм миқдорида эркин қолдиқ маблағлари шакллантирилган бўлиб, ушбу маблағлар тўлиқ Шаҳрисабз туман маҳаллий бюджетида қолдирилди.
Туман Кенгаши раиси Исроил Аманов халқ депутатлари Шаҳрисабз туман Кенгашининг доимий комиссияларига туман маҳаллий бюджетининг ижроси ошириб бажарилган маҳаллий бюджет маблағларидан тўғри ва ўринли фойдаланилаётганлигини доимий равишда чуқур таҳлил қилиб боришни ҳар чоракда туман молия бўлимининг бу борадаги фаолиятини туман Кенгаши сессиясида муҳокама қилишни тавсия этди. Бу борадаги маълумотларни интернет ва босма нашрлари орқали кенг оммага етказиб борилиши лозимлиги ҳам таъкидлаб ўтилди.
Сессияда кун тартибидаги масалалар юзасидан сектор раҳбарлари, туман ҳокими, Шаҳрисабз тумани Кенгаши раиси Исроил Аманов, туман прокурори Хамза Бабаджанов, туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Шавкат Қурбоновлар сўзга чиқишиб, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Парламентга қилган Мурожаатномасида белгилаб берган вазифаларни амалга оширишда туман кенгаши депутатлари туман фаоллари олдида турган долзарб масалалар хусусида атрофлича фикр билдирдилар.
Сессияда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Шу билан VI чақириқ халқ депутатлари Шаҳрисабз туман Кенгашининг иккинчи сессияси ўз ишини якунлади.
Сарварбек Примов
Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари