
НАТИЖАЛАР САРҲИСОБ ҚИЛИНДИ, УСТУВОР ВАЗИФАЛАР БЕЛГИЛАНДИ
Жорий йилнинг 26 февраль куни Шаҳрисабз тумани ҳокимлигининг кичик мажлислар залида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Шаҳрисабз туман ва Шаҳрисабз шаҳар кенгашларининг I пленуми бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан сайланган маҳаллий Кенгашлар депутатлари, партия фаоллари, бир қатор жамоат ташкилотлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Дастлаб пленумда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Парламентга йўллаган Мурожаатномасидан келиб чиқадиган вазифалар ва бу борада партия фаоллари олдига қўйилаётган талаблар, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Шаҳрисабз туман, Шаҳрисабз шахар кенгашларининг 2020 йилдаги фаолиятининг асосий йўналишлари тўғрисида Шаҳрисабз туман кенгаши раиси Абдусалом Химматов ва Шаҳрисабз шаҳар кенгаши раиси Насиба Жамоловалар маъруза қилдилар.
Пленумда асосий эътибор Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг 2020-2024 йилларга мўлжалланган дастури ижросини таъминлашда партия фаоллари ва бошланғич партия ташкилотларининг олдида турган вазифаларига қаратилди.
Пленум ишида Шаҳрисабз тумани ҳокими Исроил Аманов иштирок этди ва сўзга чиқди.
— Юртбошимизнинг «Янги Ўзбекистонни барпо этиш» борасида илгари сураётган ғоялари замирида, энг аввало, ҳалқимизга фаровон турмуш тарзини яратиб бериш, уларнинг мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги фаоллигини оширишдек, улуғ мақсад ётибди, — дейди Исроил Аманов. – Шу билан бирга Ўзбекистонни ҳамма соҳаларда дунёдаги ривожланган давлатлар қаторига кўтариш ҳам энг муҳим вазифалардан бири сифатида қўйилмоқда. Айниқса, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, манфаатларини қонунлар билан ҳимоялаш, эркин демократик фуқаролик жамиятини ривожлантириш, иқтисодиётни либераллаштириш ва эркинлаштириш «Янги Ўзбекистонни қуриш» бўйича ишлаб чиқилган дастурларнинг асосий мазмунини ташкил этади. Бу взифаларни бажаришда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси аъзолари ҳам фаоллик кўрсатишлари керак. Айниқса, фуқароларимизнинг ҳуқуқий саводхонлигини ўстириш, миллий-маънавий қадриятларимизни бугун камолотга етаётган ёшлар онггига чуқурроқ сингдириш, аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш орқали уларнинг моддий таъминотини мустаҳкамлаш масалаларида партия фаоллари маҳаллаларда самарали иш олиб бориши лозим бўлади.
Пленумда кўрилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Сарварбек Примов
Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари