БЕГОЙИМ ОЛИМЖОНОВАНИНГ ЮТУҒИ ЭЪТИРОФ ЭТИЛДИ

БЕГОЙИМ ОЛИМЖОНОВАНИНГ ЮТУҒИ ЭЪТИРОФ ЭТИЛДИ

Бугун республикамиз ёшларининг илм-фан, таълим, маданият, санъат, адабиёт ва спорт соҳасидаги қўлга киритаётган ютуқлари жаҳон ҳамжамиятининг эътирофига сазовор бўлмоқда. Бунинг замирида эса шахсан юртбошимизнинг қобилиятли ёшларимизнинг иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқариш борасида кўрсатаётган алоҳида ғамхўрлиги ётибди, десак муболаға бўлмайди.

Жорий йилнинг 4 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига асосан республикамизда Зулфия номидаги Давлат мукофоти танловининг республика босқичи ғолиблари аниқланди. Мана шу ёшлар орасида туманимиздаги 42-умумий ўрта таълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Бегойим Олимжонованинг борлиги барчамизнинг қалбимизга алоҳида фахр, ифтихор туйғуларини уйғотди. У тасвирий санъат йўналиши бўйича республика танловида ғолиб деб топилиб, Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлди.

Жорий йилнинг 11 март куни Шаҳрисабз тумани ҳокими Исроил Аманов тумандаги 17-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабига ташриф буюриб, ёшлар билан учрашди.

Тадбирда Зулфия номидаги Давлат мукофотининг совриндори Бегойим Олимжонова ҳам иштирок этди.

— Бу қизимизнинг қўлга киритган ютуғи барча шаҳрисабзлик ёшларга ибрат бўларли даражададир, — дейди Исроил Аманов. — Айнан Шаҳрисабзнинг сўлим табиати, пирвиқор тоғлари, ям-яшил қирлари Бегойимнинг қалбида тасвирий санъатга меҳр уйғотган. Бунинг учун мен унинг устозларига, шу даражада тарбия қилган ота-оналарига чуқур миннатдорчилигимни билдираман.

Туман ҳокими Исроил Аманов Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Бегойим Олимжоновага туман ҳокимлигининг «Ташаккурномаси» ҳамда қимматбаҳо совғасини тантанали равишда топширди.

— Мен пойтахтимизда «8 март- Халқаро хотин-қизлар куни” муносабати билан ташкил этилган катта анжуманда шахсан муҳтармам юртбошимизнинг қўлидан Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлганлигим тўғрисидаги диплом ҳамда кўрак нишонини қабул қилганлигим ҳаётимда унутилмас воқеа бўлди, — дейди Бегойим Олимжонова. — Бу юксак мукофот мени тасвирий санъат соҳасида янада катта изланишларга ундайди.

Тадбирда тумандаги барча сектор раҳбарлари, Бегойим Олимжонованинг устозлари ҳамда дўстлари уни бу юксак мукофот билан қизғин муборакбод этишди. Тадбир сўнггида туман ҳокими Бегойим Олимжоновага Ўзбекистон “Миллик тикланиш” демократик партиясининг аъзолик гувоҳномасини топширди.

Сарварбек Примов

Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари