ШАҲРИСАБЗ ТУМАНИ БОЗОРИДА АРЗОНЛАШТИРИЛГАН КАРТОШКА ҲАМ СОТИЛМОҚДА

ШАҲРИСАБЗ ТУМАНИ БОЗОРИДА АРЗОНЛАШТИРИЛГАН КАРТОШКА ҲАМ СОТИЛМОҚДА

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 4 апрель куни Шаҳрисабз тумани “Янги Чоршанбе қўрғони” деҳқон бозори ҳудудида 40 минг сўм қийматида гўшт ярмаркасини ташкил этилганини маълум қилган эдик. Шунингдек ушбу хабарномада бозор ҳудудида килоси 15 минг сўм бўлган балиқ ва донаси 600 сўм бўлган тухум маҳсулотлари ҳам ярмаркадан жой олгани келтириб ўтилган эди.

Куни кеча туманимизнинг ушбу деҳқон бозорида ярмарка қаторидан турига кўра 3000 сўмдан 4800 сўмгача нархда картошка маҳсулоти ҳам сотила бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Шаҳрисабз туман бўлими бошлиғи ЭлбекАхмедов хабар берди. Албатта, ушбу қилинаётган ишлар аҳолининг озиқ-овқатга бўлган талабини қондириш, шунингдек, бозорларда истеъмол маҳсулотлари қиймати сунъий равишда ошиб кетмаслигинг олдини олишга қаратилган.

Лекин, шунга қарамай, бозор ҳудудларида, аҳоли ўртасида кишини ваҳимага уйғотувчи турли ёлғон хабарлар ҳам учраб турибди.

Бу борада фуқароларимизга аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш 66 млн 900 минг сўмдан 89 млн 200 минг сўмгача миқдорда жарима ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазо белгиланганлигини яна бир бор маълум қиламиз.

Азиз фуқаролар!

Мамлакатимизда эълон қилинган карантин даврида бир-биримизни қўллаб, яқинларимизнинг соғлиғига бефарқ бўлмаган ҳолда карантин талаб-қоидаларига бирдек амал қилишингизни сўраб қоламан. “Бизнинг ҳудудимизда касаллик чиқмади, деган фикрни юритиш керак эмас. Касалликка чалинганлар республикамизнинг барча ҳудудларидан аниқланган. Бундан кўриниб турибдики, ҳар бир ҳудудга касаллик кириб келиши эҳтимоли йўқ эмас” – дея Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков маълум қилди. Ўзингизни ва яқинларингизни тақдирига бефарқ бўлманг, зарурат бўлмаган тақдирда кўчага чиқманг.

Уйда қолинг!

Сарварбек Примов

Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ахборот хизмати