
ОБОДЛИК КЎНГИЛДАН БОШЛАНАДИ
Баҳорнинг илк куни. Туманимизнинг барча маҳалла фуқаролар йиғинида хайрли ишлар билан бошланди. Фуқаролар якшанба куни ўз маҳаллаларини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларига муносиб ҳиссаларини қўшдилар.
Шу куни маҳалла гузарлари, ариқ ва зовурлар, яъни суғориш тизими чиқиндилардан тозаланди. Шунингдек, маҳалла гузарлари йўл атрофларига мевали, манзарали кўчатлар ўтқазилди.
— Ҳашарда 10 минг нафардан зиёд фуқаролар иштирок этишди ва 100 дан ортиқ транспорт воситалари жалб қилинди, — дейди туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Бекзод Назаров. – Аҳолининг кучи билан 25 километрлик ариқ ва зовурлар тозаланди, 185 тонна маиший чиқиндилар ташиб чиқилди ҳамда минг тупдан зиёд манзарали, минг тупдан зиёд мевали ва хонадонлар олдига турли хилдаги гул кўчатлари ўтқазилди. Ушбу тадбирга тумандаги Амир Темур, Боғишамол, Полмон, Қиёмшайх, Қўшқанот, Шаматон, Ширамон, Темирчи маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолиси фаол иштирок этишди.
— Қиш салтанати тугагач кўнгилга ободлик ярашади, — дейди Боғишамол маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ғуломқодир Бекмирзаев, — Ўзинг яшаётган манзил қанча тоза-озода ва обод бўлса, албатта, бундан ўзимиз баҳраманд оламиз. Шунинг учун аҳоли ўртасида бу борада кенг тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб бордик. Натижада, шанбалик байрамга айланиб кетди, десам муболаға қилмайман. Шу куни ҳомийлар кўмагида маҳаллада дошқозонда ош дамланиб, ҳашарчиларга тушлик тортиқ этилди. Фермер хўжаликларимиз чиқиндиларни ташиш учун техника ажратишди ва турли хил кўчатлар билан таъминлашди.
— Бугун дунёда турли хил эпидемиологик ҳолатлар инсонларни жиддий ташвишга солиб қўймоқда, — дейди Шаҳрисабз тумани ҳокими Исроил Аманов. – Бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш, эпидемиологик ҳолатларни яхшилаш учун атроф муҳит тозалигига алоҳида эътибор қаратиш зарур бўлади. Чунки, маҳалла гўзарларида, ариқ ва зовурларда қиш бўйи тўпланиб қолган чиқиндилар бактериялар учоғи саналади. Баҳор ойида қилинадиган бу хайрли ишлар инсонлар саломатлигини мустаҳкамлашга муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Шунинг учун, ҳеч бир фуқаро маҳалласи ободлиги учун ўтказиладган умумхалқ ҳашарларида ўзини олиб қочмаслиги керак.
Азиз фуқаролар, халқимиз учун энг муқаддас бўлган қадимий байрамимиз “Наврўз” сайлига ҳам ҳеч қанча вақт қолмади. Бу байрамга пухта тайёргарлик кўриш бараварида ҳашарлар уюштириб, яшаш манзилларимизни янада обод қилайлик, табиатни яшилликка буркайлик. Шунда байрам шукуҳи йил бўйи қалбимизни тарк этмайди.
Сарварбек Примов
Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари